Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:38

Ўзбекистонда Green Card фирибгарлари яна фаоллашгани кузатилмоқда


Самарқанд шаҳрида Green Card иштирокчиларига хизмат таклиф қилаётган ўнлаб ширкатлар фаолият олиб боради
Самарқанд шаҳрида Green Card иштирокчиларига хизмат таклиф қилаётган ўнлаб ширкатлар фаолият олиб боради

АҚШ Давлат департаменти 2022 йил учун Green Card лотереясидан рўйхатдан ўтиш бошланганини эълон қилар экан, Ўзбекистонда ариза тўлдиришда воситачилик таклиф этувчилар кўпайган.

Green Card лотереяси учун аризаларни топшириш 7 октябрь куни бошланган ва 2020 йил 10 ноябргача давом этади.

АҚШ Давлат Департаменти ариза топшириш бепул экани, пул мукофоти эвазига ютуқ кафолатлаётган шахсларга алданиб қолишдан огоҳлантириб келади.

Озодлик суҳбатдошлари пойтахт ҳамда вилоятларда шу кунларда кўча-кўйда юриб, маълум ҳақ эвазига Green Card лотереясига ариза тўлдиришни таклиф этувчилар кўпайганини айтишмоқда.

Баъзилар ижтимоий тармоқларда ўтириб, лотерея дастурида иштирок этувчиларни изламоқда.

Самарқанд шаҳрида ўнлаб ширкатлар сайёҳлик агентлиги ниқоби остида Green Card иштирокчиларига хизмат таклиф этмоқда.

Ўзбекистонда Green Card учун ариза топширишда воситачилик қилишни таклиф этаётган ширкатлар кўпайган.
Ўзбекистонда Green Card учун ариза топширишда воситачилик қилишни таклиф этаётган ширкатлар кўпайган.

Озодлик шу ширкатлардан бирига қўнғироқ қилди:

"Паспорт ва болаларни метркаси билан келасиз. Оила учун 80 минг сўм. Ютуқ чиқса ,ошғингиз олчи", - дейди ширкат ходими.

Green Card лотереясига ҳужжатларни топширишда ўз кўмагини таклиф қилувчи баъзи воситачилар анкетани тўлдириб бериш учун пул олмайди.

Лекин ютуқ чиққан тақдирда ютуқ коди учун бир неча минг доллар таклиф қилиши мумкин.

Green Card бўйича турли схемалардан хабардор самарқандликлардан бири бу қандай ишлашини Озодликка тушунтирди:

"Ўнлаб одамни шахсий маълумотини тўплаб топшириворади, биттасидан ютуқ чиқиши мумкин. Ютуқ чиқса 5-10 минг долларга сотади. Код унда бўлади. АҚШ элчихонасига бориб, кодни ўзим сўраб оламан, дейиши мумкин, лекин фойдаси йўқ, чунки воситачилар ўртага тушганини билса, элчихона лотерея ютуғини бекор қилиб юбориши мумкин".

Озодлик Однокласники тармоғида Green Card лотереясига ҳужжат топширишда бепул кўмак ваъда қилинган эълон бўйича қўнғироқ қилди.

Телефон гўшагини кўтарган одам журналист саволини эшитиши билан телефонни ўчириб қўйди.

Фирибгарлардан эхтиёт бўлинг!

АҚШ Давлат Департаменти расмийлари Green Card лотереясида қатнашиш учун ариза топшириш текин 'экани, ҳатто инглиз тилини яхши билмайдиганлар ҳам адвокат ёрдамисиз бу ишни уддалай олишини айтишади.

Департаментнинг Озодлик суҳбатлашган Консуллик ишлари бўйича бюроси расмийси Green Card лотереясига ариза тўлдиришда воситачилик таклиф этаётганлардан эҳтиёт бўлишга, фирибгарлар домига тушиб қолмаслик учун аризани ҳар кимнинг ўзи тўлдириши мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди.

"Шубҳали электрон мактублардан эҳтиёт бўлиш керак, биз бу ҳақда мунтазам огоҳлантирамиз. Бу дастурда қатнашиш жуда оддий ва шу боис¸ ўзига Green Card ўйнаш учун хизмат¸ хусусан¸ пуллик хизмат таклиф қилувчиларнинг бу дастурга мутлақ алоқаси йўқлигидан яхши огоҳ бўлмоқ лозим"¸ - деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда АҚШ Давлат департаменти Консуллик ишлари бўйича бюроси расмийси.

Green Card учун аризани тўлдиришда расман ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.

Фақатгина лотереяда ғолиб чиққанлар АҚШ элчихонасига суҳбатга борганда, консуллик кассасига 330 доллар тўлашади. Грин кард лотереяси иштирокчисидан бошқаларнинг ҳақ талаб қилиши фирибгарлик саналади.

Ғолиблар тасодифий равишда танлаб олинади. Аризаларни топшириш 7 октябрь куни бошланган ва 2020 йил 10 ноябргача давом этади.

АҚШ Давлат Департаменти огоҳлантирувига қарамай, воситачиларга мўмай пул тўлаб, алданиб қолаётганлар оз эмас.

"Уч йиллик ўйин учун 60 минг сўм тўладим"

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан бўлган Саъдулла ака ўтган йили "АШУР ДАНГАЛ" деб аталувчи ширкатга 60 минг сўм тўлаб, алданганини эслайди:

"Самарқанд шаҳрида ООО"АШУР ДАНГАЛ" фирмаси бор. Green Card лотереясига уч йиллик ўйин учун 60 минг сўм дейишган. Бир йиллиги 50 минг бўлади, дейишганда ўтган йил уч йилликка шу 60 минг сўмни тўлагандим. Кейин билсам машенник экан булар. Бир иккита жойга мурожат қилсам уларнинг устидан хеч ким назорат қилмас экан. Булар текин нарсани пулга сотиб халқни алдашяпти. Бу етмагандай уч йиллик, деб алдагани нимаси бўлди. Уларнинг мақсади агар мен Green Card ютсам шу ютуқни менга 10 минг долларга пуллаш экан", дейди Саъдулла ака.

Ўзбекистонда фирибгарлар ёрдамида Green Сard лотереясини ютиб олиб, АҚШга йўл олаётганлар кўп.

Озодлик бу борада суриштирув ўтказган эди.

Diversity Visa дастури иммиграция даражаси паст бўлган мамлакатлар чет эл фуқароларига АҚШда доимий яшаш ва ишлаш имкониятини беради.

Аризаларни топшириш 7 октябрь куни бошланган ва 2020 йил 10 ноябргача давом этади.

Green Card ўйновчилар рўйхатида Ўзбекистон етакчилардан

Грин-карта ўйнаш ҳуқуқи мавжуд 201 давлат ичида Ўзбекистон Судан, Жазоир ва Украина қаторида энг кўп ҳужжат топширган давлатлардандир.

Дунё бўйича ҳар йили деярли 10 миллион киши бу дастурда иштирок этади.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, ўтган йили Ўзбекистондан 5319 киши лотереяда ўйнаш учун ариза топширган.

2018 йили бу рақам қарийб тўрт баравар кўп бўлган, 2 миллион 114 минг Ўзбекистон фуқароси Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи грин-карта лотереяси ўйинида қатнашган.

1990 йилда асос солинган Green Card дастури доирасида ҳар йил 50 мингга яқин иммигрант Америка Қўшма Штатларида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритади.

XS
SM
MD
LG