Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:16

Ўзбекистон масжидларида азон овози  пасайтирилмоқда, Арипов давлат хизматчиларини "огоҳлантирди"


Президент Шавкат Мирзиёев, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" хиёбонидаги маросимда. 31 август, 2023 .
Президент Шавкат Мирзиёев, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" хиёбонидаги маросимда. 31 август, 2023 .

Шу йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биносида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида махсус мажлис ўтказилиб, мамлакатда диний радикаллашув масаласи муҳокама қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Давлат хавфсилик хизмати (ДХХ) раиси Абдусалом Азизов иштирок этган мажлисда мамлакатда "диний радикаллашув кучайиб бораётганидан" ташвиш билдирилган.

Мажлисда иштирок этган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, шаръий никоҳ асосидаги кўпхотинлилик ва диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олинган.

Озодлик манбаси Бош вазир Ариповнинг “Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин” деган сўзларини келтирди.

Бош вазирга кўра, эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бу соҳадаги назорат кучайтирилади.

Бош вазир матбуот хизмати ва давлат матбуоти ушбу йиғилиш ҳақида бирон расмий ахборот бергани йўқ.

Масжидларда азон овози пасайтирилди

Ўзбекистоннинг бир неча масжидларидаги овоз кучайтиргичларда азон овозлари пасайтирилган. Тошкент шаҳридаги "Дўмбиробод" масжиди собиқ имоми Шермурод Тоғай 11 сентябрь куни ўзининг Фейсбук саҳифасида эндиликда азон овозлари ўчирилиши ҳам мумкинлигини ёзди. Бу ўринда азон айтишда овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш назарда тутилмоқда.

“Энди азонни овозини ўчирмоқчимиз. Бизнинг овозимиз ўчади. Азонни овози ўчмайди. Уни овозини ўчираман деганларнинг овози ўчди ва ўчади", деб ёзди дин уламоси.

Ижтимоий тармоқнинг асакалик фаоли, (Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси Нуриддин Холиқназаровнинг яқин қариндоши) Ҳидоятуллоҳ Мирсаид Шермурод Тоғай пости остида қолдирган изоҳида Андижон вилоятидаги масжидларда азон саслари "аллақачон пасайтирилгани"ни ёзди.

Озодлик суҳбатлашган Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган “Бодомзор” масжиди яқинида истиқомат қилувчи фаоллар азон овозларининг сезиларли даражада пасайтирилганини айтишмоқда.

Озодлик ихтиёрида азон овозлари айнан қанчалик пасайтирилгани, овоз кўрсаткичларидан фойдаланиш техник жиҳатдан қандай тартибга солинаётгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Озодлик мухбири боғланган Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси вакили Озодликнинг бу ҳақдаги сўровига "бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди", дея жавоб қайтарди.

Диний идора ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳозирча масжидларда азон овози пасайтирилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан бирон изоҳ бергани йўқ.

Ўтган жума Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбари, муфтий Нуриддин Холиқназаров ислом динида қандай либос кийишга оид қатъий қоида йўқлигини айтган. Муфтий Олий Мажлис қабул қилган жамоат жойларида юриш-туришга оид Кодексга тузатишларга шу тариқа муносабат билдирган.

"Ислом динида маълум бир форма қабул қилинмаган. Бу битта миллатнинг дини эмас. Битта иқлимга келган дин эмас...Тақво кийим билан ўлчанмайди. Араблар ўзига хос кийимни кияди, турклар ўзига хос, Индонезия, Малайзиядаги мусулмонлар ўзига хос, урфига, одатига хос. Ўзбеклар ўзига хос кияди. Ислом кийимда ҳам меъёрни ўргатади. Қоп-қора бўлиб, арабча бўволма. Беркитишга буюрилмаган жойларни беркитволма. "Сатри аврат" деймиз, беркитиш керак бўлган жойларни беркитмасдан тақвода туриш", деб айтган Ўзбекистон мусулмонлари раҳбари ўзининг жума маърузасида.

Президент Шавкат Мирзиёев қатор чиқишларида масжидларда овоз кучайтиргичларга рухсат берилгани, азон овозлари баралла янграётганини ўзининг президентлик даврида қўлга киритилган энг асосий эркинликлардан бири дея урғулаган. Сўнгги бор у бу ҳақда охирги президент сайловолди тарғибот кампанияси чоғида гапирганди.

Шавкат Мирзиëев азон ҳақида
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:58 0:00

Соқолга қарши рейдлар, исломий дўконларнинг назоратга олиниши

Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Тошкентдаги диний адабиётлар ва бошқа маҳсулотлар билан савдо қиладиган қатор дўконларга рейдлар уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Алихонтўра Шокиржон ўғли исмли Фейсбук фойдаланувчиси, шу кунларда Сергелидаги "антисоқол" рейди ўтказилгани, соқолли 10 киши ушланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилингани" ҳақида ёзди.

Шунингдек, Озодлик манбаларининг билдиришича, Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасидаги диний адабиётлар, атторлик ашёлари ва диний либослар сотувчи бир қанча дўконлар назоратга олинган. Дўконларнинг номларидан исломий ибораларни олиб ташлаш, дўкон пешлавҳаларидан араб имлосидаги таблоларни олиб қўйиш тавсия қилинмоқда.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси профилактика нозирлари ўз ҳудудларидаги диний муассасалар, илмий даргоҳ эгаларига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид нормалардаги ўзгартиришлар борасида тушунтириш ва огоҳлантириш ишларини олиб бораётганини айтди.

Расмийлар ҳозирча ушбу тадбирлар ва рейдлар юзасидан бирон изоҳ бергани йўқ.

Стив Свердлов: “Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:42 0:00

Ўзбекистон эски “қора рўйхат”ларга қайтадими?

2019 йилда АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси хулосасига кўра, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.

2018 йилда ҳудди шу ташкилот Ўзбекистон диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришганиин қайд этиб, мазкур рейтингдан чиқарган ва уни “алоҳида назоратга муҳтож давлатлар” рўйхатига киритган эди.

Ҳуқуқ фаоллари шундан сўнг БМТ махсус маърузачиси ва АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси билан Ўзбекистон расмийлари ўртасида ўзаро мулоқот деярли узилиб қолганини айтишади.

Ўтган йилларда Ўзбекистонга келмоқчи бўлган БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга уч марта ташрифи белгиланиб, сўнг бекор қилинган.

Ўзбекистон расмийлари мамлакат диний эркинликлар соҳасида илгарилаб бораётганини даъво қилишади. Расмийлар БМТ Махсус маърузачи тавсияси билан қийноқлар билан ном чиқарган "Жаслиқ" қамоқхонаси ёпилгани, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун сўнгги халқаро талаблар даражасида ислоҳ қилинганини таъкидлайдилар.

Адлия вазирлиги диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ва ҳисобот талаблари соддалаштирилганини айтган.

Жумладан, рўйхатдан ўтиш учун тўловлар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 20 тагача, яъни 18,4 миллиондан 3,6 миллион сўмгача камайтирилган.

Фаолият юзасидан ҳисобот даврийлиги йилига 4 дан 1 мартагача туширилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилдаги чиқишларидан бирида қарийб 18 минг нафар шахс “қора рўйхат”лардан чиқарилганини айтган эди.

Шунга қарамай, халқаро ташкилотларнинг сўнгги мониторинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон диний эркинликлар учун хавфли мамлакатлар сирасига киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотига кўра, 2021 йилнинг 1 август ҳолатига мамлакатда 16 та конфессияга мансуб 2 285 та диний ташкилотлар мавжуд.

Шуларнинг 2098 таси исломий, 188 таси бошқа диний оқимларга мансуб ташкилотлардир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилган. Диний ташкилотлар ва конфессиялар фаолияти Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Форум

XS
SM
MD
LG