Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:52

Тунги навбатлар. Ўзбекистонда метан газ яна тақчиллашди


Қиш мавсуми бошланиши билан Ўзбекистонда аҳолига бериладиган электр энергияси ва газ билан бир қаторда метан газ тақчиллиги ҳам кузатилмоқда.

Озодлик боғланган мутассадилар, ўтган йиллардаги каби юзага келган вазиятни аҳоли томонидан газ истеъмолининг кўпайиши ва қувурларда босим пасайиши билан изоҳламоқда.

Бироқ экспертлар заправкалардаги турнақатор навбатларнинг пайдо бўлиши қишда табиий газга экспорт нархининг ошиши билан ҳам тушунтиришади.

Озодликка келаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан ҳаво совиши билан Ўзбекистоннинг турли минтақаларидаги метан газ қуйиш шохобчаларида яна тақчиллик юзага келаётгани англашилади.

Фарғона вилоятининг Яйпан туманидан Озодликка мурожаат қилган Жаҳонгир исмли ҳайдовчи вазиятни бундай тасвирлайди:

- Янги йилдан олдин, айниқса вазият жуда ёмон эди. Тунги соат 3 да омадим чопиб, навбатга турволсам, эрталабки 8да машинани тўлдириб чиқиб кетаман. Ҳар куни 5-6 соат умрим ўтади метан заправкаси олдида. Нархни декабрь бошида 2800га кўтариб олишди - ҳалигача шу нарх турибди. Машиналар қаторлашиб кетади. Янги йил ўтди – ҳалигача вазият ўзгаргани йўқ бизда, - дейди Жаҳонгир.

Жаҳонгир АГТСК (автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси-таҳр.) шохобчаларидаги вазият, айниқса совуқ тушиши билан ёмонлашишини қўшимча қилди. У газ нархининг оширилиши йўл ҳақининг кўтарилишига, бу эса сўзсиз кундалик истеъмол товарларнинг ҳам нархи ошишига олиб келаётганини айтади.

Тошкент вилояти Оҳангарон йўлидаги метан заправкаларда навбат кундан-кун кўпаймоқда. Бензинда юрайлик десак, АИ-80 камайиб қолди. Бори ҳам қимматга сотиляпти. Ҳолатга Энергетика вазирлиги эътибор қаратишини сўраймиз”, деб ёзади яна бир мурожаатчи Озодликка.

Маълум бўлишича, айрим минтақаларда янги йилнинг илк кунларида метан газ таъминоти масаласи яхшиланган.

Аммо ҳайдовчилар вазият совуқ тушиши ортидан кескин ўзгариб кетиши мумкинлигидан хавотирда.

Сирдарё вилояти яшовчиларидан бири ҳаво илиши ортидан вазият бироз юмшаганини айтади.

- Кунлар исиганига навбатлар бироз камайган. Совуқ кунларда битта машинани 5 минутча тўлдирасиз: ёз кунлари 1 – 1,5 минутда тўлади. Шу сабабли ҳам навбатлар кўпайиб кетаётган бўлиши мумкин. Лекин “Шундай турнақатор навбатлар заправка эгаларига фойда-да”, деб ўйлаб қоласан баъзан. 5-6 кун пробка бўлса, дарров нарх ошиб кетади. Айниқса, қор тушса муаммолар кўпаяди. Эртага совуқ тушса, яна шу аҳвол бўлишини эсласам юрагим орқага тортиб кетади, - дейди исмини очиқламасликни сўраган сирдарёлик ҳайдовчи.

Суҳбатдош Сирдарё вилояти шохобчаларида метан газнинг 1 куб метри 2500-2600 сўмдан сотилаётганини билдирди.

Метан газ заправкалари олдида машиналарнинг узундан-узун навбатлари акс этган видео ва фотосуратлар Интернет тармоқларида ҳам қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда аҳолини метан гази билан таъминловчи барча компрессор станциялар президентнинг 2021 йил декабридаги фармонига мувофиқ метан газини “Ҳудудгазтаъминот” бўлинмаларидан сотиб олади.

Президентнинг 2019 йил июлидаги қарорига кўра, “Ўзтрансгаз” акционерлик жамияти “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқарилиб, “Ўзбекнефтгаз”нинг “Ўзтрансгаз” устав капиталидаги улушини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш тасдиқланган эди.

“Ўзтрансгаз”нинг газ таъминоти бўйича ҳудудий филиаллари негизида “Ҳудудгазтаъминот” акционерлик жамияти ташкил қилиниб, Агентлик унинг акциядори этиб белгиланган. Расмийлар ушбу тузилмавий ўзгаришлардан мақсад аҳолини, жумладан метан газ билан таъминлашни яхшилаш эканини айтишган.

Соҳа мутахассислари Ўзбекистонда газ қувурларидаги босимнинг пастлиги энергетика инфратузилмасини капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш заруратидан далолат бериши тўғрисида анча йилдан буён гапириб келади.

Расмийлар газ қуйиш шохобчаларидаги навбатларни қиш мавсумида аҳоли томонидан газ истеъмолининг кўпайиши билан изоҳлаб келади. Мутасаддиларга кўра, ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида газ қувурларида босимнинг пасайиши автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари иш вақтини чеклашга мажбур қилади.

"Газни қишда хорижга сотиш афзалроқ"

Озодлик суҳбатлашган энергетика соҳаси мутахассисларидан бири ҳар йили қиш мавсумида газ қуйиш шохобчаларида юзага келаётган муаммоларни тизимдаги ўғирликлар билан боғлайди. Исмини ошкор этмасликни сўраган экспертга кўра, газнинг "қиш ва ёздаги табиий ҳолатининг ўзи корупцион схемаларга йўл очади".

- Ўзбекистонда мавжуд барча метан заправкаларида газ ўғирлик ҳолатлари мавжуд. Газ суюқликмас – уни назорат қилиш ҳам мураккаброқ туюлади, унинг қишда ва ёздаги табиий ҳолати катта коррупция схемаларига йўл очиб беради. Масалан, нефть маҳсулоти ҳисобланадиган пропан билан катта миқдорда ўғрилик қилиш қийинроқ.

Соддароқ қилиб айтганда, газ тарқатувчи шохобчалар, масалан, “Бухоро-Урал” деб аталувчи энг катта газ қувурига счётчик ўрнатиб, газ сотиб олади. Табиий газ ёпиқ жамиятларда ҳокимият тепасидагиларнинг асосий даромад манбаи ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳозиргача сотилаётган газ нархи очиқланмайди – давлат сиридек сақланади, - дейди Озодлик суҳбатлашган эксперт.

Унинг фикрича, бу йил Европада биринчи марта газнинг фьючерс нархи 1 куб метрига 2 минг доллардан ошди ва бу барча газ ишлаб чиқарувчи давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистондаги вазиятга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

- Европада газ нархларининг кўтарилиши, биринчи навбатда, “Газпром”нинг “Шимолий оқим-2” газ қувури билан боғлиқ сиёсатнинг натижаси. Аммо бу каби вазиятда Ўзбекистонда газнинг ҳақиқий эгалари аҳоли, жумладан, заправкаларга газ беришни кескин чеклашни буюради, шохобчалар иш вақтини қисқартиради, газнинг асосий қисмин эса эса экспортга йўналтирилади. Чунки Ўзбекистонда истеъмолчилар газ учун 30-40 доллар тўлайди, “Газпром" га эса 300-400 долларга сотилади, ўз навбатида руслар европаликларга газни 2 минг долларга пуллайди, - дея иддао қилади исмини очиқламасликни сўраган нефт-газ мутахассиси.

Метан етишмовчилиги айниқса иш мавсумида сезилади

Озодлик ўзбекистонлик экспертнинг ушбу иддаолари юзасидан тегишли расмий идоралар, жумладан АГТСКларни бошқарувчи Энергетика вазирлигига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Лондон ICE биржасидаги савдо маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 21 декабрь куни Европада табиий газнинг биржа нархлари ўзининг тарихий рекордини янгилаб, биринчи марта ҳар 1 минг куб метр учун 2000 доллардан ошган. Бу ўтган йил бошига нисбатан 10 баробар кўпдир.

Ўтган йилнинг 17 ноябридан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларида хизмат кўрсатиш жадвалига вақтинчалик чеклов ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди. "Ўзтрансгаз" АЖ матбуот хизмати тақдим этган шохобчаларнинг ҳудудлар кесимидаги иш жадвалига кўра, ҳар бир вилоятда турлича иш вақти белгангани ҳам эътиборга молик.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 53,8 миллиард куб метр газ қазиб олиш режалаштирган эди. Бу 2019 йилга нисбатан 6,7 миллиард куб метрга камдир.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда электр энергияси, газ, иссиқ ва ичимлик суви ҳамда канализация учун тарифларни оширишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG