Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:12

Ўзбекистон ва Қирғизистон учун яқин ҳамкорликдан “бошқа йўл йўқ”


Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров. Бишкек, 27 январь, 2023
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров. Бишкек, 27 январь, 2023

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара шартномасини имзолаш маросимидаги нутқида қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаровга мақтовлар ёғдирди, деб ёзмоқда Озодликнинг минтақа бўйича шарҳловчиси Крис Риклтон.

“Сизга шуни айтмоқчиманки, ўртамизда ҳеч қандай муаммоли масала йўқ. Мустақил Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг 31 йиллик тарихида бундай даражадаги муносабатлар биринчи марта кузатилмоқда”, деди Мирзиёев ўзининг 26-27 январь кунлари ўтган давлат ташрифи чоғида.

“Муҳтарам ҳамкасбим Садирга алоҳида миннатдорлик билдираман. Унинг сиёсий иродасисиз, бугунги натижага эришмаган бўлардик. Биз, аввалгидек, муаммони эрта‑индин ҳал қиламиз, деб юраверишимиз мумкин эди. Ўша эртага 30 йилга чўзилди, аммо муаммолар ҳал этилмади.”

Икки давлат ўртасидаги чегара тортишувига барҳам берувчи келишувдан ташқари, Қирғизистон ва Ўзбекистон яна 20 дан ортиқ шартнома имзолаган.

Қирғизистондаги автомобиль йиғиш заводи ва тўқимачилик фабрикаси бўйича келишувлар эътиборли. Мирзиёев “дўстлик чегараси” деб алқаган чегарадан ўтиш талаблари ҳам юмшатилган: икки давлат фуқароларига халқаро паспортлар эмас, фақат шахсий гувоҳномалар керак бўлади энди.

Мирзиёевнинг узоқ йиллик автократик салафи Ислом Каримов даврида кўпинча адоватли бўлган Қирғизистон‑Ўзбекистон муносабатлари 2016 йилдан кейин сезиларли даражада юмшай бошлаган.

Таҳлилчилар Россиянинг минтақадаги бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил сиёсати деб атаган таъсири сусайиб, чегара келишуви имзоланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун бошланғич нуқта бўлиши мумкин.

Озодлик радиоси Қирғиз хизматига берган интервьюсида Марказий Осиё бўйича кузатувчи Аркадий Дубнов “ҳар икки президентнинг бу келишувни тарихий аҳамиятга молик деган фикрига қўшилмаслик иложсиз”, дейди.

"Айниқса, узоқ йиллар давомида ўзгармасдек кўринган даъволар, қарама-қаршиликлар, амбициялар [ва] тушунмовчиликлардан кейин", дейди Дубнов.

Аммо таҳлилчи, шунингдек, келишув осон бўлмаганини, Қирғизистон ичидаги стратегик сув омборини Ўзбекистон назорати остига қўйиши айтилаётган чегара келишувига қарши чиққани учун 20 дан ортиқ сиёсатчи, фаол ва журналист қамоққа ташланганини ҳам таъкидлади.

“Қирғизистон бу норозиликларни зўравонлик билан бостирганидан афсусдаман... Умид қиламанки, яқин келажакда бу иш бўйича барча маҳбуслар озод қилинади, акс ҳолда бу янада кескинлашувга олиб келади”, дейди Дубнов.

Қирғизистоннинг сиёсий беқарорлик тарихини инобатга олсак, икки томонлама муносабатларнинг яхшиланиши чегараси бормикан?

“Бошқа йўл йўқ”

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида сўнгги икки йил ичида икки марта кенг кўламли тўқнашувлар юз бергани боис, бир вақтлар қирғиз-ўзбек чегарасида катта ҳарбий тўқнашув бўлишидан хавотир бўлганини, вақти-вақти билан бу ерда отишмалар ва ҳалокатли тўқнашувлар бўлганини унутиш осон.

2016 йилда, Каримов ўлимидан бир неча ой олдин Қирғизистон чегаранинг Ўзбекистон томонида қўшин ва ҳарбий техника тўпланаётганидан хавотир билдирган эди.

Ўша вақтда икки давлат бир йилдан бери талашиб келган баҳсли Унгар-Тоу тоғи Мирзиёев ва Жапаров имзолаган чегара келишувга кўра, энди Қирғизистон ҳудуди сифатида тан олинган.

Икки давлат армияси ҳамиша тўқнашувлардан қочган, бироқ Мирзиёевнинг Жапаровга айтган илиқ сўзларидан фарқли ўлароқ, Каримов ва Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев ўртасидаги муносабатлар совуқ эди.

2015 йилда Москвада МДҲнинг норасмий саммитида Атамбаев ўзбекистонлик ҳамкасбини Совет Иттифоқининг Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабасига бағишланган парадга Москвага бормагани учун танқид қилгандек бўлган.

Кремль анъанага кўра ўзининг яқин иттифоқчиларини 9 май куни бўлиб ўтадиган тадбирга таклиф қилади ва у ерда ҳарбий қудратини намойиш этади.

Каримов ўша вақтда Атамбаевнинг танқидига кечкин жавоб қайтариб, масхаромуз тарзда «дўстимиз Атамбаев» деганда қирғиз президенти "Бу менинг фикрим", дея унинг гапини бўлган.

"Жуда соз. Биз сизнинг фикрингизни анчадан бери биламиз", деб жавоб қайтарган эди Каримов.

Ўзаро муносабатларни яхшилаш йўлидаги яна бир тўсиқлардан бири Норин дарёсини бўғиб, Россиянинг кўмаги билан Қирғизистон қураётган ГЭС эди. Бу ГЭСнинг қурилиши Ўзбекистонга сув келишини камайтириб, қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қилиши мумкин эди.

Бироқ лойиҳа тўхтаб қолди, Россия иқтисодиёти 2014 йилда Москванинг Украинага биринчи бостириб кириши ортидан санкцияга тушгач, Қирғизистон Россия компанияси билан шартномани бекор қилган.

Жорий йил бошида уч давлат имзолаган келишувга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон Бишкекка Қамбарота-1 ГЭСини қуришда ёрдам бериш мажбуриятини олади. Бунинг эвазига Ўзбекистон Қирғизистоннинг трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришда иштирок этади ва ҳозирда инвестор топилмаётган станциядан фойда олади.

Тошкентлик таҳлилчи Анвар Назирнинг айтишича, Мирзиёев можародан кўра муроса йўлини афзал кўргани Қирғизистон билан ва Ўзбекистоннинг бошқа қўшнилари билан муносабатларни яхшилашда муҳим омил бўлади.

Аммо унинг такидлашича, бошқа ўзгаришлар, масалан, Ўзбекистоннинг зўрайиб бораётган энергия танқислиги ҳам икки давлатни яқинроқ ҳамкорлик қилишга мажбур қилган.

“Қишлоқ хўжалиги учун сув устувор масала, бироқ Ўзбекистон Қирғизистоннинг энергетик салоҳиятидан фойдаланиб, ўз энергия ресурсларини талаб даражасига етказишни истайди”, дейди Нозиров.

Таҳлилчининг қўшимча қилишича, Россиянинг Украинадаги чўзилган уруши унинг минтақадаги ҳамкорларини хавотирга солаётгани ва Москванинг йирик лойиҳаларга сармоя кирита олмай қолгани Марказий Осиё давлатларини узоқ муддатли ҳамкорликдан “бўлак йўл йўқ”лигига ишонтирмоқда.

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга "бериб юборди"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:36 0:00

“Марказий Осиё давлатлари учун Россия етакчилигидаги ташкилотларга интеграция сезиларли натижа бермади”, дейди Назир ва Қирғизистоннинг “ўзига хос сиёсий маданияти” чегара бўйича келишув аввалроқ имзоланишига тўсқинлик қилганини қўшимча қилади.

Бироқ таҳлилчига кўра Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон принципиал равишда келишиб олган кўп миллиард долларлик темир йўл қурилиши истиқболларига кўпроқ шубҳа билан қарарди, сабаби бунга коронавирус пандемияси бошланиши билан боғлиқ иқтисодий қийинчиликлар ва Хитойда мега-лойиҳаларга қизиқиш йўқлиги бўлган.

Таъқибдан кейин "ишончни мустаҳкамлаш"

Сиёсий плюрализм ва беқарорлик анъанага айланган Қирғизистон билан авторитар Ўзбекистон ўртасида ҳали ҳам катта фарқлар бор.

Бу фарқлар келажакдаги муносабатларга ҳам даҳл қилиши мумкин.

Жапаров Қирғизистоннинг Мирзиёев сўнгги олти йил давомида ҳамкорлик қилган учинчи президентидир.

Икки давлат мустақиллигининг биринчи чорак асрида Каримов ўлимигача ҳукмронлик қилди, Қирғизистоннинг ўша пайтда ҳокимиятга келган тўрт президентидан иккитаси норозилик намойишлари натижасида ҳокимиятдан ағдарилганди.

Қирғизистоннинг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Ўзбекистоннинг чегара келишувини ҳеч қандай тўсиқларсиз тасдиқлаганини (Мирзиёевнинг имзосидан сўнг Сенатнинг миқ этмай уни тасдиқлагани) Қирғизистондаги шов-шув, келишувга қарши бўлган депутатлар босим остида қолганига солиштирмоқда.

Бошқалар эса Ўзбекистоннинг чегара келишувини осон тасдиқлаганини мантиқан тўғри, чунки Ўзбекистон бу келишувдан фойда кўрмоқда, деган фикрда.

Муносабатлар ҳеч қачон яхши бўлмаган эса‑да, улар ҳали ҳам мўрт, дейди бишкеклик сиёсатшунос Эмил Жўраев. Унинг қўшимча қилишича, Жапаров маъмурияти чегара музокараларини етарлича шаффоф олиб бормагани жамоатчилик фикрига таъсир қилган.

“Кампиробод сув омборига нисбатан кўпчиликнинг ғазабини енгиш учун энди ишончни мустаҳкамлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар керак бўлади”, дейди Жўраев Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Келишувга қарши чиққан қирғизистонлик фаол Нурсултон Оқилбекнинг айтишича, чегара келишувининг тўлиқ оқибатлари маълум бўлмагунча, қирғиз-ўзбек муносабатларида янги даврни бошлаб бўлмайди.

“Мирзиёевнинг давлат ташрифидан умидлар катта эди. Лекин мен бирор тайинли натижани ажратиб кўрсата олмайман", дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG