Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:08

“Олимпиада ниқоби остида қаллоблик”. Хитой Шинжонда қишки спорт турларини ривожлантираётгани ростми?


Хитой давлат ОАВлари Шинжон вилоятини “қишки спорт турлари гуллаб-яшнаётган ўлка” сифатида таърифлаб, ерли мусулмон аҳоли геноцид қилинаётгани айтилаётган ушбу минтақада “ҳашаматли тоғ-чанғи базалари” қурилганидан баҳс этмоқда. Экспертлар бу гапларни “кўзбўямачилик” деб аташяпти.

Хитой медиасининг риторикаси

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги ёйинлаган видеода ўзини Чингиз деб танитган қозоқ бола чанғи пойгаси билан шуғулланишини айтади. Олтой округидаги Кўктўғай тоғ-чанғи оромгоҳида тасвирга олинган роликда кўплаб чанғичилар акс этган. Кадр ортидаги овоз эса минтақада “чанғи спорти ва сноуборд билан шуғулланиш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган”ини айтади.

“Синьхуа” агентлигининг бошқа видеосида уйғур миллатига мансуб шорт-трек мураббийи Шинжонда этник озчил халқлар фарзандлари билан машғулот олиб бораётгани тасвирланган.

“Умид қиламанки, Шинжонда кўпчилик шорт-трек билан шуғулланишни бошлаб, вилоятимизга ва мамлакатимизга шон-шуҳрат келтиражак”, дейди у.

СGTN телеканали ҳам ўз лавҳаларида Шинжон тоғ-чанғи оромгоҳларини кўрсатди. Хитой ОАВлари Олтой ўлкасини инсоният илк бор чанғи уча бошлаган макон ўлароқ таърифлаб, бунга минтақа тоғларига ўйиб қолдирилган кўҳна петроглифларни далил қилиб келтиришмоқда.

“Туб аҳоли ўзлигидан айирилган ўлкадаги томошагоҳ”

Хитой медиаси Шинжонни қишки спорт турлари маркази сифатида тақдим эта бошлаганига Франциянинг AFP ахборот агентлиги ҳам эътибор қаратди.

“Пекин ҳақсизликларга гирифтор бўлаётган Шинжонни қишки спорт турлари учун жаннат ўлка, дея мақтаб-мақтаб “бозорга чиқаряпти”. Давлат ОАВлари Шинжоннинг овлоқ қишлоқларида одамлар яхмалакда учаётгани, этник озчил халқлардан етиб чиқаётган ёш спортчилар ҳақида хабарлар тарқатмоқда. Уйғур блогери эса вилоятдаги “ажойиб” чанғи учиш маскани ҳақида видео суратга олди”, деб ёзади француз ахборот агентлиги.

AFPга кўра, Хитойнинг коммунист ҳукумати қишки спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур инфратузилмани барпо этишга 157 миллиард доллар маблағ сарфламоқчи. Бу пуллардан Шинжонга ҳам улуш тегади.

“Хитой қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган 2015 йилдан бери мамлакатда тоғ-чанғи курортлари сони тўрт баравар кўпайди. Шинжоннинг ўзида 82 та тоғ-чанғи курорти қурилди”, деб хабар беради AFP.

“Human Rights Watch” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Майя Ван AFPга берган изоҳида Шинжонда туризмни қўллаб-қувватлаш билан Хитой ҳукумати аҳолиси ўзлигидан ва эркин фикрлашдан маҳрум бўлган ушбу минтақани ўзига хос Диснейлендга айлантирмоқчи эканлигини айтади. “У ерда сайёҳларнинг дам олишини давлат ташкил қилади ва ўзи назоратда тутади”, дейди у.

“Хитой Шинжонда бўлаётган ҳақсизликларни хаспўшлашга уринмоқда”

Шинжондаги қозоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Нағиз Атажурт” ташкилоти раҳбари Бекзот Мақсутхонга кўра, расмий Пекин Шинжондаги мусулмонларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги маълумотларга раддия бериш учун Олимпия ўйинларидан фойдаланишга уринмоқда.

“Шинжонда болалар ва ёшлар ёппасига қишки спорт турлари билан шуғулланаётгани ёлғон. Чунки Шинжонда аксар болалар – ота-онаси тирик етимлар ёки чин етимлардир. Уларнинг ота-оналари тутқунликда сақланмоқда ёки Хитой ички вилоятларига мажбурий ишлашга жўнатилган. Куч билан ота-онасидан ажатилиб, етимхоналарга топширилган болалар ҳам бор. Хитой Олимпиада ниқоби остида дунёни алдашга ҳаракат қиляпти”, дейди у Озодлик қозоқ хизмати билан суҳбатда.

Шинжондаги қозоқларнинг муаммоларини кўтариб чиқувчи “Атажурт жастари” жамоат бирлашмаси раҳбари Қидирали Ўраз айтишича, “Хитой Пекиндаги Олимпия ўйинларидан ҳарчанд фойдаланмасин, Шинжонда қилинган ёвузликларни ҳеч ким рад эта олмайди”.

“Олтой тоғларида қиш ярим йил давом этади, қор кўп ёғади. Олтойнинг туб аҳолиси азалдан чанғи ва чаналардан фойдаланиб келади. Қадимдан чанғи ва чаналарда учади. Чунки қор жуда қалин бўлади. Хитой эса гўёки Олимпиада бўлаётган вақтда Шинжонда чанғичилар кўпайиб қолгандек таассурот уйғотмоқчи”, дейди у.

Хитойнинг Пекин Олимпиадасидаги терма жамоаси таркибида шинжонлик уч нафар этник қозоқ йигити ҳамда бир уйғур қиз бор. Олимпия ўйинлари машъаласини ёқиши учун Хитой ҳукумати шинжонлик этник уйғур қиз Дилнигор Илҳомжонни танлади. Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари машъалани ёқиш айнан уйғур спортчисига топширилганини “Хитойнинг ғаразли ҳаракати” деб аташди.

Бекзот Мақсутхонга кўра, Шинжонда шароит ва имкониятлар яхши, аммо Хитой вилоятда қишки спорт турларини ривожлантиришга рағбат билдирмаган.

“Шинжоннинг Олтой округида қиш беш-олти ойга чўзилади, бироқ Хитой ушбу минтақада қишки спорт турларини ривожлантирган эмас. Қишки Олимпиадада Шинжондан саноқли спортчи қатнашяпти. Хитой Олимпия ўйинлари чоғида Шинжонни ҳар қанча мақтамасин, ўлка аҳолиси спорт билан шуғулланаётганини кўрсатишга ҳарчанд уринмасин, бу Шинжон мусулмонларининг аҳволи яхшиланиб қолганини билдирмайди”, дейди у.

Хитой ҳукуматига қарашли “Global Times” инглиззабон нашри AFP агентлиги мақоласини “бемаънилик” деб атади ва Ғарб ОАВларида чиққан маълумотларга раддия берди.

“Шу тариқа Шинжон маҳаллий аҳолининг фаровонлиги ошишига, атроф-муҳит тозалиги сақланишига ва иқтисодий тараққиётга эришиши мумкин. Бунинг нимаси ёмон?!” деб ёзган хитой нашри.

Хитой ҳукумати ва давлат ОАВлари Ғарб нашрларида чиққан Шинжонга оид мақолаларни ҳамда халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларининг баёнотларини тан олмайди.

БМТ маълумотига кўра, Хитой Шинжон вилоятида бир миллион нафарга яқин уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмонларни сиёсий лагерларга қамаган. Халқаро тадқиқотчилар Хитой Шинжонда мусулмонларни мажбуран ишлатаётганини, уларда туғилишни назорат қилаётганини аниқлашди. Хитой эса Шинжондаги сиёсатини “терроризмга қарши кураш”, лагерларни эса “касб-ҳунарга ўратиш марказлари” деб атамоқда.

Хитой БМТ экспертлари ҳамда ҳуқуқбонларни Шинжон ҳудудига киритмайди. 6 февраль куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ХХР раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Учрашувдан сўнг эълон қилинган баёнотда БМТ бош котиби Хитой расмийлари халқаро ташкилот олий комиссарларининг Хитойга, жумладан Шинжонга боришига рухсат беришидан умидворлигини билдирган.

XS
SM
MD
LG