Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:03

"Зулфиячи"лардан орган ходимларининг фарзандларигача. Имтиёзга айланаётган олий таълим


Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёнида баъзи тоифа абитуриентларга берилган имтиёзлар бошқа абитуриентларнинг ўқишга кириш имконларини чеклаётгани эътирозларга сабаб бўляпти.

“Дадалари ҳарбий ишларда ишлагани учун грантга кириб кетди, лекин улардан ҳам яхши ўқиганлар контрактга илиниб қоляпти”, - дейди Озодлик билан суҳбатда қашқадарёлик абитуриент Комил.

Энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётганлардан бири “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига берилган имтиёзлардир.

“Имтиҳонлар ҳаммаси зўр бўлди, ҳамма ёқда камера. Лекин жавоблар чиққанидан кейин мени бир нарса ўйлантириб қўйди. Мен жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар йўналишига топширдим. Бунда энг юқори балл 204 балл бўляпти. Ўзи аслини олганда 100 фоиз ишлаган ўқувчи 189 балл олади. Менинг ўзимни баллим 172.4. Суриштирсам “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига 30 фоиз балл қўшиб беряпти экан. "Темурбеклар" кўп эмас, дейишингиз мумкин. Лекин, мен топширган факультетга ҳам рус ҳам ўзбек бўлимларига бюджетга жами ўнтагина ўрин ажратилган. Давлат грантларини "темурбеклар" олиб кетиши эътимоли жуда ҳам катта бўляпти”, - дейди тошкентлик абитуриент Сабина.

“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари Ўзбекистон президентининг 2019 йил июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида ташкил этилди.

Олий маълумотли бўлишни истаган мигрантлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:18 0:00

“Темурбеклар мактаби”да ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, ҳар бирига йиллик қабул квотаси 100 кишини ташкил этади.

Бу мактаб битирувчиларига ҳарбий йўналишдаги олий даргоҳлар учун тўплаган балининг 30 фоизи, бошқа оддий ОТМлар учун эса имтиҳонда тўпланган баллга 15 фоиз қўшимча балл қўшилади.

“Етимларга имтиёзлар бор ёки чекка ҳудудлардан келган талабаларга. Улар алоҳида квота бўйича қабул қилинади. Уларнинг бизга таъсири йўқ. Лекин, “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига 30 ёки 15 балл қўшиб берилиши сунъий равишда кириш баллари ўсишига сабаб бўлиб, бюджетга илинишимизни қийинлаштиряпти. Менинг дугонам "юридический"га топширди. У ерда "темурбекчилар" жуда кўп экан. Йиллар давомида олийгоҳга тайёрланиб, давлат грантига қабул қилиниш учун керак балини тўпласа ҳам, контрактга илиниб қоляпти. У ёқда имтиёзлар ҳисобига бошқа бир абитуриент қўшимча балл олиб, давлат грантини илиб кетяпти”, - дейди Сабина.

Ўзбекистон Давлат тест маркази маълумотларига кўра, талаба бўлишни истаётганлар сони бу йил ҳам бир миллиондан ошади.

Бу йил 1 018 000 нафар абитуриент олий ўқув юртларига ҳужжат топширган.

Мамлакатдаги 191 та олийгоҳ бакалавриат учун кундузги таълим шаклига – 126714 нафар (34860 таси грант, 91854 таси контракт) талабани қабул қилиш қурбига эга.

Имтиёзлар керакми?

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул қилишда қирқдан зиёд тоифадаги абитуриентларга имтиёзлар белгиланган.

Уларнинг асосий қисми ҳарбий ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва уларнинг болалари ёки шу идоралар қошидаги таълим муассасалари битирувчиларига оиддир.

Жумладан, Ўзбекистон ҳарбий хизматчилар, уларнинг фарзандларига ўқишга киришда имтиёзлар белгиланган.

Ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадор ёки ҳалок бўлган хизматчиларининг фарзандлари ОТМларга киришда белгиланган қабул кўрсаткичларидан ташқари танловсиз давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилади.

Шунингдек, Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари, жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёкилмий фаолиятда юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига ўқишга киришга имтиёзлар белгиланган.

“Темурбек"ларни битирсам, олий ўқув юртига кириш осон бўлади, деб кўпчилик ҳозир шунга уряпти ўзини. Лекин имтиёз берилмаган соҳа ходими фарзандининг айби нима? Отаси ҳарбий ёки мелиса бўлмаганими?, - дейди Комил.

Ўзбекистонда Давлат мукофоти совриндорлари, жумладан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари ОТМлар бакалавриатига, бакалавриат талабалари эса магистратурага тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича синовларсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ҳам кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

“Ниҳол” мукофотига сазовор бўлган ёшлар маданият, санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилинади.

Шунингдек, олис чўл туманлари ёшлари, ногиронлиги бўлган шахсларга ўқишга киришда имтиёзлар, меҳрибонлик уйи битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилган.

Халқаро олимпиадалар ғолиблари ОТМларга тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Собиқ депутат ва тадбиркор Қобил Дўсов фикрича, олий таълим масканларига кириш учун имтизлар бекор қилиниши керак.

"Ҳар бир олий таълим маскани ўзлари абитуриентни билими ва бошқа қобилиятига қараб ўқишга қабул қилиши керак. Бу имтиёзларнинг кераги йўқ, бекор қилиниши лозим", - дейди Қобил Дўсов.

Ўзбек абитуриентлари "казарма режими"га ўтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:10 0:00

Коррупцион омил

Таҳлилчилар ОТМларга киришда имтиёзли тоифаларнинг кўпайтирилиши билан олий таълимдаги коррупция ўртасида боғлиқлик борлигини айтишади.

Аввалроқ Олий Мажлис депутати Мақсуда Ворисова ҳам олий таълимга қабулда имтиёз тизимини танқид қилиб чиққанди.

“Мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги ходимлар фарзандлари учун белгиланган имтиёзни ҳам тушуниш қийин. Шундоғам бу тизимлардаги ходимлар катта имтиёзларга эга. Энди уларнинг ҳисобидан фарзандларига ҳам имтиёз берилиши қанчалик ижтимоий адолат тамойилига тўғри келади? Айтайлик, оддий деҳқон ёки боғбоннинг ўқишни дунёдаги ҳамма нарсадан кўпроқ истайдиган қора кўз фарзанди кимларгадир имтиёз берилгани учунгина “йиқилса”, жамият, сиз билан биз унга адолатсизлик қилган бўлмаймизми? Бундай фарзандларнинг қалби синмайдими? Дили оғримайдими?”.

Депутатнинг фикрича, қаерда ўринсиз имтиёз яратилса, ўша жойда коррупцияга кенг эшик очилади.

Уч йил аввал Сурхондарё вилояти Термиз халқ таълими бўлими мансабдори Зулфия номидаги давлат мукофоти учун пора олганликда айбланган.

Маҳаллий матбуотда Зулфия мукофотини бериш жараёнидаги таъмагирлик ва найранглар ҳақида бир қатор мақолалар эълон қилинди.

Олий таълим тизими Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади.

Олийгоҳ ректорларидан тортиб, юқори лавозимли амалдорларгача ушбу соҳани йирик даромад манбаи ва ўзига хос бизнесга айлантириб олгани айтилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрида Олий Мажлисга мурожаатида ОТМларга киришда коррупция йўқ бўлганини иддао қилган. Аммо айни пайтда унинг айтишича, “олий таълим ичидаги коррупция давом этмоқда".

Мирзиёев олий таълимдаги коррупция боис 10 яқин ректор ишдан олинганини айтган.

Форум

XS
SM
MD
LG