Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:47

Ўқитувчи 13 яшар хаста қизни синфдошлари олдида хўрлади


Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида яшовчи Гулчеҳра Убайдуллаева 13 яшар набирасини мактабда ўқитувчи аёллардан бири хўрлаганини даъво қилди.

Озодлик билан суҳбатда ўқувчи қизнинг ҳикоя қилишича, жисмоний тарбия ўқитувчиси машғулотга қатнашмагани учун бошқа ўқувчилар кўз ўнгида унинг кўйлагини йиртиб юборган.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси ходими бошқармага ҳам бундай хавотирли ҳолатлар ҳақида маълумотлар келиб туришини тан олди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўқитувчи 6-синфда ўқийдиган қизга дарсга қатнашмагани учун танбеҳ берганини тан олди, аммо унга куч қўллагани ёки кўйлагини йиртиб юборгани ҳақидаги шикоятларни кескин рад қилди.

Ўқувчининг ҳикояси

Нурафшон шаҳридаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 6-синфида ўқийдиган қизнинг (исми очиқланмаётир - таҳр.) айтишича, ҳайз кунларида жисмоний тарбия дарсига қатнаша олмагани учун ўқитувчиси томонидан хўрланган.

- Бир ой ичида 2 ёки 3 марта (ҳайз) келади. Ўтган ҳафтада ҳам келган эди, мен устозимдан рухсат сўрадим - рухсат берди. Лекин, бу ҳафта яна келди, дарсга қатнаша олмадим... Устоз мени дарсни ўртасида ёнига чақирди, ёнида синфдошларим турган эди. Уларни олдида бақириб уришди: "Ҳар сафар келаверадими?! Сен мени алдаяпсан", деб бақирди ва белимдан қаттиқ чимчилаб олди, мен йиғлаб юбордим. Кейин кўйлагимни 2-3 марталаб, қаттиқ силтаб тортди - куйлагимнинг қорин тарафдаги тугмалари узилиб, йиртилиб кетди, - дейди ўқувчи қиз.

Ўша куни бу қизнинг ёнида бўлган синфдошларидан бири ҳам шикоятни тасдиқлади:

"Ўқитувчимиз сифдошимга бақирди, урушди. Кейин қорнига туртиб, оқ кофтасини қаттиқ силтаб тортганини ўзим кўрдим. Синфдошим йиғлаб хонадан чиқиб кетди", деди ҳодисанинг исмини ошкор қилмаётганимиз гувоҳи - 6 синф ўқувчиси бўлган яна бир қиз.

Маълум бўлишича, ҳодиса 14 март куни содир бўлган, аммо хўрланган қиз хаста бувисини эҳтиёт қилиб, аввалига бу ҳақда оиласига билдирмаган ва орадан 3 кун ўтибгина, оила хабар топган.

Бувининг шикояти

Ўқувчининг бувиси - Гулчеҳра Убайдуллаева эса, Озодлик билан суҳбатда, набирасининг шу кунда хаста экани, мунтазам даволанаётганини айтди.

Убайдуллаева, набирасининг шу аҳволда синфдошлари кўз ўнгида хўрланганидан қаттиқ норози эканини билдирди.

- Ўзи қизим жуда юввош, дардини ичига ютиб юрадиган қиз. Менинг қанд касалим бор, қон босимим баланд - шунинг учун кўп нарсани бизга айтмайди. Бу воқеани ҳам айтмаган. 4-5 кун ўтиб, кофтасини йиртилганини кўриб, билиб қолдим. Ўқитувчининг қиз болани ўғил болалар олдида бунақа силтаб, бақириб, хўрлашга нима ҳаққи бор?! - деб даъво қилди ўқувчи қизнинг бувиси мухбир билан 20 март кунги суҳбатда.

Қизнинг бувиси ўқитувчига чора кўришни талаб қилиб, мактабга боргани, аммо қониқарли жавоб ололмаганини айтди.

Қуйида Гулчеҳра Убайдуллаева билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00
Бевосита линк

Бу аёл набирасининг соғлигига оид мавжуд тиббий маълумотномалар нусхасини Озодликка тақдим қилди:​

Ўқитувчининг инкори

Озодлик бу воқеа ортидан 20 март куни 1-мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Ли Жанна Айказовнага боғланди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўқитувчи 6-синфда ўқийдиган қизга дарсга қатнашмагани учун танбеҳ берганини тан олди, аммо унга куч қўллагани ёки кўйлагини йиртиб юборгани ҳақидаги шикоятларни кескин рад қилди.

"Мен бу қизга ҳар доим яхши муносабатда бўлганман. Ишонинг менга. Мен у қизга умуман тегмадим. Мен уни фақат урушиб бердим, холос. У ошириб юбораяпти", деди ўқитувчи.

Директорнинг ваъдаси

Айни мактаб директори Наталья Ли ҳам Озодлик билан 20 март кунги микрофонсиз суҳбатда ҳодисадан бир неча кун ўтиб хабар топгани, аммо ўқитувчи буви ва набиранинг шикоятини рад этаётганини айтди.

"Агар шундай ҳолат содир бўлгани аниқланса, мен ўқитувчига хайфсан бераман. Аслида бу ўқитувчимиз жуда яхши, тажрибали, ҳурмати баланд ўқитувчи. Мен 22 март куни уларни юзлаштириш учун чақираман, воқеага гувоҳ бўлган синфни ҳам чақираман. Унгача ўринсиз ваҳима солмайлик, келинг аввал аниқлаштирайлик", деди директор.

Аммо, 24 мартга келиб Озодликка маълум бўлишича, директор на ўқувчи, на буви ва на воқеага гувоҳ бўлган синфдошларни чақирган.

24 март куни боғланган мухбирдан директор яна бир кун кутишни таклиф қилди. Аммо, 25 март куни директорга боғланиш уринишлари бесамар кетди.

Бақироқ, уронғич ўқитувчиларга чора

Кейинги пайтларда маҳаллий матбуот ва Озодликка келаётган шикоятларда ўқувчига куч қўллаган, уларни камситган ёки калтаклаган ўқитувчилар кўп тилга олинмоқда.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармасининг исмини ошкор қилмаган ходими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бошқармага ҳам бундай хавотирли ҳолатлар ҳақида маълумотлар келиб туришини тан олди.

Аммо ходимга кўра, "бундай шикоятлар кўп бўлмайди", бўлган тақдирда ўқитувчига "хайфсан берилади ёки ишдан бўшатишгача борилади". Аммо, бундай чора кўрилишидан олдин Халқ таълими бошқармаси махсус комиссияси вазиятни ўрганиши ва хулоса бериши лозим.

Агар ўқитувчига нисбатан иш очилса, унда қонунчилик доирасида янада оғир чора - ўқитувчиликдан маълум ёки доимий муддатга четлатиш чораси қўлланиши ҳамда ЖКда кўзда тутилган тартибда жазо берилиши мумкин.

Мактабларда зўравонликка қарши чора

Бир ой муқаддам Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликни олдини олишга қаратилган лойиҳани амалга синала бошлаганини билдирганди.

Вазирлик расмий сайтида айтилишича, “Мактабларда зўравонликни олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси”, деб номланган лойиҳа шу йилнинг февралида бошланган ва июлга қадар давом этади.

Унда асосий эътибор ўқув даргоҳида ижобий психологияни шакллантириш, хусусан, ўқувчилар ўртасида буллингнинг олдини олишга қаратилиши, шу билан бирга, лойиҳанинг "ўқитувчиларга ҳам стресс ва ишдан “совиш” ҳолатларини олдини олишда ёрдам бериши" айтилган.

Айтилишича, бу лойиҳа 2019-2020 йилларда амалга оширилади ва зўравонликни олдини олишга қаратилган ўқув материллари Ўзбекистон шароити ва қонунчилигига мослаштирилади. Лойиҳада европалик мутахассислар ҳам иштирок этиши айтилган.​

Калтакланган, хўрланган ўқувчилар

Озодлик сўнгги 1 ой ичида ўқитувчиси томонидан калтакланган, синфдошлари олдида камситилган ёки хўрланган ўқувчилар ҳақида 10 га яқин воқеани ўрганди.

Айрим ҳолларда ўқитувчиларнинг зўравонлиги ортидан ўқувчиларнинг ўз жонига қасд қилиш ёки қасд қилишга уриниш ҳоллари ҳам учрамоқда.

Жумладан, 18 март куни Сурхондарёнинг Шўрчи туманида яшовчи аёл 11-синфда ўқийдиган ўғли "ўқитувчиси томонидан калтаклангач", ўз жонига қасд қилишга уринганини даъво қилди. Озодликнинг аниқлашича, натижада, Шўрчи туман прокуратураcи очилган маъмурий ишни судга оширган, туман халқ таълими бўлими эса иши кўрилаётган ўқитувчига ҳайфсан эълон қилган.

Шу йилнинг 6 мартида Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги умумтаълим мактабида ўзини томдан ташлаб ўлдирмоқчи бўлган ўқувчининг онаси мактаб раҳбариятини боласини суицид холатига келтирганликда айблаб, Озодликка шикоят қилди. Шикоят ортидан мактаб директори муовини лавозимидан бўшатилгани, икки ўқитувчига нисбатан интизомий чора кўрилгани маълум бўлди.​

4 март куни эса Хоразм вилояти Боғот туманидаги спорт мактаб интернати спорт мураббийси ўқувчини уриб комага туширгани ортидан 2 йилу саккиз ойга озодликни чеклаш билан жазоланди.

Шу кунинг ўзида Ички ишлар вазирлиги Самарқанд вилояти Пахтачи туманида дарс пайтида ўқувчини урган ҳарбий таълим ўқитувчиси ушлангани, жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

18 февраль куни эса Сурхондарё вилояти Денов тумани 74-умумтаълим мактабининг география ўқитувчиси дарс пайтида 5-синф ўқувчисининг қўлини таёқ билан уриб синдиргани Озодликка маълум бўлганди. Ҳодиса ортидан ўқитувчи ишдан бўшатилди.

Ўқитувчиларнинг ўқувчиларга нисбатан куч қўллагани ёки хўрлаганига оид расмий рақамлар эса Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG