Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:15

Ўш-2010: Аввал нафратга йўлиқиб, кейин раҳмат эшитган ёрдамсеварлар


Июнь воқеалари кунлари Ўшдаги ўзбек маҳалласидан нон сотиб олиб қайтаётган қирғиз аёллар.
Июнь воқеалари кунлари Ўшдаги ўзбек маҳалласидан нон сотиб олиб қайтаётган қирғиз аёллар.

Бундан 6 йил аввал содир бўлган Ўш воқеалари чоғида икки миллатнинг бир-бирига ёв қарашига қарамай, қирғизни қутқарган ўзбек ёки аксинча ўзбекни қутқарган қирғизлар кўп бўлган.

Ана шундай одамлардан бири бишкеклик ҳуқуқ фаоли Жанузақ Абдурасуловдир. У 2010 йили Ўш воқеалари бошланганига бир неча кун бўлгач, Ўшга келган ва қирғиз ҳудудларида қолган ўзбеклар, ўзбек ҳудудларида қолган қирғизларни хавфсиз жойга кўчирган.

Жанузақ аканинг ўшлик ҳамкасбларига кўра, 2010 йилнинг 11-12 июнь кунлари Ўш шаҳри марказий майдонида йиғилган одамлар орасида бир ўзбек аёли асосан қирғизлар истиқомат қилувчи Западний мавзеида икки фарзанди гаровга олинганини айтиб, йиғлаб расмийлардан ёрдам сўраган. Бироқ ўша пайтда унга биров эътибор бермаган. Шунда Жанузақ Абдурасулов аёл билан бирга мазкур мавзега борган ва кийими йиртилган ҳолда аёлнинг фарзандларини олиб келган. Шундан сўнг ўтган 2-3 кун давомида у 40 дан зиёд одамни хавфсиз ҳудудларга кўчирган.

- Мени қирғиз дўстларим, синфдошларимнинг ҳаммаси “сен ўзбекларга ёрдам бераяпсан”, деб ёмон кўрган. Лекин улар бу ишларнинг асл сабабларини билмаган. Худога шукур, ҳозир: “Ўшанда яхши қилган экансан”, дейишади. Ўзбекдан қанчаси ўлди, қирғиздан қанчаси ўлди, нима бўлиб ўлди, қанча ўзбек судланди, қанчаси умрбодга қамалди, қанча қирғиз судланиб кетди. Шуларни кўриб туриб, ҳозир тенгдошларим, дўстларимнинг ҳаммаси: “Сен тўғри қилган экансан”, деб менга аксинча раҳмат айтишади, - дейди Жанузақ Абдурасулов.

Жанузақ ака икки миллат учун оғир бўлган ўша июнь кунларида кўпчилик охиригача тўғри тушунмаган кўп эзгу ишларга гувоҳ бўлганини айтади.

- Наримон қишлоғи бор, ўша ерда бир қиз гаровда эмас эди. Аксинча, ўзбек йигитлари у қизни қирғизлардан олиб қочган. Қизнинг ўзи қирғиз қиз эди. Бу қирғиз қизи “Ностальгия” деган кафеда бўлган воқеада 7-8 ёшли ўзбек болани сақлаб, квартирасига олиб келиб беркитган. Уни қирғизлар: “Биз ўлдирамиз, уни бизга бер” деб қувлаб келган. Кейин ўзбек йигитлари келиб, уни Наримонга олиб кетиб қолган. Биз Наримонга борганимизда биронта ҳам хотин киши йўқ, фақат ўша қирғиз қизи чой қўйиб, варение қайнатиб ўтирганди, - дейди Жанузақ Абдирасулов.

Кўплаб қирғизларни қутқарган одамлар орасида наримонлик Дилмурод Ҳайдаров ҳам бор. Бу шахс июнь воқеаларидан сўнг “тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдирганлик”да айбланиб, қўлга олинган. Бироқ 4 йил давом этган суд жараёнидан сўнг унга билдирилган айбловларнинг асосий қисми олиб ташланган ва “тартибсизликларда иштирок этиш” айби билан озодликдан маҳрум қилинган. Аммо унинг 4 йил ҳибсда ўтиргани қамоқ муддатини ўташ сифатида қабул қилиниб, 2014 йил апрелида суд залидан озод қилинган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Дилмурод Ҳайдаров судланиши эмас, балки қонли кунларда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ўнлаган бошқа миллат вакилларини қутқарган қаҳрамон сифатида мукофотланиши кераклигини айтиб чиққан.

- Худо хоҳласа, тўла оқланиш учун курашимизни давом эттирамиз. Чунки мен шахсан Ўш воқеалари пайтида бирорта ноқонуний ҳаракат қилганим йўқ. Мен Ўшдаги топбазада ишлайдиган 25 та қирғиз аёл ва қизни, заправкада ишлайдиган Айтмамат акани оиласи ва акаси билан хавфсиз жойларга олиб чиқиб қўйдим. Бундан ташқари, “Достон” кафесида ишлайдиган официант қизларни, Хитой фуқароларини, эронликларни хавфсиз жойларга кўчирдим. Ўш воқеаси кунлари мен халқимизнинг тинчлиги учун қўлимдан келганича хизмат қилдим, - деган эди Дилмурод Ҳайдаров аввалроқ Озодликка берган интервьюсида.

Ўшда Жанузоқ Абдурасулов, Дилмурод Хайдаров каби бошқа миллат вакиллари ҳаётини сақлаб қолган, уларни ҳимоя қилган одамлар жуда кўп.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев шу кунда Ўшда вазият яхши эканини, миллатлараро муносабатлар изга тушганини айтар экан, 6 йил аввалги қонли воқеалар таъсири ҳалигача барибир сезилаётганини қўшимча қилади.

- Барибир 2010 йилнинг таъсири бор. Ўша пайтларда очилган жиноят ишларининг кўпи ҳали ниҳоясига етмади. Бугунги кунга келиб июнь воқеасида қамалганларни суд қарорига биноан уйларини мусодара қилиб, тортиб олиш ҳолатлари давом этаяпти. Масалан, Азимжон Асқаровнинг уй-жойи тортиб олинди, ЎшТВ телекомпанияси собиқ президенти Халилжон Худойбердиевнинг икки уйи тортиб олинди, - дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

Эслатиб ўтамиз, олти йил муқаддам содир бўлган воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июн воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 таси ўзбек экани айтилган.

Ўш воқеаларининг 6 йиллиги муносабати билан 10 июнь куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам халққа мурожаат йўллади.

Унда президент ҳозир миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўрилаётганини, кўплаб ватандошлар ўзларини Қирғизистон фуқароси сифатида ҳис қила бошлаганини айтган.

XS
SM
MD
LG