Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:56

Деҳқон ва боғбоннинг мева-сабзавотини хорижга ўзи сотишига рухсат берилди


Термизда ўрик пишди
Термизда ўрик пишди

1 июлдан бошлаб, мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини етиштираётган тадбиркорларга ўз маҳсулотини тўғридан-тўғри хорижга сотиш ҳуқуқи берилди. Президентнинг янги қарори билан¸ "Ўзагроэкспорт" давлат ташкилотининг бу соҳадаги монополиясига барҳам берилди.

Президент Шавкат Мирзиëев 21 июнь куни имзолаган қарорга мувофиқ¸ жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб “тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилади”ган бўлди.

Эндиликда мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини етиштираётган деҳқон-фермерлар мустақил равишда хориждан харидор топиб, маҳсулотини сотиши мумкин. Қарорга мувофиқ, чет элга чиқариладиган мева-сабзавот нархини махсус эксперт комиссияси белгилайди ва экспортер келадиган валюта тушумининг 25 фоизини давлатга сотади.

Бунга қадар мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти соҳаси 2016 йилнинг 1 майида иш бошлаган “Ўзагроэкспорт” акционерлик жамиятини монополиясига берилган эди.

Жамиятнинг маркетинг бўлими расмийдан олинган маълумотга кўра, эндиликда мева-сабзавот экспортига берилган эркинлик ташкилот ишини сусайтирмайди.

"Ўзагроэкспорт" ўз ишини давом эттираверади. Бизнинг катта-катта шартномаларимиз бор, хориждаги катта-катта савдо тармоқлари, гипермаркетлар билан. Энди деҳқоннинг маҳсулотига яхши нархда, баландроқ нархда четдан харидор топсак, деҳқонлардан ўзимиз олаверамиз яна. Рақобатда бу ёғи", деди ташкилот расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистоннинг 2016 йил​да Россияга 800 минг тоннадан кўпроқ мева-сабзавот етказиб беришни ваъда қилган марҳум президенти Ислом Каримов “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни ўтган йилнинг 7 апрелида имзолаган эди.

Бу қарор чиққач, мева-сабзавот экспорти давлат монополиясига ўтди ва кейинги бир йил ичида маҳсулотини сотолмай, сарсон бўлган тадбиркорлар кўп бўлди.

Ҳозирга қадар "Ўзагроэкспорт" ташкилоти билан деҳқон ўртасида турган бўғин - мамлакатдаги агрофирламалар бўлиб келди.

Тошкент вилоятдаги шундай агрофирмалардан бирининг исми ошкор қилинмаслигини сўраган раҳбари кечган бир йилни, бир сўз билан, "даҳшат" деб баҳолади:

- Олдин "Ўзагроэкспорт" билан чиқарасизлар, 100 минг доллар шартнома қилсангизлар, 50 мингини сизларга тушириб берамиз, қолгани сўм бўлади, дейишди. Кейин 25 фоиз валютани берамиз, қолгани сўм, деди. Кейин, умуман, йўқ бўлди. Кредитга ишланглар, дейишди кейин, банкка борсанг, пул йўқ. Деҳқондан мевани оламиз, деб қўйганмиз - пул йўқ. Бир қарасанг, жўнатишга мевани тайёрлаб қўйганмиз, олмаймиз, деб қолади. Бир тарафдан конвертация йўқ. Жуда расвоси чиқиб кетган эди-да, хуллас. Энди президентимиз тўғри қилаяпти, - деди Тошкент вилоятидаги агрофирма бошлиқлардан бири.

Ҳозирча тадбиркорлик субъектларига маҳсулотини ўзи экспорт қилиш ҳуқуқи берилган бўлса-да, агрофирма бошлиғига кўра, марҳум президент Каримов томонидан жорий этилган яна иккита жиддий тўсиқ ҳануз сақланиб қолмоқда:

- Биринчиси, маҳсулотга давлат комиссиясининг нарх белгилаши. Иккинчиси, 100 фоизлик предодплата. Бу чекловларни ҳам олиб ташлаш керак. Ҳа энди, 25 фоизлик валюта тушумини давлатга сотиш масаласини айтмай турайлик. Ҳамма деҳқон ҳам ўз маҳсулотини ўзи экспорт қилолмайди-ку, тўғрими?! Барибир, агрофирмаларга эҳтиёж бор. Бизга эса чеклов ҳалиям турибди, - деди исмини ошкор этмаётганимиз тошкентлик тадбиркор.

"Ўзагроэкспорт" монополияси ортидан Озодликка мамлакатнинг турли вилоятларидаги деҳқонлардан тайёр маҳсулотини хорижга чиқаролмай қолгани ҳақида кўплаб шикоятлар келган эди.

Жумладан, ўтган йили майда Қўқон шаҳридаги "Қўқон Музаффар савдо комлекси" бозорида Россияга жўнатилмай қолган ўрик килоси 1 ярим минг сўмдан тадбиркорларга мажбуран тарқатилгани, тадбиркорлар эса туриб қолган мевани аҳолига 500 сўмдан ҳам сота олмагани кузатилган эди.

Май ойида, шунингдек, андижонлик боғбонлар эртапишар гилосларини «Ўзагроэкспорт» ширкати вақтида сотиб олмагани, бошқа экспортчи тужжорларга ҳам сотишга рухсат берилмагани боис, ҳосилини кутилган нархда сотолмаганидан шикоят қилган эди.

Ҳукумат буюртмаси билан 2 тоннадан тортиб, 40-50 тоннага қадар ошқовоқ етиштирган фермерлар ҳам ҳосилини сотолмай сарсон бўлгани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Президент Мирзиёевнинг "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига берилган шарҳда ҳам бу соҳада «Ўзагроэкспорт» ширкати фойдалана олмаган "катта салоҳият сақланиб қолаётгани" ва мева-сабзавот етиштирувчига экспорт йўлида "бюрократик тўсиқ мавжудлиги" айтилган.

Ҳужжатда келтирилишича, шу йилнинг бирнчи ярмида "360 дан ортиқ янги корхона экспортга жалб қилингани, 120 дан ортиқ янги маҳсулот экспорт учун ўзлаштирилгани, бошқа маҳсулотлар экспорт ҳажми сезиларли даражада ортгани" қайд этилган. Шу йилнинг бошидан бери эса 230 минг тоннадан ортиқ мева ва сабзавот экспортга етказиб берилган.

XS
SM
MD
LG