Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:43

Андижон ҳокимининг сўконғичлигидан бешинчи марта шикоят келди. Қонун нима дейди?


Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев

Андижондан бир раҳбарнинг қўл остидаги ташкилот раҳбарларини жуда ҳам қаттиқ уятли сўзлар билан сўкаётгани ёзилган аудиофайл Озодликка келиб тушди.

Аудиони жўнатганларнинг иддао қилишича, сўкинаётган раҳбар ўтган йили жаримага тортилган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевдир.

Аудиони Озодликка тақдим этганларнинг айтишича, у 12 июнь куни кечқурун ўтказилган йиғилишдан ёзиб олинган.

Бу аудиоёзувдан англанишича, Сафарбарлик чақирув резервига одам топиб пулини ўтказмаган Андижон шаҳар пенсия жамғармаси бошлиғи ва савдо-саноат палатаси бўлими бошлиғи аудиодаги овоз эгасининг қаттиқ ҳақорати нишони бўлган.

Маҳаллий ташкилот раҳбарлари уларни ҳар бир мажлисда ҳақорат қилаётган шаҳар ҳокими нега вазифасида қолаётгани таажжубга солаётганини айтмоқда.

Андижон шаҳар ҳокимининг сўконғичлиги учун маъмурий жазо олганидан хабари бор ҳуқуқшуноснинг айтишича, қонунчилик бўйича прокуратура шу хатти-ҳаракатини такрор содир қилган шаҳар ҳокими устидан жиноят иши қўзғаши лозим.

Озодлик таҳририятига келиб тушган аудиофайлдаги Дилмурод Раҳматуллаевнинг овози деб ишонилаётган овоз, таҳририят ихтиёридаги ҳокимнинг аввалги овозларига ўхшаш.

Бу аудиода шаҳар ҳокими Сафарбарлик чақирув резервига одам топиб, пул ўтказмаётган икки ташкилот раҳбарини қаттиқ ҳақорат қилгани ёзилган.

Аудиодан англанишича, шаҳар ҳокиминики эканлиги иддао қилинаётган овоз эгаси аввал шаҳар пенсия жамғармаси раисини ҳақорат қилади:

“Ана, пенсия(пенсия жамғармаси бошлиғи Саиджон Эгамбердиев назарда тутиляпти – таҳририят) бизгаям, унгаям, бунгаям тупурган. Мен уни устидан сийвораман, кейин ч...вораман”, дейди ҳоким.

Овоз эгасининг кейинги нишони Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг Андижон шаҳар бўлими бошлиғи Саидаббос Аббосов бўлади:

“Эй савдо-саноат палатаси, ифлос. Қ...қ, г...н! Ишласанг ишла, ишламасанг, пошел на х.й! Ёш болага ўхшайсан, хоҳласанг келасан, хоҳласанг келмайсан. Эй, ифлос, келсанг кел, келмасанг пошел на х.й, с..нми сени, ифлос эй”, дейди шаҳар ҳокими.

Шунда Саидаббос Аббосов мажлисга нега келмагани сабабини тушунтирмоқчи бўлади:

- Вилоят савдо-саноатига боргандим, айтадиган гапим бор эди-да, вилоятдан ошиқча нагрузка бўляпти-да.

Овоз эгаси: - Бор ўша вилоятинг билан ишла, яна айтяпман, бошқа келма!

Саидаббос Аббосов: - Йўқ, гап унда эмас мен...

Овоз эгаси: - Ҳей, тилингни суғуриб олиб к...тингга тиқиб қўяман ҳозир. Эй ифлос, тилингни суғуриб к...тингга тиқиб қўяман! Сен ифлос, келганингдан буён битта ҳам ёрдам бераётганинг йўқ, келма, раҳбар сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам керак эмассан сен!”

Бу сўкинишлар айнан шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг оғзидан чиққанини ана шу йиғилишда иштирок этган, бир-биридан мустақил учта ташкилот раҳбари тасдиқлади.

Бу раҳбарлар билан суҳбатларнинг аудиолари Озодликда бор.

Озодлик Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев билан боғланишга ҳаракат қилди, лекин унинг қўл телефони ўзгаргани боис боғланишнинг имкони бўлмади.

Нега танқид, жазо ва огоҳлантиришга қарамай шаҳар ҳокими ҳақорат қилишда давом этмоқда?

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ўтган йили кузда пахта теримига кам одам одам чиқарган ташкилот раҳбарларини қаттиқ ҳақорат қилган ва бу ҳақоратлари учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга 5 миллион сўм жарима солинган эди.

Лекин, бу жаримадан сўнг, жорий йилнинг февраль ойида Дилмурод Раҳматуллаев металлолом топшириғини бажармаган ва болалар спорти жамғармасига пул ўтказмаган раҳбарларни яна “ифлос, шакал, тварь, ҳайвон” каби сўзлар билан таҳқирлаган эди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 17 апрель куни ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш масаласида ўтказган селектор йиғилишида, бир неча ҳокимга ҳайфсан эълон қилиб, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевни охирги марта огоҳлантираётганини айтган эди.

Аммо, бу огоҳлантиришдан кейин ҳам Дилмурод Раҳматуллаев 15 май куни ободонлаштириш ишларига етарли эътибор бермаган маҳаллий ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини "ифлос, худо урган, мараз, пес, мохов, ҳаром ва латта" каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

Озодлик тасарруфида бу ҳақоратларнинг ҳамма аудиоёзувлари сақланган.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев сўконғичлиги учун жазо олганига ва Бош вазир томонидан сўнгги огоҳлантирилганига қарамай, ташкилот раҳбарларини ҳақорат қилишда давом этяпти.

Бунга қонун нима дейди?

Озодлик, ўзбекистонлик ҳуқуқшунослардан бирига бу масалага ҳуқуқий баҳо олиш учун мурожаат қилди.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, маъмурий жазога тортилган мансабдор шахс, агар бу ҳаракатини яна давом эттирса, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140- моддаси билан жавобгарликка тортилади.

Бу моддада шундай ёзилган:

“Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, агар мансабдор шахснинг ҳақоратига даъвогар шахс бўлмаса ҳам, бу воқеа оммавий ахборот воситаларида ёритилган бўлса прокуратура жиноий иш қўзғатиши шарт. Акс ҳолда жиноятни яшираётган ҳисобланади.

Ҳуқушунос бу гапини Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддаси билан асослайди:

“Муайян жиноят тўғрисида матбуот, радио ва телевидение, ҳужжатли кинофильмлардаги, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига йўлланган, лекин эълон қилинмаган хатлардаги хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади”.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, агар прокуратура бу ҳолатни билиб туриб жиноят иши очмаса унинг хатти-ҳаракатини Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 2411-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) билан малакалаш мумкин.

XS
SM
MD
LG