Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:52

Андижонда ўқитувчилар мактаб учун арча кўчати сотиб олишга мажбурланмоқда


Озодликка маълум бўлишича, Бўз туманига жами 300 дана арча Андижон вилоят ҳокимлигидан ажратилган. 
Озодликка маълум бўлишича, Бўз туманига жами 300 дана арча Андижон вилоят ҳокимлигидан ажратилган. 

Андижоннинг Бўз туманида ўқитувчилар ҳокимлик босими остида ўзлари ишлайдиган мактабларни ободонлаштириш учун арча кўчатларини бозор нархидан бир неча баравар баланд нархда сотиб олишга мажбурланаётганликларини айтишмоқда. Озодликка маълум бўлишича, Бўз туманига ободонлаштириш мақсадида жами 300 дона арча кўчати Андижон вилоят ҳокимлиги тарафидан ажратилган. Мактабларга эса, ҳар бир донасини 20 минг сўмдан олиш тайинланган.​

Андижоннинг Бўз туманидаги мактаблардан бирида ишловчи ўқитувчи Озодлик билан суҳбатда бозорда донаси 3 минг сўм бўлган арча кўчати мактабларга 20 минг сўмдан сотилаётганини айтди.

- Мактабимиз ҳовлисига арча кўчатлари олиб келинди ва директор мажлис қилиб¸ ҳамма иккитадан кўчат олиши керак. Донаси 20 минг сўм. Ҳозир нақд тўлайсизлар ёки ойлигингиздан чегириб қолинади, деди. Директорни ҳам тушунса¸ бўлади уни ҳоким мажбурлаган. Лекин алам қиладиган томони бозорда 3 минг сўм турадиган арча мактабларга 20 минг сўмдан сотиляпти, пулини биз тўлар эканмиз¸ - дейди бўзлик ўқитувчи.

Бўздаги бошқа мактабнинг ўқитувчиси ҳам арчалар уларга мажбурлаб сотилаётганини тасдиқлади.

- Мактабларга ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун пул ажратилмайди. Мактаб директори ўзимиз, ўз ҳисобимиздан қилишимиз керак, экан деди. "Ўзимиз бозордан арзонроқ олиб келиб эксак бўлмайдими", десак директоримиз, йўқ ҳокимликни арчасини экишимиз керак, бозордаги бўлмайди, деб айтди, - дейди бўзлик ўқитувчи.

Озодлик суҳбатдошлари мактаб раҳбарларини арча кўчати сотиб олишга мажбурлаш орқали маҳаллий ҳокимликлар бир ўқ билан камида икки қуëнни ураётган бўлишини тахмин қилишади.

- Бозорга чиқсангиз¸ бир туп арча 3 минг сўм. Бизга 20 минг сўмдан сотиляпти. Ҳокимлик бир ўқ билан икки қуённи уряпти. Кўчатни 9-10 баравар қиммат сотяпти, мактабларни ҳам ўқитувчилар ҳисобидан ободонлаштиряпти, - дейди бўзлик ўқитувчи.

Озодликка маълум бўлишича, Бўз туманига жами 300 дона арча Андижон вилоят ҳокимлигидан ажратилган.

Лекин, Бўз туманидаги мактабларга мажбуран сотилаётган арча кўчатларини ҳокимлик айнан қайси агрофирмалар¸ қандай нархда¸ қайси давлатдан сотиб олганига оид маълумот йўқ.

Озодлик бу ҳақда изоҳ сўраб Бўз тумани ва Андижон вилояти ҳокимлигига боғланди.

Лекин, ҳоким ёрдамчилари бу ҳақда изоҳ беролмасликларини айтишди.

Ўзбекистонда ўқитувчилар мактаблар учун арча кўчати сотиб олишга мажбурланиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йили Хоразмнинг Шовот туманидаги мактабларда ҳам ўқитувчиларга арча кўчатлари мажбурлаб соттирилган. Кузга бориб эса кўчатлар қуриб қолган.

Мактабларда сарғайиб қуриган арчаларни бўяш учун ўқитувчилардан яна пул йиғилган эди.

XS
SM
MD
LG