Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:54

Ўзбекистон конверсион карталаридан чет элда пул ечиб олиш яна чекланди


Ўзбекистон Марказий банки чет элдаги банкоматлардан пул ечиб олишга чеклов жорий этди ва 1 июлдан бошлаб ойлик лимитни 300 АҚШ доллари қилиб белгилади. Бундан ташқари Хитой, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларининг кўплаб улгуржи савдо терминалларида Ўзбекистон банкларининг конверсион карталари қабул қилинмайди. Ўзбек расмийлари валюта чайқовчилигига қарши кураш доирасида бундай чораларга қўл урилганини айтишмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки мулозимларига кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ўзбек банкларининг конверсион карталаридан бир ойда 300 АҚШ долларидан ортиқ пул ечиб олиб бўлмайди.

Кундуз кунги лимит эса 100 АҚШ доллари қилиб белгиланди.

Бундан ташқари 1 июлдан эътиборан Хитой, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларининг кўплаб улгуржи савдо марказлари терминалларида Ўзбекистон банкларининг конверсион карталари қабул қилинмайди.

Лекин, ўзбекистонликлар хорижда конверсион карталардан меҳмонхона, тиббий хизмат тўловларини амалга ошириш ёки озиқ-овқат сотиб олишда фойдаланишлари мумкин.

- Кундалик зарурий эхтиёжлар учун чеклов йўқ. Супермаркетлардан шу карталар билан озиқ -овқат ёки бошқа нарсаларни сотиб олишлари мумкин. Лекин, Хитой, Туркия ёки Дубайга борувчилар улгуржи савдо марказларида бу карталардан фойдалана олишмайди. Нақд пул ечиб олишмоқчи бўлишса ойлик лимит фақат 300 АҚШ доллари, шундан ортиқ ечиб бўлмайди, - деди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Марказий банкининг исми сир қолишини истаган мулозими.

Ўзбекистон ватандошлари хорижга отланар экан конверсион карталар ёрдамида хорижий валютани давлат курси бўйича олиб, хорижий давлатларда фойдаланишади.

Мамлакатда жорий этилган қоидага мувофиқ, хорижга йўл олган ҳар бир ўзбек ватандоши банклардан 2 минг АҚШ доллари миқдорида пулни давлат курсида олиши мумкин.

Банклар долларни “қора бозор”даги курсдан анча паст бўлган давлат курсида алмаштириб беради.

Шу боис, айрим мижозлар бир неча шахс номига пластик карточка олиб, ҳисобидаги пулни хорижда нақдлаштириб қайтиш йўлига ўтган эди.

Ўзбекистондаги банклар бу каби чайқовчилик олдини олиш мақсадида мижозлари карточкаларидан ечиб олинадиган пул миқдорини чеклади.

- Хорижга кетаётганларга енгиллик бўлсин, қийналишмасин, деб давлат курсида доллар олишлари имтиёзлар бор. Айримлар бу карталарга давлат курсида доллар туширтириб, хорижга бориб нақд қиляпти. Тужжорлар эса беш-олти, ўнта қарталарни олиб Хитойдан латта-путта олиб келиб сотяпти. Энди унақа қилишолмайди. Чеклов бор. Лекин, қорнини тўйғазиш, даволаниш ёки меҳмонхонада бўлиш учун бу карталардан бемалол фойдаланиш мумкин, - деди Ўзбекистон Марказий банки мулозими.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон "қора бозори"да АҚШ долларининг қиймати 6 ярим минг сўмдан ошгани кузатиляпти.

АҚШ долларининг Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курси эса 2943 сўм 46 тийиндир.

XS
SM
MD
LG