Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:19

Самарқандда ука уй талашиб, акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирди


Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман милицияси уй устида талашиб акаси ва янгасини чопиб ўлдирганликда гумон қилинаётган 46 ёшли Бахтиёр Шукуровни қидирмоқда.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, 14 март куни Каттақўрғон туманининг Пайшанба шаҳарчасида Бахтиёр Шукуров отасидан мерос қолган уйдан чиқиб кетишни талаб қилиб келган 58 ёшли акаси Абдуқаҳҳор ва 55 ёшли янгаси Мақсудани болта билан чопиб ўлдирган.

Қотиллик рўй берган хонадон қўшниларидан бирининг Озодликка айтишича, ака-ука шукуровлар орасидаги уй жанжали бир неча йилдан буён давом этиб келган ва 14 март куни фожиали якун топган.

- Абдуқаҳҳор оилада катта ўғил. Отасини уйидан анча йиллар олдин алоҳида чиқиб кетган. Уйда кичик ўғил Бахтиёр хотини ва бир фарзанди билан яшаб келаётганди. Абдуқаҳҳор анча бой одам. Шундай бўлса ҳам укасига уйдан чиқиб кетасан, уй меники деган. Ука унамаган, у камбағал, борадиган жойи йўқ. Бир неча марта судлашишди. Охири Абдуқаҳҳор Мажбурий ижро бюроси ходимларини бошлаб келган. Эшикни очса акаси, янгаси, мажбурий ижро ходимлари туришибди. Ҳозир, деб туриб, болтани олиб чиқиб, олдин акасини, кейин янгасини чопиб ташлайди, ҳамма қочиб кетади, - деди қотиллик рўй берган хонадон қўшниси.

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туман Ички ишлар бўлими уй устида талашиб акаси ва янгасини чопиб ўлдиргани гумонланаётган 46 ёшли Бахтиёр Шукуров қидирилаётганини тасдиқлади.

ИИБнинг исми очиқланмаслигини истаган мулозими ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси, қасддан одам ўлдириш бўйича иш очилганини айтди.

Озодликка маълум бўлишича, Бахтиёр Шукуров 2003-2014 йиллар оралиғида қароқчилик ва қотиллик айбловлари бўйича бир неча марта қамалиб чиққан.

Пайшанба шаҳарчасидаги маҳалла фаолининг Озодликка айтишича, Абдуқаҳҳор Шукуров укаси қамоқдалигида отасига тегишли уйни ўз номига расмийлаштирган.

- Булар икки ака-ука. Отасидан уй мерос қолган. Лекин, ака қонунан ўзиники бўлган уйни талаб қилиб борган бўлиб чиқяпти. Чунки укаси қамоқдалиги пайти отасининг уйини ўз номига расмийлаштирган. Орадан йиллар ўтиб, укаси қамоқдан чиқади. Ака уй менинг номимда, чиқиб кет, деган. Кейин мана шунақа воқеа бўляпти, уй устида талашган икки оила хонавайрон бўляпти, - деди маҳалла фаоли.

Озодлик чопиб ўлдирилган Абдуқаҳҳор Шукуровнинг тўрт фарзандидан бири билан суҳбатлашди.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган марҳумнинг фарзандларидан бири қонунан отаси номидаги уй устида жанжал тўрт йилдан бери давом этиб келганини айтди.

- Бувамдан қолган катта ери бор уй. Биласиз, Ўзбекистонда катта ўғил уйланса, бошқа уйга кўчиб чиқади. Отам ташлаб чиқиб кетди шу ховлини. Амаким, яъни дадамнинг укаси шу уйда қолган. Оила қурди, боласи бор. Амаким қотиллик, қароқчилик билан қамалаверди, қамалаверди. Уй қаровсиз қолди. Кейин ўша уйга менинг отам қараб келди. Бахтиёр амаким қамалиб чиққанидан сўнг, уч-тўрт йил олдин уйга хўжайинчилик қилиб олди. Амнистия билан чиқиб олиб, ҳаммани қўрқитиб, шунақа қилди. Ҳамма ундан қўрқарди. Лекин, уй менинг дадамнинг номида-да. Судлаша-судлаша охири амаким дадамни ва онамни ўлдирди. Мажбурий ижро ходимларининг кўзи ўнгида ўлдирди. Ҳаммаси қочиб кетибди. Қўшнимиз телефон қиляпти, онанинг ўлиб ётибди, жасадини олинглар, деб.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида содир бўлган бошқа шу каби фожеалар тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

Ўтган йил сентябр ойида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайноанаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати олди.

2017 йилнинг августида эса Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG