Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

Хоразмда ДХХ ходими ҳалок бўлди. Унинг 'бехосдан ўзини отиб қўйгани' айтилмоқда


ДХХнинг Хоразм вилояти бўлими ходими Нуриллажон Аҳмедов(марҳум) "Бургут" қуролли бўлинмасида хизмат қилгани айтилади.
ДХХнинг Хоразм вилояти бўлими ходими Нуриллажон Аҳмедов(марҳум) "Бургут" қуролли бўлинмасида хизмат қилгани айтилади.

9 март куни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилоят бошқармаси биносида ДХХ "Бургут" бригадаси ходими Нуриллажон Аҳмедов хизмат вазифасини ўтаётган пайтда ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Яқинларига кўра, расмийлар 26 яшар Аҳмедовнинг "бехосдан ўзини отиб қўйгани"ни айтишган. Аммо яқинлари у ўзини отганига шубҳа қилмоқда.

Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум эмас. Озодликнинг ДХХ ва Бош прокуратурадан изоҳ олиш уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Марҳум жасади туширилган видеода унинг пешонасида ўқ изи экани айтилган жароҳатни кўриш мумкин.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилоят бўлими ходими Нуриллажон Аҳмедовнинг пешонасининг қоқ ўртасида ўқ изи бор жасади 10 март куни тонг соат 4 ларда суд-тиббий экспертизаси ўтказилганидан сўнг яқинларига топширилган.

Видео скриншоти.
Видео скриншоти.

Шу куннинг ўзида унинг жасади ўзи туғилиб ўсган Қўшкўпир тумани Қатоғон қишлоғидаги қабристонда дафн этилган.

Нуриллажон Аҳмедовнинг исми сир қолишини сўраган яқинларидан бирининг айтишича, ҳодиса 9 март куни кеч соат 5-6 ўртасида содир бўлган:

“Нуриллажон одатда шу пайт смена алмашиб ишдан чиқарди. Лекин чиқмаган, кечаси отасига телефон қилишиб, суд-экспертиза биносига, моргга етиб келишларини сўрашган. Жасадни топшираётганда, Нуриллажон ўзига-ўзи қилди, бехосдан ўзини отиб қўйди, дейишган. Лекин бу гапга биз умуман ишонмадик. Масалан, сиз ўзингизнинг пешонангизга автоматни тираб ота биласизми? Ким ишонади бу гапга? Бехосдан ҳеч ким ўзини пешонасининг қоқ ўртасига тўғрилаб отмайди! Уни ДХХ биносининг ичида кимдир пешонасига тўппонча тираб, отиб ташлаган. Ким қилган бўлса, жавоб бериши керак”, дейди Озодлик билан аноним тарзда суҳбатлашган марҳумнинг яқинларидан бири.

Исми сир қолишини сўраган Қатоғон қишлоғи фаолларидан бирининг айтишича, марҳум жанозасида одамлар орасида ҳар-хил гап тарқаган:

“Баъзилар кимдир пешонасидан тўппонча тираб отган дейди, кимдир ўзини ўзи отиб қўйган, дейди. Аниқ бир гап йўқ. Марҳумнинг суд-тиббий экспертизаси хулосасини ҳали беришмаган. Нуриллажон ўзи спортчи бола эди. Спорт коллежини битирганидан сўнг армияда хизмат қилиб келди, кейин ДХХга ишга ўтди. Ҳали уйланмаган эди. Оилада иккинчи фарзанд, акаси Россияда меҳнат муҳожири. Отаси чуқур ғамда қолган, онаси касалхонада”.

Озодликнинг Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати билан боғланиш уринишлари натижа бермади. ДХХ матбуотга ёпиқлигича қолмоқда.

Озодлик ҳодиса юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг Телеграм рақамига саволлар йўллади. Саволлар Шамсутдинов томонидан ўқилгани кўринди, аммо матбуот хизмати раҳбаридан жавоб бўлмади.

Бундан тўрт йил муқаддам, 2018 йил 4 август куни Ички ишлар вазирлиги Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамов ўз хизмат хонасида "қотиллик аломатлари билан топилган" эди.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори қотилликда гумонланиб ҳибсга олинган. Гумондор устидан олиб борилган тергов ва суд тафсилотлари, шунингдек, жиноят мотивлари борасида расмий фараз очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG