Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

Самарқандда 9 ёшли бола қутуриш белгилари билан ўлгач, уй ҳайвонларини оммавий эмлаш бошланди


Самарқанд туман Санитария-эпидемиология назорати бўлими расмийлари аҳолидан уйда сақланаётган ит, мушукларни ветеринар врачларга кўрсатишни тавсия этмоқда.
Самарқанд туман Санитария-эпидемиология назорати бўлими расмийлари аҳолидан уйда сақланаётган ит, мушукларни ветеринар врачларга кўрсатишни тавсия этмоқда.

Самарқанд вилоят, Самарқанд туман, Равонак қишлоғида 3 июль куни 9 ёшли бола қутуриш касаллиги белгилари билан вафот этгач, туманда уй ҳайвонлари, жумладан, ит ва мушукларни қутуришга қарши оммавий эмлаш бошланди.

Равонак қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, бир ой аввал 9 ёшли болани ит тирнаган, лекин ота-онаси эътибор бермаган.

22 июнь куни бола касалланиб, иситмаси чиққан ва қутуриш белгилари билан Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

3 июль куни эса бола ҳаётдан кўз юмган.

- Бир ойча олдин болани ит тирнаган. Кейин болани иситмаси чиқиб, оғзидан қон келиб, инфекционнийга ётқизишганди. Кеча бола оламдан ўтди, бугун жанозаси ўқилди, - деди исми очиқланмаслигини истаган Равонак қишлоғи маҳалла фаоли.

Самарқанд вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси врачлари қутуришдан ўлган деб таҳмин қилинаётган боланинг лаборатория анализлари Тошкентдаги Вирусология илмий-тадқиқот институтига жўнатилганини айтишди.

- Икки ҳафтада анализлари чиқади. Шунгача ҳеч нарса айтолмаймиз, - деди шифохона врачларидан бири.

Лекин Самарқанд туман Санитария-эпидемиология назорати ҳамда Ветеринария врачлари қутуришга қарши оммавий эмлашни бошлаб юборганлар.

Туманда дайди итлар ушланиб, қафасга солинмоқда.

- Ҳозир туманда ит ушлайдиганлар, ветеринария, санэпидстанция, ҳаммаси оёққа турган. Эллик киши ишлаяпти ҳозир, қўшни туманлардан ҳам ветеринар врачлар Равонак қишлоғига ташланди, - деди Озодлик суҳбатлашган Равонак қишлоғи маҳалла фаолларидан бири.

Самарқанд туман Санитария-эпидемиология назорати бўлими расмийлари аҳолидан уйда сақланаётган ит, мушукларни ветеринар врачларга кўрсатишни тавсия этмоқда.

Туман санэпидстанция бош врачи Обрўй Бойқобиловнинг Озодликка айтишича, Равонак қишлоғидаги жами 210 та хонадоннинг ҳаммаси текширилиб, ит-мушуклари ва бошқа уй ҳайвонлари эмланмоқда.

- Ҳамма уй жонзотлари эмланмаган бўлса эмланяпти, одамларга қутуриш касаллигидан эхтиёт бўлиш чоралари тушунтириляпти. Мени ўзим ҳам уйма-уй юряпман, - деди Бойқобилов.

Об-ҳавонинг исиши билан одамлар ва ҳайвонлар орасидаги ҳар-хил юқумли касалликларнинг тарқалиши янада ортади.

Ушбу касалликлар орасида энг хавфлиси бу қутуриш касаллигидир.

Мутахассисларга кўра, қутуриш касаллиги одамга асосан қутурган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши оқибатида сўлаклари орқали юқади.

Вирус одамга жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватига (оғзи, кўзи, бурни) қутурган ҳайвон сўлаги тушиши орқали ўтиши мумкин.

Қутуриш вируси одам организмига тушгандан кейин касаллик бирданига бошланмайди.

Дастлаб вирус периферик асаблар атрофида бўладиган периневал суюқлик оқими билан орқа ва бош мияга етиб боради ва мия тўқимасида кўпая бошлайди ҳамда чуқур ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади.

Касалликнинг яширин даври бир ҳафтадан бир йилгача, баъзида ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Тана ҳарорати кўтарилиши, юрак уриши тезлашиши, сувни кўрганда, ҳатто сув тўғрисида эшитганда талвасага тушиши касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади.

- Гидрофобия, яъни сувдан қўрқиш ва иситма чиқиши Равонак қишлоғида ўлган тўққиз ёшли болада ҳам бўлган экан-да, ҳозир бу текшириляпти, - деди туман санэпидстанция бош врачи Обрўй Бойқобилов.

Врачлар, жумладан Бойқобилов ҳам ҳайвонлардан жароҳатланган ҳолатда зудлик билан мутахассис шифокорга мурожаат қилиш ва қутуришга қарши ўз вақтида эмланишни тавсия этди.

XS
SM
MD
LG