Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:19

Андижонда 59 яшар ота ўз қизи ва неварасини бўғизлаб ўлдирди


5 октябрь куни эрталаб Андижон шаҳрининг Дехқонобод маҳалласида 59 яшар ота жаҳл устида қизи ва неварасини пичоқлаб ўлдирди ва ўз жонига қасд қилди. Фожиа рўй берган хонадон қўшниларидан бирининг Озодликка айтишича, қотилликка оилада пул устида келиб чиққан жанжал сабаб бўлган.Андижон прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 98-моддаси - "Қасддан одам ўлдириш" банди бўйича иш очиб, ҳодисани тергов қилмоқда.

5 октябрь эрталаб Андижоннинг Деҳқонобод маҳалласидаги хонадонда 28 яшар аёл ва унинг 9 яшар ўғли пичоқлаб ўлдирилди.

Қотилликни содир этганликда айбланаëтган марҳуманинг 59 яшар отаси ўз жонига қасд қилган¸ аммо ўлмай қолган.

(Қурбонлар ва қотилликда айбланаëтган отанинг исми-шарифи Озодликка маълум. Тергов жараёни ниҳоясига етмагани боис улар шахси очиқланмаëтир - таҳр.)

Андижон ҳуқуқ-тартибот тизимидаги Озодлик манбасига кўра, оилада жанжал келиб чиқишига ўғирлик сабаб бўлган.

"3 октябрь куни оилабоши отанинг йиғиб қўган пули йўқолиб қолган. Қизи “укам ўғирлади” деган. “Сен ўз укангни ўғрига чиқараяпсанми”, деб унинг бўғзига пичоқ тортган. Кейин шу ерда турган 9 ёшли неварасини ҳам пичоқлаб ўлдирган. Тергов гуруҳи қотиллик жойига етиб борганида аёл ва унинг ўғли қонга беланиб ўлик ҳолда ётган бўлган. Қотилликда гумон қилинаётган оилабоши чалажон аҳволда бўлган. У ўзини пичоқлаб, ўлдирмоқчи бўлган, ҳозир у оғир аҳволда касалхонада, - деди фожиа тафсилотларидан хабардор ҳуқуқ тизими мулозимларидан бири.

Озодликка маълум бўлишича¸ Андижон прокуратураси воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш” (98-модда) моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган.

Ушбу жиноятни содир қилган шахсга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Қотиллик рўй берган хонадон қўшниларидан бирининг Озодликка айтишича, бўғизлаб ўлдирилган она ва бола 5 октябрь куни тушдан кейин “Ойшахоним” қабристонида ёнма-ён дафн этилган.

"Бу қотиллик бутун Андижонни ларзага келтирди. Уларнинг жанозаси бугун бўлди. "Ойшахоним" кабристонига ёнма-ён дафн этиб келдик. Ота касалхонада, айтишларича, ўзини-ўзи пичоқлаган, оғир аҳволда ётибди"¸ деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган қотиллик рўй берган хонадоннинг қўшниси.

Бу суҳбатдошга кўра¸ ўлдирилган аëл битта фарзанди билан ишсиз отасиникида яшаб юрган¸ унинг ўзи ҳам ишсиз бўлган.

Сўнгги икки ой ичида Озодлик Ўзбекистонда оилада жанжал оқибатида рўй берган камида учта қотиллик ҳақида хабар берди.

Ўтган ой бошида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайноанаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди.

Август ойиида эса Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг "Постда" нашрига кўра, жорий йилнинг 7 ойи ичида оила-турмуш доирасида 105 та қотиллик жинояти содир этилган. Жумладан, 34 та ҳолатда эр хотинининг, бешта ҳолатда эса¸ хотин эрининг жонига қасд қилган. Бошқа ҳолатларда қариндошлар бир-бировининг жонига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG