Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:05

Андижонда ота ўзининг 10 ёшли қизига жинсий ҳаракат қилганликда гумонланмоқда


Андижон вилоят, Избоскан туман прокуратураси Андижонда 35 ёшли ота ўз қизини 2 йилдан бери ғайриоддий тарзда жинсий зўрлаб келганига оид ўтган ҳафтада келиб тушган ариза юзасидан тергов ҳаракатлари бошлади.

Воқеани ўрганган Озодлик мухбирига маълум бўлишича, ота ўз қизига нисбатан, қонун тили билан айтганда, "жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондириш" ҳаракатларини қилган.

Озодликка Андижондаги бир неча манбадан келган бу хабарни вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари тасдиқлади.

Озодликнинг аниқлашича, воқеа шу йилнинг июль ойида Андижоннинг Избоскан туманидаги қишлоқлардан бирида рўй берган. (Озодликка қишлоқ номи маълум)

Озодликка етиб келган хабарда айтилишича, ўзи яшайдиган қишлоқда новвой бўлиб ишловчи 35 ёшли эркак (унинг исм-фамилияси Озодликка маълум – таҳр.) ўзининг 10 ёшли қизига нисбатан "жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондириш" ҳаракатларини қилаётганини қайинсинглиси кўриб қолган.

Кейин қайинсингил кўрганларини опасига (зўравон эркакнинг рафиқасига) айтиб берган.

"Олти ой давомида эрининг шубҳали амалларини пайқаб, қизини жинсий зўрлаб келганига ўзи ҳам тўлиқ амин бўлганидан сўнг, қизнинг онаси эрининг устидан милицияга шикоят қилди", дейилади Озодликка келган хабарда.

Шундан сўнг зўравон ота ўтган ҳафтада ҳибсга олингани маълум бўлди.

Озодлик воқеа содир бўлган оила билан ҳам боғланди, бироқ оила аъзолари саволларга жавоб беришни истамади.

Избоскан туман прокуратураси расмийси Озодлик саволига жавобан ўз қизини зўрлаган отага нисбатан жиноят иши очилганини тасдиқлади, лекин тергов сири важидан бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Вилоятдаги бошқа ҳуқуқ-тартибот органларидан олинган маълумотга қараганда, Избоскан туман прокуратураси мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси (Зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) бўйича жиноят иши очган.

Мазкур моддада 15 йилдан 20 йилгача муддатларга озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг, исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, тергов давомида қўлга олинган эркак 2016 йилнинг декабрь ойидан буён ўз қизини унинг ожизлигидан фойдаланиб мунтазам жинсий зўрлаб келганликда гумон қилинмоқда.

"Ўгай қизи эмас, ўзининг қизини 2016 йил декабрь ойидан буён зўрлаб келгани аниқланяпти. Сўнгги бор июль ойида каптархонада... (шу ўринда манба ота ўз қизига нисбатан айнан қандай ҳаракатлар қилганини бирма-бир айтди - таҳр.) қизнинг холаси, яъни шу эркакнинг қайинсинглиси кўриб қолган ва опасига айтиб берган. Олдинига қизнинг онаси ишонмаган. Лекин у узоқ вақт эрини пайқаб, гумон қилиб юрган. Ўзи ҳам бунга тўлиқ амин бўлганидан сўнг ўтган ҳафтада милицияга келиб, бор гапни айтиб берди. Бундан ташқари у эркак ўз турмуш ўртоғини ҳам ғайритабиий жинсий алоқага мажбурлаган. Буни ҳам шу аёл ўз кўрсатмасида айтди. Ҳозир бу бўйича жиноят иши очилиб, тергов кетяпти, - деди Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозим.

Ўзбекистонда вояга етмаган қизларни зўрлаш фактларига оид хабарлар бундан олдин ҳам пайдо бўлган.

Андижон вилоят, Бўз туманидаги мактаблардан бирининг 30 яшар мусиқа ўқитувчиси 15 декабрда 1- синф ўқувчисини дарсдан кейин олиб қолиб, унга жинсий тажовуз қилгани юзасидан тергов бошлангани ҳақда Озодлик 27 декабрь куни хабар берган эди.

Қизларнинг ўз қариндошлари тарафидан зўрланиши ҳақидаги хабарлар эса расмий матбуотга деярли чиқмайди.

Ўзбекистондаги мавжуд анъаналар бундай ҳолатларнинг борлигини тан олишга ва уни ошкор қилишга йўл қўймаслиги айтилади.

Мутахассислар ёшликда яқинлари тарафидан жинсий зўрланиб, руҳий зарба олган қизлар балоғатга етганидан сўнг ушбу ҳолатларни кўтара олмасдан жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантиришади.

Ўзбекистонлик рухшунос Инна Орлованинг айтишича, акаси ёки отаси зўрлаган қизлар кўп ҳолатларда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлади.

- Бу аслида катта муаммо. Зўравон ота ёки ака қамоқда жазосини ўтаб чиқиши мумкин. Лекин, зўрланган ёш-ёш қизчалар катта бўлганларида бу иснодни кўтара олмаслиги мумкин. Чунки, ёшлигида кўп нарсани улар тушунишмайди. Шунинг учун ёшлигида зўрланиб, руҳий травма олган қизларга вақтида руҳшунослар ёрдами ўта муҳим, - дейди ўзбекистонлик руҳшунос.

Андижонда отаси тарафидан жинсий зўрланган 10 ёшли қизнинг шу кундаги аҳволи Озодликка маълум эмас. Бу ҳақда унинг оиласи Озодликка гапиришни истамади.

XS
SM
MD
LG