Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:38

1-синф ўқувчисининг онаси "боласини калтаклаган" ўқитувчи устидан милицияга арз қилди


Тошкент шаҳар, Чилонзор туман милицияси пойтахтдаги 164-сонли мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини калтаклагани юзасидан тергов олиб бормоқда.

Ўқувчининг онаси даъвосича, ўқитувчи фарзандини сўнгги бир ой ичида камида икки марта аёвсиз калтаклаган.

Ўқитувчи биринчи ҳолат юзасидан боланинг ота-онасидан кечирим сўраган ва бошқа қайтарилмаслигини ваъда қилгач, у жазосиз қолган.

Лекин калтаклаш иккинчи марта рўй бергач, боланинг онаси муаллимга нисбатан жазо кўрилишини талаб қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилган.

Жабрланувчи сифатида кўрилаётган ўқувчининг онаси Азиза Муҳамедова 164-сонли мактабда рўй берган ушбу ҳодиса ҳақида Facebook саҳифасининг "Не молчи" гуруҳида маълум қилди.

“Гап шундаки, менинг ўғлим бу йил Чилонзор туманидаги 164-сонли мактабнинг 1-синфига борди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси 12 сентябрь куни фарзандимни калтаклади. Ота-оналар йиғилиб, ўқитувчи ва директор билан масалани муҳокама қилдик. Ўқитувчи кечирим сўради, беайб ягона парвардигор деб, кечирдик. Лекин, 5 октбярь куни ўша жисмоний тарбия ўқитувчиси боламга яна қўл кўтарди, устига 20 марта ўтириб туриш ва 20 марта отжимания қилишга мажбурлабди. Мактабга борсам директор яна ўқитувчининг ёнини оляпти. Майли жисмоний тарбия, қаттиқ қўл бўлиш керакдир, лекин болаларни урмасин-да. Ҳозир болам мактабга бормаяпти, қорни оғрияпти. Мускуллари оғрияпти, деб ўйлагандик, лекин хирургнинг тавсияси билан УЗИ қилдирдик, боланинг қорин қисми лат еган экан, касалхонадан тўғри милицияга шикоят қилинди. Мактабдагилар жиддий нарса бўлмади, деб жавоб беришади, нима боламни ўлдиришини кутишим керакми?!”, - деб ёзди Азиза Муҳамедова Facebook саҳифасида.

Озодлик мухбири ўқитувчи ўз ўқувчисини калтаклагани ҳақидаги иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун Чилонзор туманидаги 164-сонли мактабга боғланди.

Мактаб директори Гулноз Латипова ҳодисани Чилонзор туман милицияси ўрганаётгани, лекин ҳали хулоса чиқарилмагани, жисмоний тарбия ўқитувчиси ишини давом эттираётганини айтди.

- Бу бўйича текширув бўляпти. Милиция бугун келиб кетди. Хулоса ҳали чиқарилгани йўқ. Ўқитувчи ишлаяпти. У болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган, лекин болани урмаганман, деяпти. Бу янги ўқитувчи, институтни бу йил битирган, спорт гимнастикаси бўйича яхши мутахассис. Биз бу ҳолат ҳар томонлама ўрганилсин, деяпмиз. Биз болалардан ҳам сўрадик, ҳаммаси айтаяпти ўқитувчи қўлини ҳам теккизмаган, - деди Чилонзор туманидаги 164-сонли мактабнинг директори Гулноз Латипова.

Чилонзор тумани Ички ишлар бўлимининг Озодлик суҳбатлашган мулозими 164-сонли мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини калтаклагани юзасидан суриштирув олиб борилаётгани, лекин жиноят иши очилмаганини айтди.

- Ҳозир биз калтак даъволарини ўрганяпмиз, боланинг тиббий кўрик натижаларини экспертизага жўнатганмиз, жавобини кутяпмиз, мактабга ҳам бориб ўқитувчи ва ўқувчиларни сўроқ қиляпмиз, - деди Чилонзор ИИБсининг ушбу ҳолат ҳақида жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги сабаб исмини айтишни истамаган мулозими.

Ўқувчини калтаклагани иддао қилинаётган ўқитувчининг ўзи билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўқувчининг онаси боланинг қорин қисми лат егани ҳақидаги врач ҳулосасини Facebookда эълон қилди.
Ўқувчининг онаси боланинг қорин қисми лат егани ҳақидаги врач ҳулосасини Facebookда эълон қилди.

Ўзбекистоннинг мактаб ва коллежлари ҳамда болалар боғчаларида ўқувчи ва тарбияланувчиларни ўқитувчилар калтаклагани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Ўтган ой Хоразм вилоят, Боғот туман прокуратураси Олимпиада миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 36 яшар мураббийси шу мактабнинг 5- синф ўқувчисини дарс пайтида калтаклаган.

Боланинг яқинлари Озодликка 5 синф ўқувчиси 20 сентябрь куни калтаклангани ортидан комага тушганини айтишганди.

Ўтган йили эса, Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбиячининг ёрдамчиси болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётгани акс этган видеоёзувларни Озодлик эълон қилгач, зўравон боғча опа ва боғча раҳбари ишдан олинган эди.

XS
SM
MD
LG