Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:56

Президент қабулхонаси олдида пикет қилган 5 аёлдан бири 5 кунга қамалди


9 январ куни аёллар Ўзбекистон президенти қабулини талаб қилиб, халқ қабулхонаси олдига тўпланишганди.
9 январ куни аёллар Ўзбекистон президенти қабулини талаб қилиб, халқ қабулхонаси олдига тўпланишганди.

Тошкентда Ўзбекистон президенти қабулхонасига маҳаллий амалдорлар устидан шикоят билан борган 5 нафар аёлдан бири безориликда айбланиб, 5 суткага қамалди, қолган 4 аёл минимал иш ҳақининг 11 баробари (қарийб 2 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Бу ҳақда Озодликка воқеани ўз кўзи билан кўрган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хабар қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, 9 январь куни аёллар Ўзбекистон президенти қабулига киритишларини талаб қилиб, Олий Мажлис Сенати биносидаги Халқ қабулхонаси олдига тўпланган.

Аёллар Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан бўлиб, уларнинг шикояти ўзлари яшаётган вилоятларда маҳаллий амалдорларнинг уларга нисбатан ноҳақликларига оид бўлган.

Пикет акс этган видеода аёллар "президентни халқ сайлади, чиқсин халқнинг олдига", дея бақиради.

Аммо, пикет узоққа чўзилмади. Президент қабулхонаси қўриқчилари беш нафар аёлни автобусга босиб олиб кетади.

Хоразмлик фаол Маҳмуд Ражабнинг Озодликка айтишича, пикет иштирокчилари Яккасарой Ички ишлар бўлимига олиб борилган.

31 ёшли Нафосат Оллашукурова безорилик айби билан беш кунга қамалган.

- Аёллар президент қабулхонаси олдида қўлга олиниб, олдин Яккасарой тумани ИИБсига, кейин судига олиб борилган. Уларга маъмурий жазо қўлланилган. Нафосат беш суткага қамалган, қолган аёлларга 11 баравар минимал ойлиқ миқдорида жарима солинган, - деди Маҳмуд Ражаб.

Ўзбекистон президенти халқ қабулхонасига борган аёлларнинг қўлга олиниши ва жазоланиши юзасидан Яккасарой тумани ИИБси Озодликка изоҳ бермади.

Қамалишидан бир кун олдин Нафосат Оллашукурова унинг норозилигига маҳаллий ҳокимликнинг Урганчдаги ижара уйидан ҳайдаб чиқаргани сабаб бўлганини Озодликка билдирганди.

Шунингдек, у 9 январь куни эрталаб милиция унинг телефонини олиб қўйиб, ундаги видеотасвирларни ўчириб ташлашгани ҳақида ҳам Facebook саҳифасида хабар берганди.

У ўзининг Facebook саҳифасига қўйган видеоларда президент маҳкамаси қўриқчиларининг аёллардан бирининг телефонини тортиб олишга уринаётгани, аёлларнинг қаршилик кўрсатишаётгани ҳам акс этган.

Видеодаги ёзувда бир аёл, милициянинг "Сиз кимсиз? Нега видеога олаяпсиз?" деган саволига "Президентимиз ҳар ким видеога олишга ва диктофонни қўшишга ҳаққи бор деб қўйдилар!" дея жавоб беради.

Ўзбекистонда ва бошқа кўпгина мамлакатларда президент қўриқчилари қиёфасини видеога олиниши тақиқланган.

Маҳаллий ҳокимликлардан норози аёлларнинг президент қабулхонаси олдида қўлга олингани ҳақида Озодлик бундан олдин ҳам хабар берган.

Ўтган йилнинг июн ойида президент қабулини талаб қилиб борган аёллардан бири 11 суткага қамалган эди.

XS
SM
MD
LG