Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:20

Дипломатия университети талабаси Юнусободда осилган ҳолда топилди


Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 4-босқич талабаси осилган ҳолда топилди. Курсдошларининг Озодликка айтишича, талаба ўзини ўзи осган бўлиши мумкин.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан бўлган 23 ёшли талабанинг ўз жонига нега қасд қилгани номаълум бўлиб қолмоқда. Юнусобод тумани милицияси факт бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.

Курсдошларидан бирининг Озодликка айтишича, марҳум талаба Ш.М. университет ётоқхонасидан 14 январь куни кеч соат 6 лар атрофида чиқиб кетган.

15 январь куни эрталаб у Юнусобод тумани 12-мавзесида дарахтга арқонга осилган ҳолда топилган.

- Шу куни кечки пайт қариндошиникида ётиб қолишини айтди, бизга. 15 январда новвойхона ташқарисидаги айвонга арқондан осилган ҳолда топилган, - деди марҳумнинг курсдоши.

Ўзини осган талабанинг исми Озодликка маълум.

Ўзбекистон Бош прокуратураси берган маълумотга кўра, Юнусобод тумани, 12-даҳасида жойлашган пиёдалар йўлагидаги дарахт устунига Ш.М.нинг мурдаси арқонга осилган холатда топилган.

"Воқеа жойига етиб келган тезкор-тергов гуруҳи ходимлари томонидан мурда кўздан кечирилганда, унинг танасида бирор-бир ташки тан жароҳати излари топилмаган. Судга оид тиббий экспертизасининг 15.01.2019 йилдаги 60-сонли дастлабки хулосасига кўра, Ш.М.нинг ўлими "бўйин аъзоларини сиртмоқ билан сиқилишидан келиб чиққан механик асфиксия. Бўйнида странгуляцион эгат" натижасида юзага келганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича Юнусобод туман прокуратурасида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширувнинг бориши Бош прокуратура томонидан алохида назоратга олинган", дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг исми очиқланмаслигини истаган бошқа талабаларидан бири марҳум курсдоши сўнгги кунларда якуний назорат имтиҳонлари боис қаттиқ босим остида бўлганини айтди:

- Бизда ҳозир якуний назорат имтиҳонлари бўляпти. НБлари кўпайиб кетгани учун, курсни бошқатдан ўқийсан деб қўрқитишган. У ўқишдан ташқари ишлар ҳам эди. Ўзингиз ўйланг: контракт 22 миллион сўм. Қайта ўқиса 22 миллион сўмни қаердан олади, ўзи зўрға ўқиш пулини тўлаб юрган эди.

Лекин, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректор ёрдамчиларидан бири Озодликка бу иддао асоссиз эканини айтди:

- Нотўғри маълумот беришган. Ҳудди шу масала бўйича кеча проректоримиз ҳам бизни чақириб сўрадилар. "Курсдошлари шунақа деяпти", деб бизни тергадилар. Проректоримизга журнални, ҳамма ҳужжатларни олиб тушиб кўрсатдик. Охирги рейтинг натижаларини ҳам олиб тушиб кўрсатдик. Бирон марта ҳам бу болага нисбатан ҳақсизлик бўлмаган. Ўқиш пулини тўлашда ҳам муаммоси бўлмаган. Биринчи семестр ўқиш пулини 100 фоиз тўлаб қўйган эди. Қийналган оиладан бўлгани учун бу болага чегирма ҳам қилиб берганмиз.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ётоқхонаси раҳбарларидан бири Озодликка талаба жуда интизомли бола бўлганини айтди:

- Урушганини ёки кимгадир қаттиқ гапирганини эшитмаганман. Жуда интизомли бола эди. Ҳозир Қашқадарёдан боланинг акаси келган, жуда нохуш воқеа бўлди.

2018-2019 ўқув қилидан Университет ўқиш пулини 12 миллион сўмдан бирданига қарийб 24 миллион сўмга кўтарган, бу эса талабаларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

ЖИДУ талабалари ректорат биноси томон юриш қилмоқда.
ЖИДУ талабалари ректорат биноси томон юриш қилмоқда.

Айрим талабалар ўқиш пули ошгани сабаб контракт пулини тўлай олмай, ўқишни давом эттира олмаслик хавфи остида қолганликларини Озодликка айтишганди.

Университет раҳбарияти ўқиш нархлари талабалар манфаатини кўзлаб ўқув сифатини кўтариш мақсадида оширилганини билдирган.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 1992 йилда олдинги Тошкент Олий партия мактаби биносида очилган эди.

Бугунги кунда уч мингдан ортиқ талаба Халқаро муносабатлар, Халқаро иқтисодий муносабатлар, Халқаро ҳуқуқ соҳалари бўйича айни олийгоҳда таълим олади.

XS
SM
MD
LG