Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:42

Онкология маркази ремонтига медперсонал сафарбар қилинди, операциялар кечикмоқда


Республика онкология илмий маркази
Республика онкология илмий маркази

Республика онкология илмий маркази қайтадан ташкил этилиб¸ таркибида Саратонга қарши куршаш маркази тузилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика онкология илмий маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилинаëтгани ортидан клиникада жадал таъмир ишлари кетмоқда.

Марказда ишлайдиган врач Озодликка 4 апрелдан бери давом этаëтган таъмир ишларига ҳамшира ва врачларнинг сафарбар қилинаётганидан шикоят қилди.

Врачнинг айтишича¸ малакали врачлар оддий мардикор қиладиган жисмоний меҳнатга мажбур қилинмоқда:

- Янги ташкил қилинаëтган онкология илмий маркази учун олиб келинган мебелларни ташиш¸ йиғиш каби ишларга врачлар жалб қилинган. Бундан ташқари мебел олиб келган транспортчилар ҳақини тўлаш ҳам врачлар зиммасига ўллон қилиб қўйилди. Ҳамширалар ҳам ҳаммол каби ғишт ташиб ëтибди. Касалхонанинг умумий ритми бузилган¸ режаланган амалиëтлар кечиктирилган. Клиникадаги врачлар ва бошқа медперсонал руҳан ва жисмонан чарчаган¸ деди врач.

Онкология маркази шифокорлари таъмирлаш ишларига мажбурланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:44 0:00

Илмий марказ мулозими: Бу оддий ҳашар, операциялар кечиккани рост

Республика онкология илмий маркази бош врачи хўжалик ишлари бўйича ëрдамчисининг айтишича¸ Озодликка шикоят қилган врачнинг иддаолари бўрттирилган:

- Президент Шавкат Мирзиёевнинг онкология хизматини янада ривожлантириш бўйича 4 апрель қарорини бажариш мақсадида онкология марказида ташкилий ишлар бўляпти. Соҳага оид янги оборудованиелар келтирилди. Шу соҳа врачлари ўзлари юкларни тушириб¸ яшикларини очиб ўрнатиб йиғиб турибди. Кейин қайтариб олиш шарти билан врачлар юк олиб келганларнинг ҳақини берворишди. Улар кутиб турмайдику?! Квитанцияси бор. Ишлар изга тушиб кетганидан кейин врачларни ойлигига қўшиб ëзиб юборамиз. Ҳамширалар ҳар йилги каби кўкламги ободонлаштириш ишларига жалб қилинган. Операциялар кечиккани тўғри¸ лекин бунга узрли сабаб бор. Марказ қайта ташкил қилиняпти¸ дейди исми айтилишини истамаган мулозим.

Тахта ташиëтган ҳамширалар

Онкология марказидаги вазиятга маҳаллий журналистлар ҳам қизиқиш билдиргани маълум бўлди. Улардан бирининг Озодликка айтишича¸ марказдаги корпуслардан бирида 28 апрел куни ҳам таъмир ишлари кетаётган эди:

- Таъмирчилар ишлаяпти¸ ҳамширалар эса қурилиш бўлаëтган жойни супуриб-сидирмоқда. Оқ халат кийган ва бейжигида "врач" деб ëзилган кишиларнинг оғир қутиларни ташиб юрганини ҳам кўрдим. Уларнинг айтишича, саккиз кун олдин иш роса қизиган¸ ҳозир эса сал-пал маромга тушган. Медперсонал куни билан ишласа ҳам ярим ставка ойлик олаëтганидан нолиди¸ дея таъкидлаган мухбир ўз гапларига илова сифатида фотосувратлар юборди.

Бу тасвирларда тахта¸ қурилиш нарвони ва ғишт ташиëтган ҳамширалар акс этган.

Лойқа сувда балиқ тутиш

Озодлик суҳбатлашган онкология илмий маркази врачи реконструкция учун кетган пулга янги марказ қурса бўлар эди, дея фикр билдиради:

- Балким бу яъни таъмир баҳонасида пул ўзлаштириш¸ одамларни текинга ишлатиш Ўзбекистон учун оддий ҳолатдир. Аммо бу оддий ҳолат беморлар тақдирида акс этгани боис, жим тура олмайман. Шу кунда аҳволи ўта оғир касалларнигина қабул қиляпмиз. Онкология маркази ҳудди жанг майдонига ўхшайди. Врачлар асабий¸ кунора скандал. Реконструкция уч йил давом этар экан. Демак уч йил шундай аҳволда юрамизми? Бош врачга эътироз билдирсак президент фармонини пеш қилади. Мен муҳандис эмасман, аммо реконструкция учун кетган пулга янги марказ қурса бўларди, деган хулосага келганман. Қурилиш бўлаëтгани боис тартиб-интизом йўқ бўлди. Бино деярли қоровулланмаяпти. Кейинги бир ой ичида радиология марказидан бир неча компютер ва ноëб диагностика ускунаси ўғирланди¸ дейди врач.

Инвентар рақами бўлмаган ускуна ўғирланган

Республика онкология илмий маркази бош врачининг ҳўжалик ишлари бўйича ëрдамчиси янги олиб келинган ускуна ва компютерлар ўғирлангани бўйича милицияга ариза берилганини билдирди.

Унга кўра¸ ўғрилар ҳали инвентар рақами қўйилмаган ноëб диагностик ускуна ва компютерларни ўмаришган. "Марказда таъмир бўлаëтгани боис кузатув камералари ишламаган¸ қурилиш жараëнида кирди-чиқди кўп бўлгани боис қоровуллар беэътибор қолган", дейди мулозим.

Президент қарори

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур қарорга кўра, Республика онкология илмий маркази қайтадан ташкил этилади ва таркибида саратонга қарши курашиш бўйича янги марказ тузилмоқда.

Айни қарор асосида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида юридик шахс ташкил этмасдан, марказ ходимларининг умумий сони доирасида саратон профилактикаси маркази ва Экспериментал онкология маркази ташкил этилади.

XS
SM
MD
LG