Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:51

Товоқсойдаги қамоқҳонада 70 дан ортиқ маҳбус номаълум касалликка чалинди


Тошкент вилоятининг Товоқсой посёлкасида жойлашган 64/3-сонли жазони ижро этиш муассасасида 70 нафардан ортиқ маҳбусга номаълум инфекция юқиши оқибатида эпидемиологик вазият юзага келган. Ички ишлар тизимидаги Озодлик манбасига кўра, воқеа 24 июл куни рўй берган. Бемор маҳкумлар Тошкент шаҳридаги 64/18-сонли муассасага ("Сангород") келтирилган. Улардан 13 нафарининг аҳволи оғир.

Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда маҳкумлар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин, деган фаразлар ўрганилаётганини айтди.

- Овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин, дейиляпти. Лекин, бу ҳали аниқланиш жараёнида. Тошкент вилоят прокуратураси бу бўйича текширув олиб бормоқда. Қамоқхонада карантин ҳолати эълон қилинди. Барча маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди, - деди Жазони ижро этиш Бош бошқармаси мулозими.

Озодликнинг Ички ишлар вазирлигидаги манбаларига кўра, ҳозирда Ички ишлар вазири генерал-майор Абдусалом Азизов бошчилигида "Сангород"да комиссия ташкил қилинган.

Касалга чалинган маҳкумлардан бири яқинининг айтишича, инфекцияни юқтирган маҳкумларда "безгак аломатлари, фавқулодда қалтираш, галлюцинация ҳолатлари" ҳам рўй берган.

Лекин, Жазони ижро этиш Бош бошқармаси мулозими бу иддаоларни кескин рад қилди.

- Қандай вирус экани номаълум, лекин безгак эмас. Маҳкумларнинг аҳволи анча яхши, - деди мулозим.

"Сангород" тиббий муассасаси раҳбарияти ҳам, Товоқсой посёлкасидаги 64/3-сонли қамоқхона раҳбарияти ҳам маҳкумларнинг номаълум инфекцияга чалингани юзасидан изоҳ бермади.

Ўзбекистон расмий матбуотида ҳам бу ҳақда хабар берилмаган.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, ёз ойларида қамоқхоналарда оммавий заҳарланишлар кўп бора бўлган:

- Ёзда бўлиб туради бундай ҳолатлар. Иссиқда овкат айниши мумкин. Бунақа оммавий заҳарланиш бўлса ёки эпидемия ҳолати юзага келса ГУИН (Жазони ижро этиш бош бошқармаси) анча жиддий ҳаракат қилади буни бартараф этиш, эпидемия кучайиб кетмаслиги учун. Бу каби ҳолатлар кўп бўлади, лекин ГУИН бу ҳақда маълумот бермайди, - деди Суръат Икромов

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароитлар, ҳамда тутқунлар юз тутадиган қийноқлар ва таҳқирлашлар халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан мунтазам равишда танқидга учраб келади.

XS
SM
MD
LG