Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:50

Ўзбекистонлик гастарбайтер Магнитогорскда 8 кишини қутқарди


​​Алан Абдуллаев Магнитагорскда қурилишда ишлайди. Шарқ якка кураши спорти билан шуғулланади.
​​Алан Абдуллаев Магнитагорскда қурилишда ишлайди. Шарқ якка кураши спорти билан шуғулланади.

Ўзбекистонлик 23 ёшли муҳожир ишчи Алан Абдуллаев Россиянинг Магнитогорск шаҳрида портлаш оқибатида қулаб тушган кўп қаватли уй вайроналари остидан​ саккиз кишини биринчилардан бўлиб, ҳали МЧС ходимлари келмасиданоқ қутқаришга муваффақ бўлган. Россия матбуоти Абдуллаевни "ҳақиқий қаҳрамон", дея таърифламоқда. Магнитогорскдаги кўп қаватли уйда 31 декабрда портлаш юз бергани оқибатида 1100 киши яшайдиган кўп қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушган эди.​

Магнитогорск шаҳридаги қурилишлардан бирида ишловчи ўзбекистонлик 23 ёшли Алан Абдуллаев 31 декабр куни саҳарда намозга шошаётганда портлаш овозини эшитади.

У одамларга ёрдам бериш учун портлаш рўй берган турар жой биноси томон шошади.

Life.ru нашрига кўра, қутқарувчилар етиб келгунига қадар Алан уй вайроналаридан саккиз одамни қутқаришга муваффақ бўлган.

Қутқарувчилар етиб келганидан сўнг, ўзбекистонлик муҳожир ишчи МЧС ходимларига қайси уюмлар остида одамлар борлигини кўрсатиб, ёрдам берган.

"Вайрон бўлган квартирада ёш болали аёлни кўрдим. Қайси қаватдалигини ҳозир эслолмайман. Шу ерга тирмашиб, чиқиб уларни пастга олиб тушдим. Бошқа бир квартирада кекса аёл ёнғинда қолиб кетган экан. Менга огнетушител беришди, ўтни ўчириб, пенсионерга ёрдам бердим", - деб айтган Алан Абдуллаев Life.ru нашрига.

Алан Абдуллаев Магнитогорскда қурилишда ишлайди. Шарқ якка кураши спорти билан шуғулланади.

Ҳозирги кунда Алан ҳар куни кўнгилли сифатида қутқарувчиларга ёрдам бермоқда.

Магнитогорскда 31 декабр куни портлаш оқибатида вайрон бўлган бино остида қолиб, 38 киши қурбон бўлди.

Россиянинг Челябинск вилояти Магнитогорск шаҳрида маиший газ портлаши оқибатида кўпқаватли уйларнинг бирининг подъезди ўпирилиб тушганди.

Россия Тергов қўмитаси кўп қаватли уйда портлаш нима сабабдан юз берганини текширмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, уйда газ портлаган бўлиши мумкин.

Магнитогорскда юз берган фожиа муносабати билан Россия раҳбари номига дунё етакчиларидан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга биринчилар қаторида таъзия билдирган.

XS
SM
MD
LG