Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:32

Украина DDos ҳужуми Ўзбекистон орқали уюштирилган демоқда. Тошкент жим


Украина расмийларига кўра, ҳужум Россия ва Хитойдан бошланган. Портал мутахассислари буни тўхтатиб қўйган, лекин кейин ҳужум яна давом этган — бу сафар Чехия ва Ўзбекистондан бўлган.
Украина расмийларига кўра, ҳужум Россия ва Хитойдан бошланган. Портал мутахассислари буни тўхтатиб қўйган, лекин кейин ҳужум яна давом этган — бу сафар Чехия ва Ўзбекистондан бўлган.

Украина расмийлари 15 февраль куни мамлакатнинг “Дія” порталига қилинган DDos ҳакерлик ҳужуми Ўзбекистон орқали уюштирилган, деб баёнот берди.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Озодлик мухбирининг бу ҳақдаги сўровини жавобсиз қолдирди.

Тошкентдаги давлатга қарашли Киберхавфсизлик маркази раҳбарияти ҳам Озодликка бу хабарларни изоҳлашни истамади.

Мутахассислар фикрича, бир давлат DDos ҳужумларни иккинчи давлат орқали учинчи давлатга осонгина уюштириши, буни иккинчи давлат билмаслиги ҳам мумкин.

Украина ҳукумати мамлакат қуролли кучлари ва бир қанча вазирлик ва банклар веб-сайтлари киберҳужумга учрагани ҳақида хабар қилган эди.

Украина Рақамли трансформациялар вазири Михаил Федоров ҳакерлар 15 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 20:00 атрофида портал сайтини бузиб киришга ҳаракат қилган.

“Тахминан соат 20:00 да банклар ортидан “Дія” порталига кучли DDoS ҳужуми бошланди, бу кутилган эди”, деб ёзади Федоров Твиттер саҳифасида.

Фёдоровга кўра, ҳужум Россия ва Хитойдан бошланган. Портал мутахассислари буни тўхтатиб қўйган, лекин кейин ҳужум яна давом этган — бу сафар Чехия ва Ўзбекистондан.

Ўзбекистон орқали қилинган DDos ҳужуми?

Федоровнинг қайд этишича, порталга секундига 600 минг зарарли трафик ёпирилган.

"Ҳужумларнинг бошланғич нуқтаси Россия ва Хитойдан экани аниқланди. Сониясига тахминан 600 минг зарарли трафик пакети узатилган. Мутахассисларимиз тезкорлик билан бу ҳужумларни “қайтарди”. Аммо кейинги ҳужумлар Чехия ва Ўзбекистон орқали уюштирилди. Бу ҳужумлар ҳам “тўсилди”. Фойдаланувчилар учун ҳужум ҳаракатлари сезилмаган”, — деб билдирди Федоров Телеграм каналида.

Вазирнинг таъкидлашича, Украина Мудофаа вазирлиги, Қуролли кучлар, “Приватбанк” ҳамда “Ошадбанк”нинг сайтлари DDoS ҳакерлик ҳужумларига учраган.

Бундан олдин Украинанинг "Монобанк"и асосчиси Олег Гороховский DDos ҳужуми мамлакатнинг деярли барча банкларида кузатилганини айтган.

Хакерлар Украинанинг Альфа-Банк ва А-Банкига ҳам ҳужум қилишга уринган.

Гороховский DDos ҳужумни мисли кўрилмаган деб айтган.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати ходими Озодликка бу ҳақда кейинроқ изоҳ берилишини айтди.

Лекин, айни телефон рақамига кейин кун давомида боғланиб бўлмади.

DDos ҳужумлар учинчи давлат орқали уюштирилиши мумкинми?

Озодлик билан суҳбатда бўлган мутахассислар бир давлат DDos ҳужумларни иккинчи давлат орқали учинчи давлатга осонгина уюштириши, буни иккинчи давлат билмаслиги ҳам мумкинлигини айтишади.

"Ҳар қандай давлат орқали, ҳатто улар билмаган ҳолда ҳам бундай ҳужумларни амалга ошириш жуда осон.

Бу шундай ишлайди. Кўплаб одамларнинг компютерлари ботларни юқтирган. Шу ботларга керакли вақтда буйруқ берилади ва бошқа давлатлардан ҳам қилиниши мумкин.

Шу мамлакат расмийлари бундан бехабар бўлиши мумкин, чунки ботлар дунёнинг исталган нуқтасидан бошқарилади", - дейди исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик компьютер соҳаси мутахассиси.

Киберхавфсизлик бўйича украиналик эксперт Антон Носов Озодлик билан суҳбат DDos ҳужумлар қандай амалга оширилишини яна ҳам оддийроқ тилда тушунтиришга ҳаракат қилади:

"Жуда арзон ва осон буни қилиш, шу билан бирга ҳужум манбасини яшириш ҳам осон. DDos ҳужумлардан мақсад банк маълумотлари ёки бошқа маълумотларга эга бўлиш учун эмас, балки тизимни, бирон инфратузилмани ишдан чиқариш мақсадида қилинади. Буни қандай тушунтирсам экан? Телефонингиз бир вақтни ўзида 1000 та ёки 10 000 та қўнғироқни қабул қилган ҳолатни тасаввур қилинг, нима бўлади? Энди шу ҳолатни компьютер тизимида тасаввур қилинг. Бунақа оқимни тизим кўтаролмайди, баъзи ҳолларда ишдан чиқади".

Ўзбекистонга оид янгиликларини ёритувчи қатор ахборот сайтлари DDos ҳакерлик ҳужумларига учраши кўп кузатилган.

Сайт эгалари ҳужумда Ўзбекистон махсус хизматларини айблашган.

DDos ҳужумлари Россиянинг Украинага босқини кутилаётган бир вақтга тўғри келди.

АҚШ ва Ғарб Россияни Украина чегарасига 100 мингдан зиёд қўшинини тўплаб, босқинга тайёрланишда айблаб келяпти.

Январь ойида Украина идораларига қилинган киберҳужумлардан сўнг Европа Иттифоқи Киев ҳукуматининг веб-сайтларига киберҳужум билан курашишда ёрдам бериш учун ресурсларни сафарбар қилишини билдирган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел ўшанда ҳужум ортида ким тургани номаълум, бироқ “тахмин қилишимиз мумкин”, деганди.

Оқ уйнинг расмийси Анн Нойбергер шу ой бошида Россия киберҳужумлардан Украинани беқарорлаштириш ва янада бостириб кириш ҳаракатларининг бир қисми сифатида фойдаланиши мумкинлигини айтганди.

4 февраль куни АҚШнинг икки йирик технология компанияси -- Microsoft ва Palo Аlto Networks -- Украина Россия разведкаси томонидан назорат қилинади деб ҳисоблайдиган ҳакерлик гуруҳи мамлакатдаги кенг доирадаги ташкилотларни нишонга олганини айтганди.

XS
SM
MD
LG