Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:22

Ўзбекистонликларга такрор "Ҳаж" зиёратига бориш тақиқланди


Самарқандликлар Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага жўнаб кетишмоқда, 12 сентябрь, 2015 йил
Самарқандликлар Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага жўнаб кетишмоқда, 12 сентябрь, 2015 йил

Вазирлар Маҳкамасининг 6 январь куни Norma.uz ахборот-ҳуқуқий порталида эълон қилинган қарорига мувофиқ, бундан буён ўзбекистонликлар такрор "Ҳаж" зиёратига боролмайди. Бундан ташқари, "Умра"га боришни истовчилар ҳам сўнгги 2 йил ичида бу зиёратни қилмаган, сўнгги 5 йил ичида эса "Ҳаж"га бормаган бўлиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 1031-сонли қарорида айтилишича, "Ҳаж" сафарига номзодларни танлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш мақсадида" такрорий "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил қилиш тартибига ўзгартирилган.

Norma.uz сайтида чоп этилган матнда алоҳида таъкидланишича, бундан буён Ўзбекистондан "Ҳаж" зиёратига боришни истовчилар, аввалгидек сўнгги 5 йил ичида эмас, балки умри давомида бу зиёратга бормаган бўлиши шарт.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қарорига ёзилган шарҳда айтилишича, "Ҳаж" ва "Умра" зиёратига борувчиларни саралаш сафарга 5 ой қолганда бошланади, талабгорлар навбатга ёзилишидан суҳбатдан ўтказилади, муҳими, зиёратга борувчилардан "йўлдан адашганларни соғлом ҳаётга қайтариш тадбирларида фаол қатнашиш" талаб қилинади.

Бундан ташқари, "Ҳаж"га боришни истовчи имом-хатибларга имтиёзли асосда тавсия бериш тартиби ўрнатилди.

Зиёратга борувчилар эса ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимиятларида ташкил қилинган 7 кишилик комиссия томонидан сараланади ва бу саралаш босқичлари ҳар бир маҳалланинг қўмитаси томонидан ташкил қилинади.

Ўтган йилнинг декабр ойи бошида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси "Ҳаж"га борувчиларга талабларни кучайтирган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 1 декабр куни эълон қилган Ҳаж ҳақидаги фатвосида:

"Ҳажга бориш учун талабгорларда ҳажнинг фарз бўлиши учун ҳур, болиғ, оқил, соғлом бўлиш ҳамда аслий ҳожатларидан ва қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиш, шунингдек йўлнинг тинч ва очиқ бўлиши каби зарур шартларнинг мавжудлигига эътибор қаратилсин", дейилади.

Бундан ташқари, фатвода талабгор маҳаллада юриш-туриш ва муомалада ўзгаларга ибрат ҳамда намуна кўрсатган бўлиши лозимлиги айтилган.

Ўтган йили Ўзбекистондан "Ҳаж" зиёратига борувчилар сони қарийб 40 фоизга оширилиб, 7 минг 200 ўзбекистонлик "Ҳаж"га борди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бу миқдор йилдан йилга ошириб борилишини билдирган.

Бироқ "Умра" квотаси 6 минг киши миқдорида сақланиб қолаётган эди.​ 29 декабрь куни РИА-Новости агентлигининг ёзишича, 2018 йили 10 минг ўзбекистонлик Умра зиёратини амалга ошириши тўғрисида Саудия Арабистони билан келишувга эришилган.

Исломий Ҳамкорлик Ташикилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари 1987 йилда имзолаган битимга мувофиқ, ҳар бир мамлакат Ҳажга бир миллион мусулмон аҳолисидан мингтагача зиёратчи юборишга ҳақлидир.

Бу квотага амал қилинса, 32 миллиондан ортиқроқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон йилига камида 20 минг одамни Ҳажга жўнатиш ҳаққига эга бўлади.

Президент Каримов даврида Ўзбекистон бу имкониятдан фойдаланмади, оқибатда Ҳажга бориш учун йилларга чўзилган навбатлар пайдо бўлди. Бу жараëннинг коррупциялашганига оид кўплаб шикоятлар бор.

Ҳар йили Ўзбекистонлик мусулмонларнинг Ҳаж ва Умра зиёратлари Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тўлиқ назорати ва ташкилотчилиги остида амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG