Ўтган ҳафта бош яшинқайтаргич миссиясини яна ўз қўлига олган Алишер Қодир навбатдаги антиҳақиқат билан бўлишди: Эмишки, тиллақатори миллиардлаб куб газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқни косаси оқармайди.
Албатта, иситиш ва овқатга газ ёқадиган халқ ва коса оқариши ўртасида ҳеч бир пруф йўқ. Бир грамм ўзининг гази йўқ гуржилар газ ёқади, ватани газни устидаги озарлар газ ёқади, бутун дунёдан газ сотиб оладиган немислар, британлар, голландлар газ ёқади Лекин уларнинг косаси оқарган. Демак, газни ёқиш ёки қайта ишлаш бу танлов, танловни эса эркин бозор беради. Алишер Қодирни ким ва қандай сайлаган билмайман, лекин у сиз ва биз учун танлаб бермоқчи: газ ёқма, косанг оқармайди.
Айни пайтда:
1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлигини эслатган Алишер Қодир (эслатмаса, билмасмидик) 4 млрд.долларга қурилган ва айнан шунақа маҳсулотлар ишлаб чиқариши керак бўлган GTL завод декабрдан апрелгача ишламаслигини негадир ёдга олмаган.
GTL ва кимё заводлардан тортиб иссиқхоналаргача газдан узилиб, ўзбекнинг субсидияланаётган гази бир тўда олигархлар томонидан экспорт қилинаётгани Алишер Қодирни ҳайратга солмаган. Нега Алишер Қодир газ экспортини тўхтатишни сўрамайди? Алишер Қодир Ўзбекистонни талаётган олигархлардан қўрқадими ё уларнинг феълан адвокатими?
Алишер Қодир ўрисники (балки аслида ўзимизники) дейилган газни Гонконгда жойлашган ўртакашдан “импорт” қилинаётганини жуда яхши билади, лекин параламентда қўр тўкиб ўтириб, ғинғ демайди.
Алишер Қодир миллат ва унинг косаси ҳақида қайғурар экан, нафақат Ўзбекистон, бутун Марказий Осиё газ инфратузилмаси юраги бўлишига қарамай, шимол олигархиясига совға қилиб юборилган Газли омборини ўзбек халқига қайтарилишини, яъни миллийлаштиришни талаб қилмайди.
Нега Алишер Қодир охирги 8 йил ичида бир тўп энергошотирлар томонидан олигархияга совға қилиб юборилган конлар, улушлар ва активларни тафтиш қилиш, схемалар қонунийлигини ўрганиш, энерголюстрация масаласини параламентга чиқармайди?
Нимага?
Булар Алишер Қодир сайлов дастурида йўқ, Алишер Қодир сайловчиларига ўзбек халқини талаётган ўғри олигархияга қарши курашаман, деб ваъда бермаган, дейсизми?
Унда, нима Алишер Қодир 4 ой аввалги сайлов-палов кампаниясида аҳоли газдан узилмаса, халқ косаси оқармаслигини очиқ-ойдин айтганмиди? Шунга халқдан мандат олганмиди?
Ё буларнинг ҳаммаси негизида оқни қора деб эълон қилиш ва сиёсий иккиюзламачиликдан иборат антиутопия ётадими?
“Газ ўрнига электр” бу янги ижтимоий келишув эмас, навбатдаги қопқон
Алишер Қодир оғзи билан илгари сурилаётган газ ўрнига электр энергияси ишлатиш нарративи газ таъминоти ёмонлашишдан тўхтамаётган бугунги реалликларда гўёки қанақадир муросадек, таъбир жоиз бўлса, таклиф этилаётган “янги ижтимоий келишувдек” кўринади. Лекин бу қопқон, агар алдов бўлмаса.
Бу нарратив қопқон ва алдов эканини англашингиз учун айрим мулоҳазалар:
Биринчидан, аҳолига газ етказишни камайтириш (экспортни тўхтатиш эмас!) масаласини, афсуски, аллақачон ёпиқ кабинетларда муҳокама қилиш бошланган. Аҳолидан юлиб олинган газ қандай тақсимланади ва кимнинг чўнтагини бойитади, деган саволга очиқ жавоб йўқ, лекин газ экспорти тўхтамаётганидан, газга оид янги шиширилган лойиҳаларни ясаш авж олаётганидан ишора топсангиз бўлади.
Иккинчидан, 2 йил аввал қабул қилинган стратегияга кўра, газ қазиб олиш 2030 йилгача 62 млрд.кубга етказилиши керак. Бунинг учун давлатнинг, бюджетнинг триллионлаб сўми, миллиардлаб доллари ўзлаштирилмоқда. Агар стратегия вазифаси кучда экан, яқин 4 йилда газ қазиб олиш 20 млрд.кубга ошса, аҳолига газ беришни қисқартириш нима учун? 62 млрд.куб газ қазиб олиш вазифаси бажарилмаса, унда жавобгарлик кимда бўлиши керак? Аҳолидами ё энергорассомларда?
Учинчидан, энди тўққиз қайтганлар яна бир думалаб, пластинкани тескари айлантириб, 2030 йилгача газ қазиб олиш 30 млрд.кубгача, 2035 йилгача 20 млрд.кубгача қисқаради деган навбатдаги ёлғон картина чизишмоқда. Шу пайтгача, 8 йил давомида қазишни оширамиз, дея миллиард ва триллионларни ўзлаштирганлар энди импортни оширамиз, янги магистрал газ қувурларини қурамиз ва таъмирлаймиз, дея навбатдаги миллиардларни совуришга ўтишмоқчи (соусига мазасини пудрат қироллари эмадиган навбатдаги қимматлаштирилган энергетик лойиҳалар). Қизиғи, 8 йил давомида қазишни оширамиз дея ёлғон ваъдалар бериб келган тўда ҳам ўшалар, энди қазиш 2 карра пасайиб кетади, импортни 5 карра кўтаришга тўғри келади деётган ҳам ўша тўда. Ҳеч қандай жазосиз. Нима учун миллиардларни ўзлаштириш учун қайта ва қайта тўқилаётган ёлғонларга аҳоли балогардон бўлиши керак? Энергокасофатлар эмас?
Тўртинчидан, шонли энергетикларга оид қайси сўз ва ваъда бажарилгандики, бу таклиф ваъдасида туришса. Узоққа бормайлик, газлашмаган уй хўжаликлари учун электр энергиясига 50 фоизлик чегирма ваъдаси амалга ошдими? Газ ўрнига электр энергияси таклифини қабул қилишингиз мумкиндир, лекин билингки, катта эҳтимол билан, газ аниқ бўлмайди, лекин эвазига электр ҳам барқарор бўлмайди. Нархини-ку гапирмай қўя қолай.
Сиз шунга розимисиз?
Отабек Бакиров
Иқтисодчи, блогер
(Телеграмдаги Bakiroo каналидан олинди)
Таҳририятдан: OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.
Форум