Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:07

Тадбиркорлар: “Ўзтўқимачиликсаноат” Президент берган имтиёзни бизга пулламоқда


«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси учун янги бинонинг шу ерда қурилиши айтилмоқда.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси учун янги бинонинг шу ерда қурилиши айтилмоқда.

2017 йили ташкил этилган «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига аъзо корхоналар¸ президентнинг махсус фармони билан 2021 йил январига қадар божхона божи, ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи)¸ акциз солиғи ва божхона йиғимларидан озод этилди.

Ана шу имтиëзлардан фойдаланиш учун уюшмага аъзо бўлиш ҳақида ариза топширган тўқимачилик корхоналари¸ Озодликка маълум бўлишича¸ уюшма низомида кўрсатилган аъзолик тўлови ва ойлик бадалдан ташқари¸ “ҳомийлик”ка мажбурланмоқда.

Уюшманинг 18 март куни Озодлик телефон ва Telegram орқали боғланган расмийлари¸ ҳомийлик қилиш сўралаëтганини инкор қилмади.

Уюшмага аъзо бўлиш учун ариза топширган бир неча тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ раҳбарият улардан даромадига қараб¸ 20 миллиондан 100 миллион сўмгача "ўлпон" талаб қилмоқда¸ акс ҳолда аъзолик сўровига рад жавоб бермоқда. Ҳозирда Меҳнат вазирлигининг эски биносида жойлашгани айтилган уюшма раҳбарияти тадбиркорларга ҳомийликдан тушган пулларнинг ўзлари учун янги бино қуришга сарфланишини иддао қилган.

Уюшманинг 18 март куни Озодлик телефон ва Telegram орқали боғланган расмийлари¸ ҳомийлик қилиш сўралаëтганини инкор қилмади¸ лекин бу ҳақда маълумот беришга ваколатли эмасликларини айтиш орқали тадбиркорлар шикоятларига кенгроқ изоҳ беришни истамади.

Савдолашув

18 март куни Озодлик гаплашган тадбиркорлар¸ Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида иш бошлаган тўқимачилик корхоналари мулкдорларидир. Бу маълумотни очиқлагани учун «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбарияти қора рўйхатига тушишдан чўчиган тадбиркорлар¸ ўз шахслари сир тутилишини сўради.

Суҳбатдошлардан бири¸ жорий ой «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбарияти аъзолик масаласида уюштирган учрашувга таклиф қилинганлардан биридир.

Учрашув икки қисмдан иборат бўлди. Унга ҳар хил вилоятдан келган 30 га яқин тадбиркор чақиртирилган экан. Аввалига¸ уюшма раиси Илҳом Ҳайдаров ва яна бошқа раҳбарлар аъзолик берадиган имтиëзларни тушунтиришди. Кейин ҳаммамизни чиқариб юбориб¸ рўйхат бўйича битта-битта қайтадан чақиришди. Бу суҳбат аъзолик учун очиқча савдолашув бўлди – шуна пул ўтказсанг¸ аъзолик шартномаси тузамиз¸ бермасанг¸ катта кўча қабилида гап борди”¸ деди шахсан ўзи бу суҳбатдан ўтган вилоятлик тадбиркорлардан бири.

Унга кўра¸ пахтадан кийим-кечак тикадиган¸ ëки ип-калава чиқарадиган тадбиркор уюшмага аъзо қилишни сўраб ëзган аризасида¸ корхонасида нечта одам ишлаши¸ нечта машина борлиги¸ корхона жойлашган жойнинг кимга қарашли экани¸ йиллик айланмаси қанча экани ҳақидаги маълумотни илова қилган.

Озодлик суҳбатдошлари таъкидича¸ уюшманинг беш нафар раҳбари ўтказган яккама-якка суҳбатда тадбиркорга қўйилган "ўлпон" миқдори¸ ана шу маълумотга қараб белгиланган.

Ташқарига чиқиб¸ ўзаро гап-сўздан билганим - кичикроқ корхонаси бор йигитдан 20 миллион сўрашипти¸ 9 миллион долларлик инвестиция киритаяпман¸ деган акага 80 миллион “солиқ” солишипти. 100 миллион ўтказасан¸ дегани ҳам бор. Ким уюшма раисига¸ “бўлди ака¸ ўтказаман”¸ деган бўлса¸ қўлига шартнома беришди. Расмий аъзолик бадали – 2 миллион 67 минг сўмни тўлагани ҳақидаги квитанцияни олиб келганидан кейин¸ ҳомийлик келишуви тузилиши¸ айтилган пул ўтказилганини тасдиқловчи квитанцияни бош бухгалтерга берганидан кейин эса¸ аъзолик гувоҳномаси берилишини айтишди. ( Бу гувоҳнома бўлмаса¸ импорт имтиëзидан фойдаланиб бўлмайди -таҳр.) "Йўқ¸ ҳомийлик қилолмайман¸ ўзи аҳволим яхшимас¸ бу президентнинг айтганлари тўғри келмайди"¸ деганларга жавоб бериб юборишди. Биз борган куни чақиртирилганларнинг ярми отказ олди”¸ дейди ўзига ҳам рад жавоби берилган тадбиркорлардан бири.

Бу тадбиркорнинг қўшимча қилишича¸ аъзоликка ариза берганлар билан учрашув деярли ҳар ҳафта ўтказилмоқда ва уларга 30 тадан 50 нафаргача мурожаатчи чақиртирилмоқда.

Тадбиркор “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига нега қўшилмоқчи?

Озодлик гаплашган тўқимачилик саноатида ишлаëтган хусусий корхона эгалари¸ бунинг сабабини президент Мирзиëевнинг 2017 йил 14 декабрь кунги 5255-сонли фармони билан изоҳлади.

«Ўзбекенгилсаноат» АЖни тугатиш ва унинг ўрнида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасини ташкил этиш ҳақидаги фармонга кўра¸ ташкилотларнинг ихтиёрий бирлашуви деб таснифланган уюшма аъзолари “тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа импорт материаллар учун 2021 йилнинг 1 январигача божхона тўловлари тўлашдан озод этилди”. Расмий изоҳда ëзилишича¸ божхона тўловлари таркибига божхона божи, ҚҚС, акциз солиғи ва божхона йиғимлари киради.

Бизга ўхшаган тадбиркорни уюшма аъзолигига киришга мажбурлаëтган нарса¸ ана шу имтиëзни олиш. Масалан¸ пахтадан кийим-кечак тикадиган корхона замок¸ тугма¸ сунъий ип ва матони Хитойдан импорт қилади. 1 январдан буларга 20 фоизлик НДС (ҚҚС) солинди. Уюшмага аъзолик гувоҳномаси бўлса¸ божхона бу солиқни чегириб ташлайди¸ мол 20 фоизга арзонга келади. Кейин тайëр маҳсулотга харидор ҳам биринчи бўлиб¸ НДС борми-йўқми¸ деб сўрайди. НДС бўлса - қиммат¸ бўлмаса - арзонда молингиз! Уюшмага бир марталик бадалдан ташқари¸ ойлик даромаднинг 0.4 фоизи миқдорида бадал тўлаш белгиланган. Аммо булар қонуний тўловларга қаноат қилмай¸ ноқонуний солиқ солиб¸ аъзоликни пуллашаяпти”¸ дейди Озодлик гаплашган вилоятдаги кичик тўқимачилик корхонаси эгаси.

Озодлик тўқимачилик саноатида фаолият кўрсатаëтган¸ асосан¸ янги корхона эгаларининг “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзоликнинг пулланаëтгани ҳақида йўллаган маълумотига муносабат сўраб¸ уюшма раҳбариятига 18 март куни бир неча бор қўнғироқ қилди.

Раис қабулхонаси ходимлари бу масалада фақат мазкур жараëнга масъул Азиз Ëқубовгина жавоб беришини айтган бўлса¸ Ëқубов¸ ўзининг семинарда экани боис¸ гаплаша олмаслигини билдирди.

Тадбиркорлар шикоятига бир соат ичида Telegram канали орқали жавоб берилишини ваъда қилган уюшма расмийларидан бири¸ бу ваъдасини бажармади – кун давомида уюшмадан ҳеч қандай ëзма жавоб юборилмади.

“Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси расмий сайтига қўйилган расмий аъзолар рўйхатига 1470 та корхона киритилган. Президент бу уюшма аъзоларига солиқ имтиëзлари бергунга қадар¸ "Ўзбекенгилсаноат" деб номланган жамият аъзолари сони 436 та бўлган.

XS
SM
MD
LG