Қарийб уч ой олдин пахта ҳосилини кластерга топшириб бўлган ўзбек фермерлари ҳануз пулларини ололмаётганидан шикоят қилмоқда.
Кластер билан тузилган шартномага кўра, фермер 31 декабргача пахта пулини тўлиқ олиши шарт.
Агар бу кундан кечикса кластер шартномага кўра, ҳар кеч қолган кун учун жарима тўлайди.
Республика фермерларининг Телеграм-каналида бу ҳақда фикр билдирган тадбиркор-деҳқонларнинг ёзганларидан фермерга пахта ва буғдой пулини ўз вақтида бермаслик сурункали тус олганини кўриш мумкин:
“Нима у пул, қанақа бўлади, сўрайвериб эсдан чиқиб кетдику пахта пули?”
“Пул тугул, солиққа пул чиқармаяпти!”
“Баракалла, бирлашиш онгли амалий харакат килиш лозим. Олма огзимга туш деган билан, кластер ўзидан ўзи пишиб "келинг фермер ака пулингизни мана олиб куйинг камига ака узр-а" демайди”.
“Yangi yilgacha beramiz dеyishgandi aprelgacha deb vaxtni cho'zyabdi”
“Апрелга келиб, Ноябрда дейди, лағмончилар, хар йилги ашула”
“Ишчиларни алдаб пулини бермай юраверамизми” (имло сақланди- таҳр.)
Кластерлар нафақат қарзини, балки пахта терими учун теримчиларга ажратилган пулни ҳам тўлиқ тўлай олмаган.
Фермерлар молини, мошинасини сотиб ўз ёнидан теримчиларга пул бериб пахтасини тердирган.
“Республика бўйича 136та кластер бор. Улар ўзаро тил бириктириб, фермерлардан пахтани паст нархда сотиб олишни келишган. Эркин бозор иқтисодиёти амалга ошмаяпти. Одддийгина бозор принципларига риоя қилинмаяпти. Фермерларнинг уқувсизлиги, саводсизлиги ва журъатсизлигидан фойдаланган ҳолда ҳали ҳам уларга босим бор, кўп нарсада чеклов бор. Кластерлар бундан усталик билан фойдаланиб, ўзларига қимматбаҳо мошинлар олиб миниб юришибди, данғиллама уйлар солишмоқда. Улар давлат берган катта миқдордаги кредитдан фойдаланиб олишди. Лекин давлат идораларига "қопламаяпти, баҳо паст, иккиламчи маҳсулот ўтмаяпти" деган баҳона билан ёлғон маълумот беряпти. Бир сўз билан айтганда кўнгли нопок бўлган кимсалар кластер бўлиб, қинғир ишларнинг ичига кириб кетишди”, дейди фарғоналик фермерлардан бири.
Жиззах вилояти, Пахтакор туманидаги "РАВОН РАВНАҚ" фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ўктам Маҳатовнинг айтишича, "SILVERLEAF" МЧЖ қўшма корхонаси ундан2023 йил пахта ҳосили ва терим пули учун 685 миллион сўм қарздор. Аммо шу пайтгача пулдан дарак йўқ.
“Биз барча қариндош-уруғ, маҳалла билан 141 тонна пахтани териб кластерга топширдик. Кластер қўл теримига ҳам ярим пулимизни бермади, барча молимизни сотиб халққа терим учун бердик. Энди ҳозир 685 миллион сўмга сотган пахтамиз пулини бермай сарсон қиляпти. Биз молларимизни ўрнига мол олишимиз, янги пахта учун замин яратишимиз, ерни тайёрлашимиз керак. Ишчилар пул сўраб келяпти, беролмаяпмиз”.
Фермернинг айтишича, янги йил ҳосилига тайёргарлик кўришнинг харажати бор. Боз устига солиқларни тўлолмагани боис, у ҳар куни пеня туғиб ётибди.
Бухоро вилоят, Ромитан туманидаги “Romitex” МЧЖга 49 тонна пахта сотган фермер Шуҳрат Расуловнинг айтишича, кластернинг 2023 йилдан ташқари, 2022 йилдан ҳам қарзи бор.
“2022 йилдан кластернинг 39 миллион сўм қолган. 2023 йил ҳосили плуини қўшиб ҳисоблаганда 158 миллион сўм ҳақдорлигим бор. Талаб қилиб борсак, маҳсулотни сотолмаяпмиз, пулимиз йўқ, деяпти. Бу ёқда эса НДС солиқларимиз пеня туғиб кўпайиб боряпти. Ақалли шу солиқларни ёпишга етарли пул ҳам бермаяпти”.
Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туманида ҳам кластер фермерларга пахта пулини бермаяпти. Фермер Шерали Зиёевнинг айтишича, пахта терган оддий теримчиларнинг ҳам иш ҳақини қоплаб беролмаган:
“Реал Агро Коттон” кластер корхонаси ўтган йили фермерлар билан ҳар кило пахтага 9700 сўмдан акт-сверка қилиб, 8300 сўмдан берган, қолганини кейин берамиз деди, лекин шундай қолиб кетди”.
Фермерларнинг сўзларига кўра, одатда, бундай ғирромлик кўп кластерларда учрайди. “Шуни олиб туринглар, биз кредитларни ёпиб олайлик, қолганини албатта берамиз” дейдию, шу билан бу қарз унутилади.
Фермерларнинг арзи неча йилдирки, ўша туман, вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмайди. Улар ижтимоий тармоқларда бир-икки дод-вой қиладию, сўнгра қўлини силтаб воз кечиб юбораверади.
Исми сир қолишини сўраган андижонлик фермернинг айтишича, фермерларнинг аксариятининг ҳуқуқий саводи йўқлиги сабабли улар ўз ҳақларини қонуний талаб қила олмайди.
Мен шикоят қилсам, ҳоким, кластер мени ёмон кўриб қолади, бир камчилигимни топиб еримни олиб қўяди, шу кунимдан ҳам қоламан деган фикрдаги фермерлар мутелик, қуллик тўнини ечмайди, дейди фермер:
“Кластер фермерларга шартномаларнинг нусхасини ҳам бермаган. Бир-иккита ҳақини танигани шартноманиундириб олиб судга чиқаман деб юрибди. Бундайлар жуда озчилик, 1-2 фоиздан ортиқ эмас. Қолгани ғирт саводсиз, уларга биров раҳм-шафқат қилмаяпти. Фермерлар кенгаши фаолияти нол. Токи фермерлар ўзларини ўзлари ҳимоя қилишни ўрганмас экан, кластер уни эшак қилиб минишда давом этаверади!”
Фермерларнинг айтишларича ўтган йили пахта ҳосили яхши бўлди. Лекин аксарият фермер хўжаликлари кластердан қарздор бўлиб қолди.
Наманган вилоят, Поп туманида фермерлик қилаётган Адҳам Мамажонов фикрича, пахта етиштиришда оддий маркетинг, дунё бозорини ўрганиш, таҳлил, прогноз қилиш йўлга қўйилмаган:
“Пахтага бериладиган пул камлиги сабабли, терим пулига ажратиладиган пулимиз озлик қилиб, теримчини далага жалб қила олмадик. Пахта териш ҳозир 10-15 фоиз механизациялашган холос, қолгани қўлда терилади. Жаҳонда пахта толаси нархининг тушиб кетиши ва бу ҳолат олдиндан прогноз қилинмагани сабаб ана шу ҳолат рўй берди”.
Ўзбекистонда сўнгги уч йилда пахта етиштириш бўйича мустақил кооперативлар ташкил қилина бошлади.
Аммо кластерлар маҳаллий ҳокимлар воситасида бу кооперативларнинг ривожланиб кетишига турли хил тўсиқлар қўй бошлади.
Аммо шунга қарамай кооперативлар давлатдан бирор сўм кредит олмай ўз маблағлари ҳисобига пахта етиштирди ва биржда мустақил сотиш ҳааркатини қилмоқда.
Андижон вилояти Бўстон туманида, Қорқалпоғистоннинг Элликқалъа туманида шундай кооперативлар мавжуд.
Озодлик билан суҳбатда андижонлик пахтакорлар, ҳосилни йиғиб қўйишганини ва биржада қулай нарх бўлса сотишини айтдилар.
Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ёзишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги бозор муносабатларига маъмурий-коррупциявий тизим қаршилик кўрсатмоқда:
“Афтидан, мансабдор шахсларимиз фермерларнинг ўзлари пахта етиштириш истагида эканлигидан қувонишлари керак эди. Ахир улар ушбу ҳаромзода тизимни сақлаб қолиш илинжида гўёки айнан шу ҳақда қайғурадилар. Асло бундай эмас! Улар фермер кооперативларини жинидан ҳам ёмон кўрадилар, мансабдорлар уларни ёпиш пайига тушиган! Қанақасига? Нега энди? Негаки уларга аслида пахта эмас, фермерларнинг устидан ҳукмронлик ва ерга эгалик ҳуқуқи керак. Ўз ихтиёри билан пахта етиштирмоқчи бўлганлар эса қонундан ташқарида!”
Ўзбекистон президенти ўтган йилнинг охирида ва ниҳоят фермерларга эркинлик берадиган фармонга имзо чекди.
“Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги бу фармонга кўра, энди 2024 йил ҳосилидан бошлаб, фермерларга маблағ кластердан эмас, тўғридан тўғри Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари тижорат банклари орқали ажратилади.
Фьючерс шартномалари доирасида фермерлардан қабул қилинган пахта хомашёси учун тўловлар кластерлар томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан амалга оширилади.
Кластерни фермер ўзи танлайди, у билан онлайн шартнома тузади, ҳосилини хоҳлаласа кластерга берсин, хоҳласа биржада ўзи сотсин, бунга имконият берилади.
Фермерларнинг айтишларича, бу улар узоқ йиллар кутган фармон бўлди.
Аммо уларнинг сўзларига кўра, гап энди бу фармоннинг ишлашида, ундаги талабларнинг бажарилишида қолмоқда.
Бунга қадар фермерларга эркинлик ваъда қилинган кўплаб фармон ва қарорлар ижросиз қолган, фермерлар эса ҳуқуқсиз ва чорасизлигича қолмоқда.
Форум