Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ўзбекистон пахта яккаҳокимлигидан қутула оладими?


Ўзбекистон ҳукумати пахтани етиштириш ва эскпорт қилишда коррупцион схемаларга чек қўймас экан пахта яккаҳокимлиги сақланиб қолаверади. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кампания фаоли, Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова Озодлик билан суҳбатда ана шундай фикрни билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати мустақилликка эришганидан буён мамлакатда етиштирилган пахта толасини Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишлаш ниятида эканини эълон қилиб келади.

Бироқ, Ўзбекистон ҳамон ўз пахтасини четга асосан хомашё сифатида сотаётган мамлакат бўлиб қолмоқда.

Пахта нархларини эркинлаштириш, фермерларга эркинлик бериш чақириқларини ҳукумат рад этиб келади.

Натижада пахта ва ғалла етиштириш ўзбекистонлик фермер учун даромад келтирмайдиган соҳага айланган.

Пахта таннархи арзонлигини таъминлаш мақсадида ёшу-қари сентябр-октябр ойларида пахта далаларига сафарбар этилади.

Мажбурий меҳнат туфайли Жаҳон Банкидан Ўзбекистонга молиявий ёрдамни тўхтатиш талаблари тўхтагани йўқ.

Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича мониторинг олиб боради.

Озодлик ундан нима учун Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача пахта яккаҳокимлигидан қутула олмагани ҳақида сўради.

Умида Ниёзова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:57 0:00
Бевосита линк

Умида Ниёзова: Бу, илк навбатда, Ўзбекистонда пахтачилик тизими қандай тузилганига боғлиқ деб ўйлайман. Яъни, айнан пахта етиштириш ва уни экспорт қилиш ҳамда аҳолидан ёппасига пул йиғиб олишга боғлиқ яхши шаклланган коррупцион схемалар боғлиқ. Мисол учун, бюджетдан ташқарида бўлган "Агрофонд" мавжуд. Бу фондга пахта экспортидан олинган маблағлар тушади. Унинг устидан ҳеч қандай назорат йўқ. Фондга қанча пул тушиши ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ. Фақат пахтадан олинган даромадни назорат қилувчи амалдорларнинг кичик гуруҳигина бу маблағдан фойдалана олади, холос. Энди коррупцияга қанчалар катта йўл ва имконият очилганини тасаввур қилшингиз мумкин. Пахтага мажбурлаш тизими туфайли ўрта даражадаги амалдорлар ва йирик ташкилотлар раҳбарлари катта даромад кўради. Давлат ташкилотлари ва тадбиркорлардан таъмагирлик йўли билан йирик маблағларни йиғиб олиш одатий ҳолга айланган. Биз "Пахта штаби"даги амалдорларнинг чўтагига қанча пул ноқонуний йўллар билан тушиши ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасмиз. Бу ишни бузиб қўйишдан қўрқув элементи ҳам бор. Пахта монокультурасидан воз кечиш учун раҳбарлардан бирортаси масъулиятни ўзи зиммасига олиши ва қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказиши керак. Ислоҳотлар эса одатда бирданига натижа бермайди, даромадни тушириб юбориши мумкин. Бундай реформаларни ўтказиш учун илк ўринда ўз ҳамёни ёки курсиси ҳақида эмас, балки одамлар, келажак авлод ва мамлакат тараққиётини ўйлайдиган раҳбарлар керак. Бундай одамлар, афсуски, Ўзбекистон раҳбариятида йўқ. Ҳозир ҳукумат тепасида ўтирган одамлар узоқ ўтмишда қотиб қолган. Улар мамлакатни фақат куч ишлатиш услублари билан идора қила олишади холос, деб қўрқаман.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати ватандошларни пахтага олиб чиқиш учун тобора янги усулларни ўйлаб топаяпти. Бу йил, мисол учун, яхши пахта терганларга музлатгич ёки кир ювиш машиналари каби совғалар беришни ваъда қилаяпти. Лекин услуб ҳамон ўша - авторитар. Бу услубга уларни нима мажбурлайди деб ўйлайсиз?

Умида Ниёзова: Муаммо негизига қаралса, биринчи навбатда, фермерларнинг пахта териш учун одам ёллашга қодир эмаслигини кўриш мумкин. Бу яна ўша пахтачилик тизимига бориб тақалади. Давлат пахтага нарх белгилайди, теримчиларга бериладиган ҳақни ўрнатади ва пахта териш кампаниясини бошдан оёқ назорат қилади. Фермерларнинг теримчиларга яхши маош бера олмаслигини давлат жуда яхши билади ва шунинг учун одамларни мажбурлаб фермерларга ёрдамга юборади. Пахта теримида одамларга совға бериш ёмон усул эмас, аммо бу усул - одамлар ўз хоҳиши билан пахта даласига чиқадиган даражада тўлов бўлмас экан – муаммога ечим бўла олмайди. Пахтачилик тизимини ўзгартиришга қаратилган дастур, энг аввало, пахтани етиштирадиган фермерларга яхши ҳақ тўлаш билан бошланиши керак.

Озодлик: Ўзбекистон пахтадан унча катта даромад олмайди. Турли ҳисобларга кўра, бир миллиард доллар атрофида. Ўзбекистон пахта ўрнига бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ё бўлмаса қишлоқ хўжалиги соҳасини назорат қилишдан мутлақо воз кечишга қодирмди?

Умида Ниёзова: Агар, қилинадиган моддий ва номоддий харажатлар, жумладан пахта териш ўрнига ўз иши билан шуғулланиши керак бўлган ўқитувчилар, тиббиёт ходимларини теримга жалб қилиниши ҳисобга олинса, бир миллиард долларни топиш қимматга тушмоқда. Бундан ташқари, пахта сабзавот ва меваларга қараганда кўпроқ сув талаб қилади. Охирги йилларда биз пахта майдонларининг аста-секинлик билан озайиб бораётгани, улар ўрнига бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Лекин бунда ҳам хавфли бир тенденцияни сезаяпмиз: энди ташкилотлар ходимлари мева ва сабзавотлар етиштирлаётган далаларга юборилаяпти. Масалан, Фарғона вилоятида ўқитувчилар баҳор мавсумида ошқовоқ далаларида ишлатилди. Яъни, мажбурлаш тизими шунчалар одатий ва оддий ҳолга айланганки, ундан воз кечишга сабаб йўқдек. Мен бир неча йилдан кейин одамларни пахта терими ўрнига тарвуз ёки ошқовоқ теримига чиқара бошласалар ҳайрон бўлмайман. Бас, одамлар чидашга ва ўз моли ва вақтидан воз кечишга тайёр бўлса, пахтачиликдан воз кечишнинг нима кераги бор?

Озодлик: Пахтани одамларга мажбурлаш масаласида халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга нисбатан босими давом этаверадими ёки Ўзбекистон ҳукуматига қарши барча усуллар қўлланиб бўлдими?

Умида Ниёзова: Босим шубҳасиз кучайиб бораверади. Биринчи навбатда бу босим Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги соҳасига кредитлар ажратган Жаҳон Банки томонидан бўлади. Чунки, банк ўзи кредит берган минтақаларда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масъулиятини олган. Меҳнатга мажбурлаш муаммоси дунёда яхши таниш: пахта кампаниясига қарши ташкилотлар коалицияси бор. Бу коалиция, Ўзбекистон мажбурий меҳнатдан воз кечмас экан, ўз ишини давом эттираверади. Бир неча кун муқаддам Берлинда ўтган анжуманда мен Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерацияси раиси Танзила Норбоева билан суҳбатлашдим. Унинг ишонтиришича, давлат корхоналари ходимлари пахтага ўз ихтиёрлари билан чиқаяпти. Албатта, биз бу унчалик тўғри эмаслигини биламиз, чунки пахтадан яхши даромад кўриш имкони бўлганида эди, уни теришга ўқитувчи ва талабалар эмас миллионлаб ишсизлар чиққан бўларди. Пахта теримига мажбурлаш сиёсати тўхтамас экан, биз вазиятни ўзгартиришга қаратилган сай-ҳаракатларни давом эттираверамиз. 2013 йилда болаларни пахтага олиб чиқишни тўхтатишга эришдик. Энди пахта теришни истамаган одамларни мажбурлашни тўхтатиш керак.

XS
SM
MD
LG