Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:24

Банклар президентнинг пенсияни нақд пулда тўлаш фармонини бажаришга уринмоқда


Пенсия учун навбат. Балиқчи тумани, Андижон вилояти.
Пенсия учун навбат. Балиқчи тумани, Андижон вилояти.

Ўзбекистон банклари президент Шавкат Мирзиёевнинг пенсияларни фақат нақд пулда тўлаш ҳақидаги фармонини бажара олмаяпти. Озодлик олган маълумотларга кўра, айрим туманларда пенсионерлар почта эшиги олдида соатлаб, баъзан кунлаб навбат кутмоқда.

Андижон вилояти Балиқчи туманидаги почта биноси олдида икки кундан бери навбат кутиб, пенсиясини нақд пулда ололмаётган пенсионерлардан бири Озодликка, почтага келтирилган нақд пулнинг тезлик билан тугаб қолаëтганини айтади:

Пенсия учун навбат. Балиқчи тумани, Андижон вилояти.
Пенсия учун навбат. Балиқчи тумани, Андижон вилояти.

- Кеча мен ўзим эрталаб соат 6 дан келиб соат 15 гача кутдим. "Соат 4 да пенсия берамиз"¸ дейишди. Кейин тахминан 8-10 кишига берди-да, "пул тугади, эртага келинглар", деди. Бугун ҳам мана кутиб ўтирибмиз, кўпчилик кутиб-кутиб уйига кетворди¸ деди 14 февраль куни Озодлик гаплашган бу пенсионер.

Марҳамат туманида истиқомат қиладиган биринчи гуруҳ ногирони Муҳаммаджоннинг айтишича, ҳозирча туман бўйича¸ тахминан¸ 20 фоиз пенсионерга нақд пулда пенсия берилган, холос:

-Пенсияни нақд беришда ҳозирча жиддий ўзгариш йўқ. Бизнинг туманда ҳали 20 фоиз ҳам берилмади-да! Почтальон ўзи маҳаллага келади, 30-40тача одам йиғилади, тўполон бўлади. Беш-олти одамга беради-да, кейин "пул тамом" деб кетади. Ана шунақа сарсончилик бўлаяпти. Ундан кўра, шу пластикка тушгани ҳам маъқулмиди, дейман, дейди Муҳаммаджон.

Андижон вилоятидаги “Халқ банки”нинг ўзини таништирмаган мулозими, вилоят пенсионерларини 27 февралгача 100 фоиз нақд пенсия билан таъминлашга ҳаракат бўлаётганини айтди.

“Тўғри, баъзи туманларда банкларга нақд пул тушуми кам бўлгани учун пенсия таъминотида бироз оқсаш кузатилаяпти. Лекин ҳаммаси ҳисобга олинган. Туманда етмаса, вилоятдан ёрдам берамиз. Барча пенсионерлар белгиланган вақтгача пенсияларини оладилар”, деди банк мулозими.

Айни пайтда¸ Фарғона вилояти Ёзёвон туманида истиқомат қиладиган 72 яшар Холмурод ҳожи ўз маҳалласидаги пенсионерларнинг пенсиялари уйларига олиб келиб берилганини айтади:

- Кеча почтачи уйга келиб¸ ўзимнинг ва оиламнинг пенсиясини 100 фоиз бериб кетди. Шунчалик хурсанд бўлибманки, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Беихтиёр, Мирзиёев отангга раҳмат, деб юбордим, дейди Холмурод ҳожи.

Ўзбекистонда пенсиялар пластик карточкага ўтказилганидан сўнг почта бўлимларидаги почтальон штатлари анча қисқартирилган эди.

Хоразм вилоят Ҳазорасп туманида яшайдиган 63 яшар Аминжон аканинг айтишича, айни пайтда почта бўлимларида почтальон штатлари қайта тикланган:

- Аввал одамлар банклардан 10-15 минг сўм нақд олай¸ деб чувалашиб ётарди. Ҳозир яхши бўлди, почтальонлар яна кўпайди. Ҳозир уйма-уй юриб, одамларга пенсия тарқатиб юришибди, деди Аминбой ака.

Исми сир қолишини сўраган самарқандлик пенсионерлардан бири эса, ҳозирча нақд пенсиядан дарак бўлмаётганини айтади:

- Одамлар пенсиямизни 100 фоиз нақд оламиз, деб хурсанд бўлиб ўтирибди. 28 февралдан кечиктирмасдан пенсия нақд тўлансин¸ дейилган. Лекин 28 февралга ҳам икки ҳафта қолди. Лекин ҳозирча нақд пенсиядан дарак йўқ, деди бу пенсионер.

Президент Мирзиёев 2 февраль куни имзолаган “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга кўра¸ Ўзбекистонда февраль ойидан бошлаб пенсиялар тўлиқ ҳажмда нақд пул шаклида берилиши шарт.

Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашга доир қатъий топшириқ берилган.

XS
SM
MD
LG