Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:59

Тошкент ҳокими пенсияни пластикка ўтказишнинг янги йўлини топди


Пенсия олиш учун навбат.
Пенсия олиш учун навбат.

Тошкент шаҳридаги пенсия жамғармаларига маълумот сўраб борган қарияларга пенсияларини пластик карточкаларга ўтказиш шарти қўйилмоқда. Жамғарма мулозимлари бу фактни тасдиқлар экан, ҳар бир пенсия жамғармаси қошида ташкил этилган махсус штаб пенсияларни пластик карточкаларга ўтказиш усулларини қидириб топиш билан машғуллигини айтди.

Тошкент шаҳар Яшнабод туманида яшовчи 65 яшар пенсионер Лариса Кузнецова пенсиясининг бир қисмини пластик карточкага ўтказиш шарти билангина пенсия жамғармасидан ўзига керакли маълумотнома олишга муваффақ бўлди.

Лариса Кузнецованинг Озодликка айтишича, 10 фоиз пенсиясини “ўз ихтиёри” билан пластик картага ўтказишга рози бўлмагунча, унга маълумотнома беришдан бош тортишган:

- Менга Россия элчихонасига топшириш учун ярим йиллик даромадим ҳақида справка керак эди. Шунинг учун Яшнобод тумани пенсия жамғармасига бордим. Жамғарма ходими мендан пластик карточкангиз борми, деб сўради. Мен “йўқ”, дедим. Ундай бўлса сиз пластик карточка очтиринг ва пенсиянгизни 10 фоизини ўшанга ўтказинг. Биз кейин сизга справка берамиз, деди. Менга пластик карточканг керак эмас, дедим. У ҳам, бўлмаса справка йўқ, деди. Бошлиғига борсам ҳам шу гапни айтди. Менга бу справка жудаям зарур эди ва ариза ёзиб беришга мажбур бўлдим, дейди пенсионер.

Лариса Кузнецова шундай ҳам пенсияси жуда оз бўлган пенсионерлар нақд пул тақчиллигидан энг кўп азият чекаëтган ҳимоясиз қатлам эканини айтади:

- Аввал 10 фоиз деб ариза ёздириб олишаркан. Кейин аста-секин 30-50 фоиз пенсияни пластикка ўтказиб юборишар экан. Ҳукумат пенсионерларни қўллаб-қувватлаш ўрнига уларнинг пенсияларини пластикка ўтказиб, янада қийнаб қўяяпти. Бизга нақд пул керак. Биз бозорда айланиб юриб энг арзон сабзавот ва картошкани оламиз. Сут-қатиқни ҳам қўлдан сотиб оламиз. Пластикка дўкондан олсанг камида 20-30 фоиз қиммат бўлади. Ҳукумат, ҳеч бўлмаса пенсионерларнинг пенсиясига тегмай турса яхши бўларди, деди пенсионер.

Тошкент туманларидан биридаги пенсия жамғармасида ишловчи мулозим, пенсияларнинг бир қисмини мажбуран пластик карточкага ўтказиш тадбири бўлаётганини тасдиқлар экан, бу ҳақдаги буйруқ шаҳар ҳокимиятидан бўлганини таъкидлади:

- Шаҳар ҳокимининг буйруғи билан ҳар бир тумандаги пенсия жамғармасида пенсионерларни пластик карточкага ўтказиш учун махсус штаб ташкил этилган. Бу штабга банклар ва пенсия жамғармаси ходимлари биркитилган. Штабнинг асосий вазифаси йўлини топиб, пенсионерларнинг камида 30 фоиз пенсиясини пластикка ўтказишдир. Ҳар куни қанча пенсионер пластикка ўтказилгани ҳақида ҳокимиятга ахборот берилади. Ҳар душанба куни селектор йиғилишида шаҳар ҳокими Раҳмонберди Жаҳонгирович штаб бошлиқларини шу масалада қаттиқ сўров қилади. Шунинг учун Пенсия жамғармаси ходимлари ҳам турли усуллар билан қариялардан ҳеч бўлмаса 10 фоиз пенсиясини пластик карточкага ўтказишга мажбур қилмоқда, дейди пенсия жамғармаси мулозими.

Ўзбекистонда пенсияларни пластик карточкага ўтказиш ихтиёрийдир ва бунга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Президентнинг "Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарорида пластик карточкага мажбурий ўтказишга йўл қўйилмаслиги айтилган.

Лекин, бу қарор борлигидан қатъий назар, нақд пул тақчиллиги боис ҳокимларнинг ўзлари махсус штаблар ташкил қилдириб, пенсияларнинг камида 30 фоизини пластик карточкага ўтказишнинг "ихтиёрий" йўлларини топиш ҳақида оғзаки буйруқ бермоқда.

XS
SM
MD
LG