Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:45

Петербург терактида тирик қолган жабрланувчи суддан судланувчиларга адолат сўради


Шоҳиста Каримова суд залида
Шоҳиста Каримова суд залида

Ленинград округ ҳарбий судида 2017 йилда метрода содир этилган террор ҳужумига алоқадорликда айбланаётган ўзбекистонлик ва қирғизистонлик муҳожирлар устидан суд жараёни давом этмоқда.

Суднинг 11 апрель кунги мажлисида жабрланганлардан бири Заур Велиев суд ҳайъатидан адолатли бўлиш ва гуноҳсизларни қамамасликни сўради.

11 апрель куни Ленинград округ ҳарбий судида 2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида содир бўлган портлашга алоқадорликда гумонланаётган ўзбекистонлик ва қирғизистонлик 11 нафар муҳожир устидан суд маҳкамаси давом этди.

Ўша портлашда тирик қолган 30 яшар Заур Велиев суд га гувоҳ сифатида кўрсатма берди.

Суд олдидаги қилган чиқишида айтганлари учун унга, энг аввало, панжара ортида ўтирган айбланувчилар миннатдорчилик билдирди.

- Кўплаб одамлар нобуд бўлгани, ҳатто мен ўзим ҳам ҳалок бўлишим мумкинлигига қарамасдан, мен сизлардан адолатли ҳукм чиқаришни, айбсиз одамлар жабр кўрмаслигини ўтиниб сўрайман, деди тирик қолган йўловчи Заур Велиев.

Жабрланувчи Заурнинг бу сўзларидан сўнг суд залига чуқур сукунат чўкди.

Бирдан ОМОНчилар қўриқлаётган панжара ичкарисидан ўзбекистонлик Шоҳиста Каримованинг овози эшитилди.

- Катта раҳмат сизга! - деди ўрнига қайтиб ўтираётган Заур Велиевга террорчиликда айбланиб, бундан 2 йил олдин ҳибсга олинган идиш ювувчи Шоҳиста Каримова.

Жабрланувчи Велиевга суд мажлисида иштирок этаётган Муҳаммадюсуф Мирзаалимовнинг онаси ҳам миннатдорчилик билдирди.

11 апрель кунги суд мажлисида ҳам айбланувчилар бир овоздан террорчи эмасликлари ва бу жиноятга алоқалари йўқлигини такрорладилар.

Кўчмас мулк сотиш билан шуғулланадиган Заур Велиев 16 кишининг ўлимида гумонланаётган Акбаржон Жалиловдан икки қадам нарида турган ва тирик қолган ягона гувоҳдир. У моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилмаган ягона жабрланувчи ҳамдир.

- Ҳеч қандай пул соғликни тиклаб бермайди ва содир бўлган нарсани хотирадан ўчира олмайди. Шундай экан, пул сўрашнинг нима ҳожати бор? Баъзан тирик қолганимга ҳайрон қоламан. Ўша ҳодиса тафсилотлари ҳанузгача ёдимда: вагонга кирган кўзойнакли ёш йигитнинг оқариб кетган ранги ва бунинг ортидан бир неча дақиқадан кейин содир бўлган портлаш мени ҳанузгача даҳшатга солиб келади, - деди Заур Велиев.

Маҳкама давомида Заур икки ой шифохонада даволангани, қовурғалари сингани, бир қулоғининг пардаси йиртилгани ва кўплаб портловчи модда парчаларидан жароҳатлангани маълум бўлди.

  • Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросида бундан икки йил олдин содир бўлган портлаш билан боғлиқ очилган жиноят иши бўйича 2 апрель куни суд жараёни бошланган эди.
  • Террорчилик акти сифатида малакаланган жиноят иши доирасида қирғизистонлик, тожикистонлик ва ўзбекистонлик 11 киши судланмоқда.
  • Суд бошланишидаёқ айбланувчилардан бири – Муҳаммадюсуф Эрматов унга нисбатан ФСБ томонидан қийноқлар қўлланилгани тўғрисида баёнот бергани тўғрисида Озодлик хабар берганди.
  • Террорчиликда айбланаётганлар асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон, бир нафари Тожикистон гражданлари - ака-ука Аброр ва Акром Азимовлар, ака-ука Иброҳим ва Муҳаммадюсуф Эрматовлар, Шоҳиста Каримова, Маҳамадюсуф Мирзаалимов, Дилмурод Мўйдинов, Сайфулло Ҳакимов, Баҳром Эргашев, Содиқ Ортиқов ва Азамжон Маҳмудовлардир.
  • 2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида портлаш содир бўлиб, 16 одам, жумладан худкуш экани иддао қилинаётган 22 ёшли Қирғизистон фуқароси Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган эди. Портлашда 103 одам жароҳатланган. Ўлганларнинг 9 нафари аёл, 7 нафари эркак эди.
XS
SM
MD
LG