Америкада вице-президентликка номзодлар баҳси тугади-ю, жамоатчилик эътибори энди президентликка номзодларнинг якшанба кунги баҳсида. Демократ Хиллари Клинтон ва республикачи Доналд Трамп Миссури штати, Цент-Луис шаҳрида куч синашади.
Айрим экспертлар назарида республикачи Майк Пенс дебатда демократ Тим Кейндан бироз устун келди.
Бироқ Кейн бир ярим соатлик баҳс пайтида Трампни бот-бот нишонга олишни уддалади.
"Ҳаммани ҳақорат қиладиган одамни президент қилиб сайлаб бўладими?" - дея сўрайди Кейн. "Губернатор Пенс қўполдан қўпол Трампни ҳимоя қилаётганига ишониш қийин", - дейди у.
Пенс эса бу танқидларни писанд қилмай, Хиллари Клинтонга ҳужум қилди.
"Бугун Суриядаги фалокат ташқи сиёсатдаги нўноқликнинг маҳсулидир. Хиллари Клинтон ишлаган маъмуриятнинг хатоси бу", - деди республикачилардан вице-президентликка номзод.
Таҳлилчи Остин Харт фикрича, вице-президентлар баҳси жамоатчилик фикрини кўп ҳам ўзгартира олмайди.
Якшанба кунги президентликка номзодлар беллашуви олдидан Трамп Клинтонни нишонга олмоқда. У яқинда зотилжам билан оғриганини майна қилди.
"Клинтон мураккаб муаммоларни ҳал қилиши керак бўлади. Ҳолбуки, машинага чиқа олмай гандираклаб юрибди", - дейди Трамп.
Биринчи дебатдан сўнг Клинтон Трампдан илдамлаб кетди. Бу галги баҳсда давлатни бирдамликка чорлаши кутилмоқда.
"Америка бугун буюк бир давлат. Агар бирлашсак, унданда қудратга тўлишимиз аниқ", - деди Клинтон.
Якшанба кунги баҳсда номзодлар сайловчилар билан тўғридан-тўгри савол-жавоб қилади.