Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Президент ташрифига кўзбўямачилик: тупроққа босилган асфальт, 9 млн сўмлик пальма


Косонда президент келишига кўчаларнинг фақат бош қисми асфальтланиб чиқилди.
Косонда президент келишига кўчаларнинг фақат бош қисми асфальтланиб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёевни Қашқадарёда турли хил кўзбўямачиликлар билан кутиб олишди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган қашқадарёликларнинг айтишларича, президентга чиройли кўрсатиш учун тупроқ кўчаларга шоша-пиша асфальт ётқизилган, йўл ёқасидаги деворлар оқланган ва юз миллионлаб бюджет пули сарфланиб гуллар экилган.

Косон туманидаги Амир Темур боғида эса ободонлаштириш ишлари 21 апрелга ўтар тунда, тонггача олиб борилган.

Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига, расмий маълумотга кўра, "ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида борган".

Президент Чироқчи, Косон ва янги ташкил этилган Кўкдала туманларида бўлди.

Мирзиёев ташрифи арафасида президент бориш эҳтимоли бўлган барча ҳудудларда хавфсизлик чоралари жуда кучайтирилган.

Исми сир қолишини сўраган чироқчилик маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, қўшимча равишда Навоий вилоятидан ҳам ички ишлар ходимлари олиб келинган:

“Президент келибди, деб эшитдик. Лекин у ёққа бизни қўймайди. Ўзини бунчалик авайлайдиган президентни ҳали кўрмаган эдик. Каримов ҳам келарди, лекин бунчалик бўлмасди. Эҳеее, Чироқчидан чиққанингиздан Кўкдала томон кетишда ҳамма ёқ мелиса. Бир жойда таъзия бўлиб қолди, бораётсак милиция ходимлари ҳар бир чорраҳада тўхтатиб қаёққа кетяпсизлар деб сўрайди. Тили бизникиларга ўхшамайди, сўрасак уларни Бухоро, Навоий вилоятларидан олиб келишган экан”.

Маҳалла фаолининг сўзларига кўра, халқнинг ҳаётини яхши кўрсатиш мақсадида Еттитом деган ҳудуддаги дўконлар ассортименти қаршилик тадбиркорлар ҳисобидан тўлдирилган:

“Ўша ердаги магазинларнинг ҳаммасига районнинг магазинларини олиб бориб тиқибди. Тумандаги тадбиркорларга йўлнинг ёқасидаги магазинларни бўлиб бериб, тўлдириб турасизлар дебди. Мабодо президент тўхтаб, магазинга кириб қолса тўкин-сочинликни кўрсин дегандек. Нималарни ўйлаб топишмайди, буларей, кўриб энсам қотди”.

Косон тумани марказидаги маҳаллаларни президент ташрифига боплаб тайёрлашди, дейди исми сир қолишини сўраган косонлик ўқитувчилардан бири:

“Мана ҳозир мен сизга классик кўзбўямачилик расмларини ташлайман. Кўряпсизми лой ва тупроқ кўчага кеча шоша-пиша асфальт бостиришди. Бу ҳам кўчанинг ҳаммасига эмас, фақат катта йўлдан кириш қисмига, яъни мошинада кўчадан ўтаётган одамнинг кўзига гўёки маҳаллалар ҳам асфальтланган деган ёлғонни рост қилиб кўрсатиш учун. Эртага бир йилга бормай бу асфальт титилиб кетади, эсиз халқнинг шунча пули, эсиз шунча меҳнат”.

Косон туманида кўзбўямачилик учун кўча бошига тупроқ устига бостирилган асфальт.
Косон туманида кўзбўямачилик учун кўча бошига тупроқ устига бостирилган асфальт.

Косон тумани ҳокимлигининг ободонлаштириш бўлимида ишлайдиган, исми сир қолишини сўрган ишчи аёлнинг айтишича, президент келиши арафасида улар туни билан Амир Темур боғида ишлашган:

“Катта бир фура мошинда юздан ортиқ тувакли катта пальма дарахти олиб келишди. Ҳар бири 9 миллион сўм туради экан. Экскаватор қазиб турди, кранда кўтариб туваги билан кўмишди. Менимча президент келиб кетганидан сўнг яна кавлаб олиб кетишади. Бу пальмалар президент қаерга борса улар ҳам қўшилиб борадиган навбатчи дарахтлар шекилли. Буниси ҳам майли, бошқа жойларда яхши кўкариб турган арчаларни кавлаб келиб, йўл бўйига ўтқазишди. Ҳозир дарахт кўчирадиган мавсумми, бир ҳафтадан кейин уларнинг ҳаммаси қуриб қолади. Ҳамма ташкилотлардан ободонлаштириш ишларига иккитадан одам ажратилди. Мана шу Амир Темур боғида шу кеча юзлаб одам тонггача ишлади. Бунга ўзим гувоҳ!”

Ўқитувчининг айтишича, йўл четидаги чала иморатларнинг битмаган деворлари ҳам шувалиб, оқлатилган.

Косон туманида ҳали қуриб битказилмаган деворлар ҳам шувалиб, оқлаб чиқилди.
Косон туманида ҳали қуриб битказилмаган деворлар ҳам шувалиб, оқлаб чиқилди.

Президент янги ташкил этилган Кўкдала тумани фаоллари билан 21 апрел куни ўтказган учрашувда халқ дардида эканлигини айтиб, жумладан бундай деди:

“Масъуллар ҳар бир маҳаллага киришдан чиқишни ўйлаши керак. Чиқишдан олдин эса киришни ўйлаш керак. Яширмайман, мен пул билан келдим. Уни энди қайси туман ҳокими нима учун олишини гаплашамиз. Мен билан кўришганда сизлар савол берсаларингиз нимадир бўлса ҳам ўзгаради. Атрофимдаги масъулларга ҳам инсоф тегиб қолади. Дарахт экса ҳам кўкариб қолади, масалан".

Аммо узоқ йиллар хўжалик раҳбари бўлиб ишлаган, исми сир қолишини сўраган чироқчилик пенсионерлардан бири оддий аҳолининг президентга савол бериш имкони умуман йўқлиги, ҳозирги Мирзиёев беш йил аввалгисидан катта фарқ қилишини айтади:

“Масалан ҳозир президент келган жой - Кўкдала билан Чироқчининг ораси 35 километр. 30 километр нарёғидан йўлни боғлаб ўтирганидан кейин, оддий халқ қандай қилиб президентга ета олсин. Президент халқ билан эмас, мансабдорлар, раҳбарлар билан учрашяпти. Бу инсон биринчи ҳолатидан анча ўзгарди. Биз Шароф Рашидовларни кўрган одамлармиз, шулар келарди, ҳеч қандай ваҳима йўқ эди. Агар халқ билан очиқ учрашишдан қўрқсанг, келиб нима қиласан?! Бу ҳокимлару раҳбарлар ҳаммаси маддоҳ, уларнинг қанақа одам эканлигини кўзбўямачилик ишларидан ҳам кўриб турибмиз. Одамлар беш йил аввалгидай Мирзиёевни яхши кўрмайди, одамларнинг кўнгли қолди, коррупция, таниш-билишчилик авж оляптию, сира камайгани йўқ”.

Озодликнинг Чироқчи ва Косон тумани ҳокимликлардан бу масалага муносабат олиш ҳаракатлари натижа бермади.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида 21—22 апрель кунлари бўлади. Президент сайти хабарига кўра, Мирзиёев ташриф давомида кластер ва саноат корхоналарида, фермер хўжаликларида бўлади, маҳаллаларга боради.

Ўзбекистонда президент ташрифига кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча бор қоралаган.

Аммо бу танқидларга қарамай, кўзбўямачилик ҳолатлари давом этаётгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG