Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:13

Прокуратура: Олтинсойда "ноқонуний уй-жойлар"ни бузиш учун 2 кун муддат берилган


Бош прокуратура эълон қилган сурат, 16 февраль, 2020 йил
Бош прокуратура эълон қилган сурат, 16 февраль, 2020 йил

Бош прокуратура Сурхондарёда аҳоли уйлари бузилиши устида чиққан жанжалда Ички ишлар бўлими 2 ходими ва 1 фуқаро жароҳатланганини маълум қилди.

Озодлик 14 февраль куни Сурхондарёнинг Олтинсой туманида уйи бузилишидан норози аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасида тўқнашув бўлганини хабар қилганди.

Бош прокуратура баёнотида айтилишича, аҳолига уйлари ноқонуний қурилгани ҳақида шу йилнинг 8 февралида тушунтириш берилган, бузиб олишлари учун эса атиги 2 кун муддат берилган.

Бош прокуратура баёноти

16 февраль куни тарқатилган расмий баёнотга кўра, прокуратура Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманидаги бу жанжал бўйича мониторинг ўтказмоқда.

Баёнот мазмунидан 14 февраль кунги жанжал учун масъулият "ноқонуний қурилган" уй-жойи бузилишига қарши чиққан оилаларга юклангани тушунилади:

"Мониторинг давомида “Оқ-олтин манзараси” фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0.39 гектари 6 нафар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олингани, 235.35 кв.м. майдонида эса яшаш имконияти мавжуд бўлмаган уй-жой бинолари қуриб олингани аниқланган".

Баёнотда айтилишича, 2020 йилнинг 8 февралида туман ҳокимият идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фуқароларга уйларини бузиб олиши ва уларга бошқа манзилдан уй қуришлари учун ер берилиши ҳақида тушунтириш берган.

Аммо, уйларини бузиб олишлари учун атиги 2 кун муддат берилган.

14 февраль куни ишчи гуруҳ манзилга борганида уй-жойларни бўшатиш ўрнига, аксинча, 3 фуқаро "ўзбошимчалик билан қурилган уйга яшаш имконияти мавжуд бўлмаган бўлсада, кўчиб кириб олгани аниқланган".

Айтилишича, ҳокимият вакиллари бу уйларни тарк этишни талаб қила бошлаган кезда, "аввалдан тўпланиб турган фуқаролар ҳокимият вакили ва ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатишган".

Баёнотда қайд этилишича, аввалига ишчи гуруҳ аъзолари қайтиб кетган.

Сўнгра ўша куни соат 15:00 ларда ишчи гуруҳ манзилга қайтиб борганида фуқаролар ва уларнинг яқинлари "бензин, таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан қуролланган ҳолда ишчи гуруҳ олдига чиқишган".

Расмий маълумотга кўра, натижада, воқеа жойига ИИБ ходимлари чақирилган, юзага чиққан жанжалда туман ИИБнинг 2 ходими ва 1 фуқаро тан жароҳати олган.

"Ноқонуний равишда қурилган уй-жойларнинг ишчи гуруҳ томонидан бузилиши имкони бўлмаган".

Айни пайтда, Олтинсой туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб бормоқда.

Воқеа гувоҳлари кўрсатмаси

Озодлик гаплашган гувоҳларнинг сўзларига кўра эса, Олтинсой тумани ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бўлими ходимларидан иборат гуруҳ "Халқаобод" маҳалласига 14 февраль куни эрталаб борган ва аҳолини ноқонуний уй-жойлар бузилишидан огоҳлантирган.

Кутилмаган бу огоҳлантиришдан аҳоли ғазабга келган ва ўртада жанжал келиб чиққан.

Шундан кейин одамлар стихияли равишда хўжалик ҳудудига йиғила бошлаган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видео тасвирларда аҳоли вакиллари ИИБ ходимлари уларга нисбатан куч қўллаганини айтади.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати 15 февраль куни маҳалла аҳолиси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таёқ, болта, белкурак ва тош билан ҳужум қилди, деб баёнот берган.

Сурхондарё Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг билдиришича, 14 февраль соат 16:00 атрофида воқеа жойига махсус милиция отряди етиб борган, аҳолидан уйларига тарқашни талаб қилган.

Озодликка маълум бўлишича, ҳодиса ортидан камида олти одам ҳибсга олинган.

Аммо, Бош прокуратуранинг 16 февраль кунги баёнотида ҳибсга олинган фуқаролар ҳамда жароҳатланган фуқаро ҳақида маълумот берилмади.

XS
SM
MD
LG