Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2024, Тошкент вақти: 01:13

Россиянинг "Биринчи канал"ида Путинга йўлланган "ноқулай" саволлар кадрга тушиб қолди


Путиннинг "катта матбуот анжумани". Москва, 14 декабрь, 2023 йил.
Путиннинг "катта матбуот анжумани". Москва, 14 декабрь, 2023 йил.

Россия “Биринчи канал”ининг президент Владимир Путин билан жонли мулоқот ва катта матбуот анжуманига ҳозирлик ишларига бағишланган ёйинида сафарбарлик бўйича аскарлар, уруш ва қимматчилик ҳақидаги саволлар кўрсатилди.

Бу ҳақда “Важние истории” хабар қилмоқда.

Давлатга қарашли федерал “Биринчи канал” 13 декабр кечки янгиликларида Путин билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиладиган Гостиний двор саройидан тайёрланган репортажни эфирга узатган. Репортаж чоғида эса мухбир Антон Верницкийнинг орқасида турган катта экранда: “Сафарбар қилинган аскарларни қачон бўшатасизлар? Нега 300 минг киши бутун мамлакат учун хизмат қилиши керак?”, “Мамлакатимиз қачонгача долларга қарам бўлади? Озиқ-овқат нега бунча қиммату сифати паст?”, шунингдек “Уруш қачон тугайди? Қачон тинчлик қарор топади? Тинчлик музокаралари қачон бошланади?” каби саволлар кўриниб турган.

Кадрга тушиб қолган хабарларнинг бирида Украинадаги уруш Россия ҳукумати талаб қилгани каби "махсус ҳарбий амалиёт" деб эмас, уруш деб аталган.

Путин бешинчи президентлик муддатига номзодини қўймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:35 0:00

Репортажда журналист бунга бирон изоҳ берган эмас. “Биринчи канал” сайтида эса саволлар кўриниб қолган кадрларни ўчиришган.

Урушга сафарбар қилинган яқинларини фронтдан қайтариш ҳаракатида юрган россияликлар ўтган кунларда тўғридан-тўғри мулоқот ташкилий жамоасини демобилизацияга оид саволларга “кўмиб ташлаш” мақсадида флешмоб уюштиришган эди.

Ўтган ҳафтада эса Россия Украинанинг Авдеевка шаҳрини Путин билан жонли мулоқотга қадар ишғол этиш учун сафарбар қилинган аскарларни ҳужумга ташлаётгани маълум қилинган эди. Бу ҳақда, ҳарбийлар қариндошларининг мурожаатларига таяниб “Важние истории” ёзган.

Бултур Россия қўшинларининг Украинага тўлақонли босқини манзарасида президент билан на жонли мулоқот ва на матбуот анжумани ўтказилган.

Дастлаб тўғридан-тўғри мулоқот шу йилнинг ёзида ўтказилиши тахмин қилинган эди (2017 йилдан бери мулоқот июнь ойида бўлаётганди). Бироқ кейинроқ президент маъмуриятидаги манбалар “фронтдаги вазият ойдинлашуви”ни кутиб тадбирни йил охирига кўчиришга қарор қилинганини билдиришган.

Бу йил матбуот анжумани ва тўғридан-тўғри мулоқот президент сайлови арафасида бўлиб ўтди. Сайлов 2024 йил 17 мартга белгиланган, аммо овоз бериш уч кун – 15 мартдан 17 мартгача давом этади. Президент Владимир Путин сайловда қатнашишини аллақачон маълум қилган. МСК сайловчилар гуруҳи 16 декабр куни Москвада Путинни қўллаб-қувватлаш мақсадида йиғин ташкил этиши тўғрисида хабарнома олган.

Путин биринчи марта 2000 йилда президент бўлган ва тўрт муддатдан бери (2008-2012 йиллардаги танаффус билан) лавозимда қолмоқда. Путиннинг ўз ташаббуси билан Конституцияга киритилган ўзгартишлар унга бешинчи муддатга қолишига имкон беради.

“Медуза” ҳамда “Вёрстка” нашрлари Кремл мулозимларга президент сайловда 80 фоиздан кўпроқ овоз олишини таъминлаш вазифасини топширгани ҳақида ёзган эди. 2018 йилги сайловда у 76,69 фоизлик рекорд натижа билан ғалаба қозонгани эълон қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG