Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:18

Хорижий агентлар, қийноқлар ва мигрантлар. Путин ҳуқуқ фаоллари билан учрашди


Путин инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ барча масалалар қонунчилик йўли билан ҳал этилишига ваъда берган.
Путин инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ барча масалалар қонунчилик йўли билан ҳал этилишига ваъда берган.

Россия президенти Владимир Путин 9 декабрь куни Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан учрашди. Йиғилишда хорижий агентлар, Россия қамоқхоналаридаги қийноқлар, эмланганликни тасдиқловчи QR-кодлар ҳамда мигрантлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Хорижий агентлар

“Московский комсомолец” бош муҳаррири Павел Гусев хорижий агентлар тўғрисидаги қонун шошма-шошарлик билан, журналистлар ва ҳуқуқбонлар ҳамжамияти билан маслаҳатлашмасдан қабул қилинганига эътибор қаратиб, ҳужжатни қайта кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Журналистнинг таклифларидан яна бири хорижий агентлар реестрига киритиш ваколатини Адлия вазирлигидан судларга ўтказиш ва жисмоний ёки юридик шахсни бу рўйхатга киритишдан олдин огоҳлантириш беришни шарт қилиб қўйиш ҳақида эди. 9 декабрь куни “Новие люди” фракцияси айни мазмундаги қонун лойиҳасини Давлат думасига киритди.

Путин ўз жавобида бирон ваъда бергани йўқ. Президент муаммодан хабари борлигини айтиб, ҳужжатни профессионал ҳамжамият билан муҳокама қилиш ва “мумкин қадар” келишиб қарор қабул қилиш лозимлиги ҳақидаги фикрга қўшилишини билдирди. Шу билан бирга, Путин чет элда Россия ОАВлари ҳам шунақа салбий муносабатга дуч келаётганини таъкидлади.

“Уларни судларга, сўроққа чақиришяпти, келмаганларга қамоқ билан таҳдид қилишмоқда. Биз ички ишларимизга аралашувдан ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак. Бу жуда нозик иш, ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишни тақазо этади”, деди президент.

Россия қамоқхоналаридаги қийноқлар

Кенгаш аъзоси Ева Меркачёва маҳкумларни қийноққа солган Жазони ижро этиш хизмати ходимларини “мансаб ваколатларидан четга чиқиш”да айблаш амалиётини бекор қилиб, улар учун махсус жазо жорий этиш таклифи билан чиқди. Gulagu.net лойиҳаси Саратовдаги 1-сонли сил касалликлари шифохонасида маҳкумлар қандай қийноқларга солинаётгани акс этган видеоёзувларни эълон қилганидан сўнг Меркачёва бошқа ҳуқуқбонлар қаторида ушбу муассасани текширишда қатнашган эди. Йиғилишда у ўша текширув натижалари ва маҳкумларга нисбатан қўлланган қийноқлар турлари ҳақида сўзлаб берди ва Жиноят кодексига янги модда киритишни таклиф этди.

Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси, шунингдек, Россия қамоқхоналаридаги қийноқларга доир барча жиноят ишлари терговини Россия Тергов қўмитаси марказий аппаратига топширишни ҳамда жазони ижро этиш муассасалари устидан назоратни кучайтириш таклифларини билдирди.

“Мутлақо тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат. Яна қандай таърифлаш мумкин бу ишларни? Айтган ҳамма гапларингиз тўғри, бу йўналишда изчил иш олиббориш ва зарур натижаларга эришиш керак”, дея жавоб берди Путин Меркачёвага.

Президент айтишича, Федерациялар кенгаши қонунчиликка “қийноққа солиш” жинояти таркиби тушунчасини мустаҳкамловчи ўзгартишлар киритиш устида аллақачон иш бошлаган. Путин дастлабки тергов чоғида ҳибсга олишларни “кўп ҳолларда ўзини оқламайдиган эҳтиёт чоралари” деб атади, лекин Меркачёванинг бошқа саволларини жавобсиз қолдирди.

Мигрантлар

Кенгаш раиси Валерий Фадеев иқтисодиётнинг, шу жумладан қурилиш соҳасининг меҳнат мигрантларига эҳтиёжига доир маълумотлар йўқлиги ҳақида ҳисобот тайёрлади. Путин бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин бунақа маълумотларни, хусусан қурилиш соҳаси бўйича эҳтиёжларга оид маълумотларни мунтазам равишда етказаётганини айтди.

Президент меҳнат мигрантларига ўз ватанларида рус тили ва Россия қонунчилигини ўргатиладиган бўлса, ушбу масалада МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш муҳимлигини билдирди. Путинга кўра, мигрантлар Россия қонунларини бузган, жумладан муштлашувларда иштирок этган тақдирда уларни мамлакатдан бадарға қилиш керак.

QR-кодлар

Федеев, шунингдек, коронавирусдан даволаниб соғайган шахсларга, агар уларда антитаначалар даражаси юқори бўлса, QR-кодлар беришга чақирди. Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси ПЗР-тести натижаси манфий чиққан кишиларнинг ишлашига рухсат бериш, айни чоғда тест қилиш жараёнини бепул қилиш ва тезлаштиришни таклиф қилди.

Путин ушбу масалаларнинг барчаси қонунчилик йўли билан ҳал этилишига ваъда берди.

XS
SM
MD
LG