Линклар

Шошилинч хабар
14 март 2025, Тошкент вақти: 22:17

Қўл бериб кўришмаган Раҳмон ва Жапаров қучоқ очиб кўришмоқда. Бишкекдаги тарихий келишув


Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкек аэропортида Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмонни кутиб олмоқда. 12 март, 2025
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкек аэропортида Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмонни кутиб олмоқда. 12 март, 2025

2022 йилдаги тўрт кунлик чегара урушидан бир неча ҳафта ўтгач, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон қўл бериб кўриша олмаган эди. Энди эса чегара можаросини ҳал қилишга тайёрланаётган икки раҳбар ҳатто қучоқ очиб кўришмоқда.

Дунё Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқинини тўхтатиш учун музокаралар билан овора бир пайтда, Марказий Осиёнинг икки давлати узоқ ва баъзан қонли чегара можаросига буткул барҳам бериш учун тинчгина ишламоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги тахминан 1000 километрлик чегара бўйича келишув лойиҳаси "тарихий" деб аталишга лойиқдек кўринади. Бу можаро Совет Иттифоқининг дастлабки даврларига бориб тақалгани ва икки давлат охир-оқибат Москва назорати остидаги тузилмалар бўлгани учунгина эмас.

Қирғиз-тожик чегарасида яна қуролли тўқнашув
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:46 0:00

Аксинча, ютуқнинг кўлами шундаки, уч йил олдин ҳам чегаранинг ярмига яқини баҳсли бўлган ва 2021 ва 2022 йилларда икки давлат ўртасидаги тўқнашувларда иккала томонда ўнлаб одам ўлган, миллий руҳиятда ўчмас из қолганди.

Иккинчи можародан бир неча ҳафта ўтгач, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва унинг қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин воситачилигида бўлиб ўтган учрашувда ҳатто қўл бериб кўришмаган эди.

Аммо 12 март куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Раҳмонни анъанавий раққосалар ва мусиқачилар кутиб олди, икки раҳбар узоқ қўл сиқишди, уч марта қучоқлашди. Камига, Раҳмоннинг тасвирини акс эттирган ва "жаноби олийлари"ни энг самимий сўзлар билан кутиб олган катта тасвир ҳам ўрнатилган эди.

Агар жиддий муаммолар юзага келмаса, Раҳмон Қирғизистондаги айрим норозилик белгиларига қарамай, икки давлат парламентлари номига ратификация қилиб қўядиган чегара шартномасини имзолаб кетади.

Шундан сўнг, минтақанинг сув танқис, аҳоли зич жойлашган қисмида узоқ вақтдан бери азоб чекаётган жамоалар учун ҳаёт қандай ўзгариши масаласи кўтарилади.

Яқинлашув

2021 йилгача чегарадаги воқеалар асосан паст даражадаги можаролар эди. Улар вақти-вақти билан қирғиз ва тожикларнинг сув талашиши ортидан келиб чиқар, икки мамлакат чегарачилари тўқнашувига сабаб бўларди.

Бироқ 2021 йилгача бўлган воқеалар шунчаки отишмалар даражасида эди.

Оғир артиллериядан, кейин эса хорижда ишлаб чиқарилган дронлардан фойдаланиш – масалан, Қирғизистон Туркияда ишлаб чиқарилган Байрактар TB2 ни сотиб олгани билан мақтанган эди – 2021 ва 2022 йиллардаги можароларда қурбонлар сони ошишига олиб келди.

Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилоти 2022 йилда Қирғизистонда 100 мингдан ортиқ одам кўчирилган тўрт кунлик можарони кўриб чиқиб, "ҳар икки томон уруш қонунларини жиддий бузганини" таъкидлади.

Ҳисоботда фуқаролик транспорт воситалари ва тез ёрдам машиналарига ҳужумлар, портловчи моддалардан "ажратиб ўтирмай" фойдаланиш, ҳарбий кучлар томонидан суддан ташқари қотилликлар, уйлар ва фуқаролик инфратузилмасига ўт қўйиш ва ўнлаб тинч аҳоли ўлими билан якунланган ҳодисалар қайд этилган.

Ўсиб бораётган вайронагарчиликлар, ҳеч бир томонга ҳал қилувчи ғалаба келтирмаган мини-қурол пойгаси минтақадаги энг қашшоқ икки давлат ўртасидаги музокараларга қўшимча туртки берган бўлиши мумкин.

Аммо бу уларни осонлаштирмайди, айниқса, Кремль ҳеч қачон мустақил бўлишига қўйиб бермаган бу республикалар ўртасидаги чегаралар ноаниқлигини ҳисобга олсак.

Ҳозирча келишув ҳақидаги маълумотлар расмийлар очиқроқ гапирадиган Қирғизистондан келмоқда.

Ўтган ойда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Камчибек Ташиев парламентдаги батафсил маърузасида 21 февраль баённомасига қадар бўлган музокаралар "жуда қийин" бўлганини айтди.

Унинг айтишича, Ворух эксклави – бутунлай Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Тожикистоннинг бир қисми – атрофидаги Тожикистонга ажратилиши керак бўлган яйлов ерлари миқдорини белгилаш қийинчилик туғдирган.

Яна бир муаммо Қирғизистоннинг жануби-ғарбий Боткен вилоятидаги икки туман ўртасида тўсиқсиз ҳаракатланиш имконини берувчи атиги 20 метр узунликдаги стратегик кўприк мақоми бўлди.

Бу Қирғизистон фойдасига ҳал бўлиши учун тўлиқ олти ой керак бўлди, деди Ташиев.

Қирғиз-тожик чегарасидаги зиддият: Икки томон ўт очишни тўхтатишга келишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00

"Дўстлик" деб номланган қишлоқ

Қирғизистон, шунингдек, Тожикистонни 1920 йиллардаги хариталардан – Марказий Осиёда Сталин чегаралари белгиланган даврдан музокаралар позицияси сифатида фойдаланмасликка кўндира олди, деди Ташиев.

Аммо Бишкек бир вақтнинг ўзида анча катта ён берди.

"Дўстлик" қишлоғи бунга мисол бўла олади.

Келишувга кўра, ушбу қирғиз қишлоғи тўлиқ Тожикистон томонига ўтказилди.

Парламентда депутат Султонбой Айжигитов шундай деди: ушбу трансфер Тожикистонни ўзининг узоқ йиллик мақсади – ўтмишда кўплаб тўқнашувлар содир бўлган муаммоли Ворухни олиш сари бир қадам яқинлаштиради.

"Агар фақат йўл нейтрал бўлиб, ер бизда қолганида, бу бошқа масала эди," деди Айжигитов, Ворух ва унинг 40 мингга яқин аҳолисига фойда келтирган яна бир имтиёзни таъкидлаб.

"Аммо бу ерда йўл ҳам, ер ҳам нейтрал бўлади. Нейтрал ерни эса ким кучли бўлса, ўша эгаллаб олиши мумкин," дея огоҳлантирди у.

Кейинчалик Айжигитов ўзининг ҳукуматпараст партияси "Иймон Нуру"дан чиқариб юборилди. Партия раҳбари Динара Ашимова унинг фикрлари партия йўналишига мос эмаслигини айтди.

Популист Президент Жапаров давлат оммавий ахборот воситаларига берган баёнотида Айжигитовни демагогияда айблади.

Дўстликда яшаган 70 га яқин хонадон тақдири нима бўлди?

2021 йилги можарода қишлоқдаги ўнга яқин уй вайрон бўлиб, кейинчалик қайта қурилган эди.

2022 йилда қишлоқ бундан ҳам кўпроқ зарар кўрди.

Бироқ уйлар ҳам, муҳим ижтимоий инфратузилма ҳам яна қайта тикланди.

Аҳоли ва Боткен ҳокими Ойбек Шаменов ўртасидаги музокаралар кескин тус олди, айниқса Дўстлик аҳолиси кўчирилаётган Бужум қишлоғида ҳар бир хонадонга кўпроқ ер сўралганда Шаменов ғазаб билан жавоб қайтарди.

Жапаров ҳокимга ҳайфсан эълон қилди, Шаменов эса Дўстлик аҳолисига қўшимча ер берилишини ваъда қилди.

Ҳужжатли фильм: Суви камайиб қолган дарёлар, қуриб ётган далалар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:30:02 0:00

Сув тақсимоти, савдони ривожлантириш

Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири ратификациядан олдин келишув бўйича ҳар қандай қаршиликни бартараф этиш бўлади.

Бу борада унинг тажрибаси бор.

2022 йилда Ўзбекистон билан нисбатан камроқ баҳсли чегара келишувига қаршилик Жапаров режимига биринчи жиддий синов бўлди, шундан сўнг режим янада авторитар тус олди.

Ўша қатағонда ўнлаб одамлар ҳибсга олинди, бу эса сиёсий мухолифат учун янги "қизил чизиқ" ўрнатилганини кўрсатди.

Тожикистонда ҳукмрон Раҳмонлар оиласига чегара келишуви каби масалада қарши чиқиш деярли имконсиз кўринади. Сўнгги ўн йил ичида у ерда сиёсий мухолифат бутунлай йўқ қилинди.

Аммо Марказий Осиёда авторитаризм кучайиши бир тенденция бўлса, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка эътибор ортиши ижобий ўзгаришдир.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара келишуви "нейтрал йўллар" билан бир қаторда Қирғизистон томонидан Оқ-Сув, Тожикистон томонидан Исфара деб аталадиган дарёдан сув оладиган Головной сув олиш иншоотидан сувни тақсимлаш учун асос яратди.

Тожиклар ва қирғизлар шлюздан сувни аллақачон бўлишиб олишган, аммо бу 2021 йилдаги уч кунлик чегара уруши пайтида яна бир низо манбаига айланган эди. Янги келишувга кўра, ҳар бир томон сув олиш жойида биттадан дарвозага эга бўлади ва учинчисини тенг бўлишади.

Бу ва бошқа умумий инфратузилмалар қандай бошқарилиши ҳали номаълум.

Аммо ният бор ва икки давлатнинг душмандан дўстга айланиши 31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон билан бўладиган мисли кўрилмаган уч томонлама саммитда янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Ҳар икки давлат учун Ўзбекистон бир пайтлар муаммоли қўшни бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев марҳум Ислом Каримов ўрнига давлати раҳбари бўлганидан бери бу ҳолат бутунлай ўзгарди. У қўшни давлатларга таҳдид эмас, имконият сифатида қараб, ўз мамлакатининг чегара низоларини тезкор ҳал этишга киришди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиғилишида Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов саммитни "минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим қадам" деб атаб, ўз мамлакати ва Тожикистоннинг "дипломатик ва сиёсий иродаси тарихий ғалабаси"ни олқишлади.

Форум

XS
SM
MD
LG