Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:17

Қирғизистон ҳукумати "кўча"га қарши рейдлардан кейин қамоқхоналарда ҳам тартиб ўрнатмоқчи


Қирғизистондаги ҳибсхоналардан бири (иллюстратив сурат)
Қирғизистондаги ҳибсхоналардан бири (иллюстратив сурат)

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев уюшган жиноятчиликка қарши кураш бу йил ҳам давом эттирилишини билдирди – эндиликда у қамоқхоналарда тартиб ўрнатмоқчи.

Уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида Қамчибек Ташиев 2 январь куни Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига сафари чоғида сўзлаган. Туман милициясига хизмат автомобилларини топшираркан, у яна бир бор жиноятчиликка қарши кураш мавзусидан гап очди ва кейинги босқич қамоқхоналар эканини айтди:

“2023 йили биз уюшган жиноятлари тўдаларининг белини синдирдик. Бундан буён бизнинг мамлакатимизда ҳеч қанақа бандитлар ҳам, уюшган жиноий тўдалар ҳам, «авторитетлар» ҳам бўлмайди. Давлатимиз қонунга мувофиқ ишлайдиган, ҳуқуқий ва эркин давлат бўлади. Агар уюшган жиноятчи тўдалар вакиллари қолган бўлса, 2024 йили уларни битта ҳам қолдирмай йўқ қиламиз. Буни аниқ-равшан айтишимиз керак. Ҳаммамиз буни яхши англашимиз керак. “Қонундаги ўғри”, “положенец”, “смотряшчий” ва шунга ўхшаш бошқа сўзлар қўлланилмайди. Бизда бунақа одамлар бўлмайди. Биз фақат озодликда юрганлар билангина эмас, қамоқхоналарда ишлаб, у ерларда тартиб ўрнатамиз”, деди Ташиев.

Қирғизистон МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев
Қирғизистон МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев

Янги йил арафасида Қамчибек Ташиев мамлакатда уюшган жиноятчиликка қарши кураш поёнига етиб қолганини билдирган. 31 декабрь куни у Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасида “собиқ раҳбарларнинг кўпи криминалитет билан чатишиб кетгани, уюшган жиноятчиликка қарши кураш мутлақо бўлмагани” ҳақида ёзган эди.

“Аксинча, улар жиноятчиларни ўзларига ёқмаган мухолиф сиёсатчиларга йўллаб, айримларини ўлдиртириб, улардан фойдаланиб юришган. Бу ҳеч кимга сир эмас, буни ҳаммамиз биламиз. Буларнинг бари кечагина кўз ўнгимизда содир бўлган воқеалар”, деб ёзган Ташиев.

“Кўча”га қарши рейдлар: Қирғизистонда машҳур бўлган Салимбой
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:24 0:00

Ўтган йил октябрида Қирғизистонда МХДҚнинг махсус амалиёти чоғида уюшган жиноий тўдалар лидери Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Ўшанда махсус хизматлар унинг гуруҳига алоқадор 40 дан зиёд кишини қўлга олишгани, шунингдек, 1 миллиард долларлик мол-мулки ҳибс этилгани ҳақида хабар қилинган. Уюшган жиноятчи тўдаларга алоқаси бўлган 220 дан ортиқ давлат хизматчиси аниқланиб, уларнинг кўпи ишдан бўшатилган. Колбаевга алоқаси бор дея гумонланган бир неча йирик қурилиш компанияси раҳбари ҳибсга олинган, уларнинг айримлари уй қамоғига олинган.

Ўзган шаҳри собиқ мэри Дамир Монолдоров шу каби айблов билан ўтган йил ноябрида ҳибсга олиниб, декабрь ойи охирида уй қамоғига чиқарилган.

Таҳлилчи Орозбек Молдалиев, агар Қирғизистон қамоқхоналарида тартиб ўрнатилса, мамлакатда жиноятчилик даражаси пасаяди, деган фикрда.

Таҳлилчи Орозбек Молдалиев
Таҳлилчи Орозбек Молдалиев

“У ерда ишлайдиган кадрларни тузатиш керак. У ерга “яхши ишлайман” деганларни қўйиб, яхши маош тўлаш керак. Агар ишлашни истаган одамлар учун шарт-шароит яратилса, жиноятчилик даражасини пасайтириш мумкин. У ерда кўпдан бери ўтирганлар бор, бошқарувчилари бор, “обшчак” дегани бор. Садир Жапаровнинг ўзи ҳам “обшчак” мавжудлигини айтганди. У ерда тартиб ўрнатса бўлади. У ерда маҳаллийчилик ва бошқа омиллар бўйича бўлинишлар бор. Қамоқхоналарда қиладиган иш кўп. Бироқ тартиб ўрнатилса, жиноятчилик даражаси пасаяди”, деган Молдалиев.

Ўтган ой МХДҚ Ўш шаҳар милицияси билан биргаликда 25-қамоқхонада уюшган жиноий гуруҳ томонидан бошқарилган ҳамда маҳкумларни наркотик ва ҳапдори билан таъминлаб келган канални аниқлаган. Қўмита баёнотига кўра, тергов чоғида бу каналга колония раҳбари бошчилигидаги қамоқхона ходимлари томонидан “ҳомийлик” қилиб келингани аниқланган.

Шунингдек, бу каналга жиноят оламида Женго лақаби билан танилган Қадир Досонов гуруҳи аъзолари алоқадорлиги айтилган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўш колонияси раҳбари ва уюшган жиноятчи тўдаларга алоқадорликда гумонланган шахслар ҳибсга олинган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдирасулова уюшган жиноятчиликка қарши курашда қонундан четга чиқмаслик зарурлигига эътибор қаратади.

Ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова
Ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова

“Уюшган жиноятчиликка қарши кураш зарур. Бироқ бу кураш бошланган пайтдаёқ мен қонунан ишлашга чақирганман. Давлат қандай чора кўрмасин, буларнинг ҳаммаси қонун доирасида бўлиши шарт. Қонунчиликка риоя қилиниши, одамларнинг уюшган жиноятчи тўдаларга аъзолиги исботланиши ва кураш судлар орқали олиб борилиши лозим. Бизнинг мамлакатда уюшган жиноятчиликка қарши кураш қонунни қўпол равишда бузган ҳолда юритилмоқда. Улар одамларни чақиришиб, кейин жамоатчиликка “ҳибсга олинди” деб эълон қилишяпти. Улар [қўлга олинганлар] видеокамера қаршисида кечирим сўраганларидан кейин қўйиб юбориляпти. “Уларнинг айбдорлигини қайси тергов исботлади, қайси суд аниқлади ва қайси суд озод қилди” деган саволлар очиқ қолмоқда. Иккинчидан, қамоқхоналарда тартиб ўрнатилиши керак, бироқ буни ҳам қонунга риоя қилишдан бошлаш лозим. Бу ишни қамоқхона, вақтинча сақлаш изоляторлари, тергов ҳибсхоналари раҳбарлари ва ходимларидан бошлаш зарар. Масалан, “шмон” деган тушунча бор – вақти-вақти билан камераларда тинтув ўтказилади. Агар, дейлик, камерада телефон топилса, одамни жазо изоляторига қамаб, жазолашади. Бироқ бу телефон ёки наркотик камерага қандай кириб қолди? Уларни фақат ўша ерда ишлайдиган ходимлари олиб келиб беришлари мумкин. Таниқли бўлган шахслар қамоқхонада ўтирган пайтларида кўп вақтларини Интернетда ўтказганларини айтиб беришган. Улар учун бу шароитни ким яратиб беряпти? Қамоқхона раҳбарлари. Кўпгина қамоқхоналарни кўрган одам сифатида айтишим мумкинки, ҳар бир қамоқхонада “смотряшчий” бор. Қамоқхона раҳбари фақат шу одам орқали маҳкумларни бошқаради, тартибга солади, жазолайди ва ишга жалб қилади”, деган ҳуқуқ фаоли Абдурасулова.

Қирғизистон қамоқхоналарида аввалроқ уюшган жиноий тўдалар лидерлари ва аъзолари иштирокида ўлим билан якунланган ҳодисалар содир бўлган. Икки йил муқаддам июль ойида Бишкекдаги 1-тергов ҳибсхонасида жиноят оламида Дев Чингиз лақаби билан танилган Чингиз Жумагулов ўлдирилганди.

2005 йилда парламент депутати Тиничбек Акматбаев Молдовановка қишлоғидаги қамоқхона аҳволини ўрганиш учун бораётган пайтда ўлдириб кетилган. У криминал авторитет Рисбек Акматбаевнинг акаси эди.

Шунингдек, қамоқхоналарда маҳкумлар ёппасига оғизларини тикиб олган ҳолатлар ҳам қайд этилган ва бу ҳаракатлар криминал лидерлар буйруғига кўра амалга оширилгани айтилган.

Форум

XS
SM
MD
LG