Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:38

Қирғизистонда парламент сайловлари арафасида ҳукмрон партия парчаланишда давом этмоқда


Қирғизистонда парламент сайловларига тўрт ой қолар экан, ҳукмрон Қирғизистон социал-демократлар партияси (ҚСДП) яна бўлинди.

ҚСДП узоқ йиллардан бери мамлакатдаги энг йирик партияларнинг бири бўлиб келади. Партия 2015 йилги сайловларда 38, 2010 йилги сайловларда 26 ва 2007 йилги сайловларда 11 ўринни қўлга киритган эди.

Мамлакатдаги энг эски партиялардан бири бўлмиш ҚСДП 1995 йилги сайловларда ҳам партиялар орасида энг кўп ўринни қўлга киритганди.

Парчаланишда давом этаётган партия жорий йилнинг 4 октябрига белгиланган сайловларда аввалгидек яхши натижага эриша олмаслиги мумкин.

21 май куни партия аъзоси, парламент депутати Ирина Карамушкина Facebookда собиқ президент ҳамда партиянинг собиқ лидери Алмазбек Атамбаевнинг ўғиллари Сейитбек ва Қадир Атамбаевлар янги тузилган Қирғизистон социал-демократлари (ҚСД) партиясига аъзо бўлгани ҳақида ёзди.

Карамушкина партиянинг амалдаги раиси Асел Қодуранова Атамбаев ўғилларини ҳимоя қилмай қўйганини, шунинг учун улар бошқа бир ҚСДП аъзоси билан ҚСД партиясига ўтганини таъкидлади.

Аслида ҚСДП бир неча йил олдин – 2017 йили президент Атамбаевнинг президентлик муддати ўз якунига етганидан кейин парчалана бошлаган эди.

Атамбаев президентлик лавозимидан кетди, аммо унинг мамлакат сиёсий саҳнасини тарк этиш нияти йўқ эди. Атамбаев жорий президент Сўўрўнбай Жээнбеков сайловда ғалаба қозониши учун қаттиқ курашди.

Кўпчилик Атамбаев Жээнбековни қўғирчоқ қилиб олиб, мамлакатни парда ортидан бошқаришда давом этишини хулоса қилди. Аммо янги президентнинг ўз режалари бор эди ва у аста-секин Атамбаев ҳукуматидан қолган расмийларни бирин-кетин лавозимидан четлатди.

Икки собиқ ҳамкор жанжаллашиб қолгани ва уларнинг тўқнашувини матбуот нашрлари кенг ёритди.

2019 йилнинг мартида ҚСДП иккига бўлинди. Кўпчилик янги тузилган, расман Атамбаевсиз ҚСДП деб номланувчи партияга ўтди. Айримлар бу икки партиянинг бирортасига ҳам аъзо бўлмасликка қарор қилди.

Атамбаев 2019 йил августида Қўйтош қишлоғида содир бўлган воқеалар ортидан ҳибсга олинди. Унга мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддаси (шу жумладан ўта оғир жиноятлар) бўйича айблов эълон қилинган.

Кейинги ойларда ҚСПДнинг партияга содиқ аъзолари сони яна озайди. Атамбаевсиз ҚСДП партияси парламентда ҳукмрон бўлса-да, уни қўлловчилар сони аввалгидек эмаслиги айтилмоқда.

Собиқ президентнинг ўғиллари янги партияга қўшилгани асосий партияни янада кучсизлантирди.

Атамбаевсиз ҚСДП партияси раиси жорий ойда партия октябрга белгиланган сайловларда қатнашишини айтди. Асосий ҚСДП партияси ҳам сайловларга тайёргарлик кўрмоқда.

Бугунга қадар партиянинг амалдаги раиси Қодуранова ва партиянинг бошқа аъзолари, жумладан, Рискелди Момбеков, Қундуз Жолдубаева, Ирина Карамушкиналар партияни тарк этди.

Бу орада парламентдаги иккинчи йирик партия бўлмиш Республика-Атажурт партияси ҳам иккига бўлинди. Хулоса қилиб айтганда, бу йилги парламент сайловлари суронли бўлишини кутиш мумкин

XS
SM
MD
LG