Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Самарқандлик врач айбланиши ортидан икки ойдан бери стрессда ишлаётган врачлар саросимага тушиб қолди


Патронаж ҳамшира уйида карантинда бўлганга тиббий хизмат кўрсатмоқда, март, 2020, Наманган
Патронаж ҳамшира уйида карантинда бўлганга тиббий хизмат кўрсатмоқда, март, 2020, Наманган

Наманган, Сирдарё, Самарқанд вилоятларидаги бир неча Қишлоқ врачлик пункти (ҚВП), Қишлоқ оилавий поликлиникаси (ҚОП) ва шифохона ходимлари, Озодлик билан мулоқотда, Самарқанддаги воқеа уларни қаттиқ чўчитиб қўйганини тан олди.

12 май куни Самарқанд вилоят прокуратураси 34 кишига коронавирус юқтирди, деган айблов билан шифокор устидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Бу хабар ортидан врач ва ҳамширалар билан гаплашган Озодлик баъзи туманларда тиббиёт ходимлари иситмаси баланд беморларни, ҳатто ҳимоя комбинезонисиз қабул қилаётганини аниқлади.

Бундан ташқари, Озодлик гаплашган ҚВП ва ҚОП мудирлари ўзлари ҳам, ходимлари ҳам шу кунга қадар бирор марта COVID-19 учун текширувдан ўтказилмаганини айтди.

Самарқандда айбланган врач шахси сир тутилмоқда

Вилоят прокуратураси расмий баёнотига кўра, Самарқанд вилоятида тиббиёт ходими 34 кишига коронавирус юқишига сабабчи бўлган.

12 май куни берилган баёнотга кўра, вилоятдаги туманлардан бирида бўлим мудири вазифасида ишлаган Х.Д. шу йил 20 апрелдан соғлиги ёмонлашиб, йўталиши ва 39 даражагача иситма чиқишига қарамай, уйида даволанган ва бу муддатда 34 кишига вирус юқтирган.

Натижада, 12 май куни Х.Д.га нисбатан ЖКнинг 257−1-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган айблов (санитарияга оид қонун ҳужжатларни ёки эпидемияга қарши кураш қоидалари бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, тергов бораётгани маълум қилинди.

Расмий баёнотга кўра, Х.Д. орқали касаллик юқтирган жами 34 нафар шахснинг барчаси карантинга олиниб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Айни пайтда, шифокор бу вирусни қаерда юқтириб олган, қандай юқтириб олган, у вирус юқтирган шахслар занжири 34 киши билан тўхтаганми ёки йўқми – прокуратура баёнотида бу ҳақда бошқа маълумот берилмаган.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ҳам бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Тиббиёт ходимларидан тест топшириш сўралмоқда

Самарқанд вилоятидаги юқумли касалликлар шифохоналаридан бирида ишлайдиган ҳамшира бу хабар ортидан бутун вилоятдаги тиббиёт муассасалари оёққа турғизилганини айтди:

“Ҳозир ҳамма медперсоналга ҳафтада бир марта қон топширасизлар COVID-19 га, дейишяпти. У врач ҳақидаги маълумот, аҳоли орасида ваҳима қўзғатмаслик учун, деб қатъий сир сақланяпти. Икки ҳафта бўлиб қолганди, бу гапни пайдо бўлганига. Лекин, иш очилганидан кейин ҳаммани оёққа тургизишди”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз ҳамшира.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги шифохонада ишлайдиган ҳамшира Гулноранинг айтишича, бу ҳодисадан сўнг туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятидан, барча ходимлар вирусни аниқлаш учун қон таҳлили топшириш ҳақида кўрсатма келган:

“Менинг ёшим каттароқ бўлгани учун мен ҳафтаси 3 марта, баъзида 4 мартадан қон топшириб тургандим ўзи. Тўғриси, шу касални юқтириб олишдан қўрқаман. Лекин, у врач уйида даволанаман, деб жуда хато иш қилибди. Бизга раҳбариятдан топшириқ келди, ҳозир ҳамма ёппасига текширилиб турсин, деган. Бу вақтгача, унақа қаттиқ талаб йўқ эди, лекин кўпчилик ўзидан қўрқиб текширилиб юрган эди”.

"Тиббиётчиларни COVID-19​ учун текширувдан ўтказиб туриш тартиби йўқ"

Тиббиёт ходимлари билан суҳбатлардан маълум бўлишича, COVID-19 инфекциясига чалиниш эҳтимоли катта бўлган – шифокор, ҳамшира, санитарка ва бошқа персонални вақти-вақти билан текширувдан ўтказиб туриш амалиёти – туман, қишлоқлар даражасидаги тиббиёт муассасаларида йўлга қўйилмаган.

Мисол учун, Самарқанд вилоятидаги ҳар икки тиббиёт ходими шу вақтгача улардан COVID-19 инфекциясини аниқлаш учун текширувдан ўтиб туриш талаб қилинмаганини айтмоқда.

Бундан ташқари, Наманган вилоятининг Чуст туманида 15 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган ҚВПда 12 йилдан бери ишлашини айтган умумий амалиёти врачи шу кунга қадар на ўзи, на ходимлари COVID-19 учун текширувдан ўтганини айтди.

“Аслида биз март ойи бошларида чет элдан келганлар билан тўғридан-тўғри ишладик. На маска, на қўлқоп, на комбинезон бор эди. Комбинезонлар ҳозир ҳам берилмаяпти. Қўлқоп билан маска таъминоти 15 апрелдан яхшиланди. Лекин, шу кунгача бирор марта ўзимиз текширувдан ўтмадик. Фақат карантинга олинганлар ва вирусни юқтирганлар билан ишлаганлар текшириляпти, деб эшитдик”, дейди исмини ошкор қилишимизни истамаган врач.

Унинг айтишича, ҚВП ва ҚОПларда ишлаётган юзлаб тиббиёт ходимида инфекцияни юқтириб олиш хавфи катта:

“Мисол учун иситмаси чиққан одамлар тўғри ҚВП ёки ҚОПга келади. Иссиғини ўлчаймиз, ўпкасини эшитамиз. Ҳамшира анча-мунчасига укол қилади. Масалан, бош санитар врачни ўзи Тошкентдан айтиб турибди, ташқарида юрганларда вирус йўқлигига ҳеч ким кафолат беролмайди, деб. Бирортасидан юққан бўлсаю, бизда вирус чиқса, яна врач айбдор бўладими? Бу адолатданми?!”

Шу каби хавотирларни Ховос туманидаги ҚВП мудири ҳам таъкидлади.

35 йилдан бери оқ халат кийиб юрганини айтган бу шифокор ҳам шу кунгача на ўзи, на бирор ходими COVID-19 учун текширувдан ўтганини айтди:

“5 ярим минг аҳолига битта Тез ёрдам машинамиз бор, 3 кишилик гуруҳ иситма билан чақирган беморни уйига биринчи бўлиб етиб боради. Агар аҳволи оғир бўлса, кейин инфекционнийга кетади. Март-апрель ойларида шунақа ишладик. Ёшим 65 дан ошган, менда ҳам хавотир бўлди. Лекин, шукр ҳозир четдан келганлар тўғри карантин зонага кетяпти. Ташқарида вирусни юқтирганлар йўқдир, бўлса ҳам камайгандир. Лекин, бизда ҳимоя ростдан ҳам заиф”.

"Туман ва қишлоқ тиббиётчилари ҳафтада бир COVID-19 га текширилсин"

Озодлик гаплашган шифокорлар ва ҳамширалар ҳар бир туман даражасида тиббиёт ходимларини ҳафтада бир, узоғи билан 10 кунда бир COVID-19 учун текширувдан ўтиш тартибини ўрнатиш зарур, деган фикрни илгари сурдилар.

Жумладан, Ховосдаги ҚВП мудирининг айтишича, бу туманда жами 6 та врачлик пункти, 3 та оилавий поликлиника бор:

“Бизда тўхтовсиз бемор бўлади. Мисол учун, битта Тез ёрдам машинасида кўчма лаборатория қилиб, ҳамма ҚВП ёки ҚОП ходимларидан таҳлил олиб чиқиш мумкин. Шунда, Самарқанддаги врачни бошига тушган кун бизга келмаслиги мумкин. Тўғри, у врач совуққонлик қилган, қўпол хато қилган. Лекин, бу қишлоқ ёки туман шароитида ишлаётган исталган врач бошига тушиши мумкин, эҳтиётини қилмасак. Энг ёмони, одамларга вирус юқиши мумкин”, дейди ховослик врач.

Расмий маълумот берилмади

Озодлик қишлоқ шароитида ишлаётган тиббиёт ходимларининг COVID-19 инфекциядан ҳимояси қанчалик таъминлангани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бирор маълумот ололмади. Матбуот котиби Фурқат Санаев Озодлик мурожаатига ҳозирча жавоб бермади.

Жумладан, Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Коронавирусга қарши кураш штаби вакилиман, деб таништирган расмий бу борадаги маълумотни юқори турувчи раҳбарлардан олиш мумкинлигини айтди, аммо у раҳбарлар билан боғланиш имкони бўлмади.

Аммо, Наманган вилояти ҳокимлиги Молия бўлимидан олинган маълумотга кўра, Озодлик суҳбатлашган Чуст туманидаги тиббиёт ходимларига ҳимоя воситаларини олиш учун атиги 200 миллион сўм ажратилган ва бу сумма биринчи галда карантин зоналари ва шифохоналарда ишлаётган персонал учун ҳимоя воситаларини олишга йўналтирилган.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2400 дан ортиқ ҚВП ва ҚОП бор, 441 та пункт "103" рақамига уланган Шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш шохобчасидир.

Белгиланган тартибга кўра, қишлоқ ва посёлкаларда яшаётган аҳоли иситма, йўтал ёки коронавирус инфекцияга оид бошқа симптомларни сезган тақдирда "103" рақамига мурожаат қилиши лозим.

XS
SM
MD
LG