Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:37

Севишганлар бир-бирини қабристонда пичоқлади, қиз ўлди, йигит ҳибсда


Севишганлар бир-бирини қабристонда пичоқлаган.
Севишганлар бир-бирини қабристонда пичоқлаган.

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида 21 яшар қиз ва 24 яшар йигит бир-бирини пичоқлади. Қиз олган жароҳатларидан вафот этди, йигит тирик қолди.

Ушбу воқеадан бироз аввал қонликўллик бошқа бир йигит - туман хотин-қизлар бўлими раҳбарининг жияни ва айни пайтда ҳайдовчиси - қизни "мажбурлаб олиб қочиб, унга уйланган".

Орадан бир неча кун ўтгач, қиз олиб қочган йигитнинг хонадонидан севгилиси билан қочган ва севишганлар ўзини ўлдиришга аҳдлашган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, тирик қолган йигит ҳибсга олинган.

Қонликўллик “Ромео ва Жульетта”

25 март куни Озодликка маълум бўлишича, севишганлар билан боғлиқ воқеа жорий йилнинг 1 март куни содир бўлган.

Бу ҳақда хабар йўллаган қонликўллик манбага кўра, воқеа Қонликўл туманининг Бешкўпир овул фуқаролар йиғини, Жолий қишлоғидаги “Ешимахун” қабристонида содир бўлган.

“Қиз 24 ёшли йигит билан 3 йилдан бери севишиб юрган. Йигит қизга зирак таққан ва улар турмуш қуришга бир-бирига ваъда беришган. Лекин қонликўллик бошқа бир йигит қизни ёқтириб юрар экан. У февраль ойи ўртасида қизни мажбурлаб, машинада олиб қочиб кетган. Қизни уйига олиб бориб, мажбурлаб унга уйланган. Қиз Нукусда ўқирди, у ўқишга боришни баҳона қилиб, севгилиси билан қочиб кетган. Кейин улар Қўнғиротга бориб, бозордан иккита катта пичоқ сотиб олишган ва Қонликўлда уйи яқинидаги қабристонга келиб, бир-бирини пичоқлаган. Кейин йигит акасига телефон қилиб, воқеани айтган”, - деди воқеа тафсилотларидан хабардор эканини айтган қонликўллик манба аноним қолиш истаги билан.

Ошиқ қиз, унинг севгилиси ҳамда уни мажбурлаб олиб қочган йигитнинг исм-фамилияси Озодликка маълум. Бироқ тергов кетаётгани боис улар шахси очиқланмаяпти.

Қиз ўлди, йигит ҳибсда

Севишганлар воқеаси ҳақида хабар берган манбага кўра, қиз олган жароҳатлари натижасида ўлган, йигит эса шифохонага ётқизилган.

Қонликўл туман марказий шифохонасидан олинган маълумотга кўра, оғир жароҳатлар билан шифохонага келтирилган йигит жонлантириш бўлимида даволанган.

“Қиз “скорий помош”да келаётганда вафот этган. Йигит дастлаб кома ҳолатида ётди. Буйраги, жигари пичоқ зарбидан оғир жароҳатланган экан. Уни даволадик, ўтган ҳафта тузалиб, шифохонадан чиқди”, деди шифохона ходимларидан бири.

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг айтишича, йигит шифохонадан чиққач, ҳибсга олинган.

“Уни ҳозир Нукусда изоляторда сақлашаяпти. Йигит ўзи Тошкент-Сити қурилишида ишлаётган эди. Севгилисини олиб қочишганини эшитгач, Тошкентдан етиб келган”, -деди манба.

Бош прокуратура баённомасида қайд қилинишича, "йигит севгилиси билан қабристонга келгач, қиз ўзига ўзи пичоқ урганини, шундан сўнг унинг қўлидан пичоқни олиб ўзига урганини билдирган".​

Йигит ҳибсга олиниб, ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура баённомасида ёзилишича, йигит қизни "ўлдириш мақсадида унинг бўйин қисми ва кўкрак қафасининг юрак қисмига бир неча маротаба ошхона пичоғи билан уриб тан жароҳати етказган, шундан сўнг ўзининг қорин қисмига бир неча маротаба уриб ҳамда бўйин ва билак қон томирларини кесиб ўз жонига суиқасд қилган".

Манба иддаоси: Қизни ҳокимлик мулозими машинасида олиб қочишган

Воқеа тафсилотларидан хабардор эканини айтган бир-биридан мустақил икки манбанинг иддаосига кўра, қизни Қонликўл туман мулозимларидан бирининг хизмат машинасида олиб қочишган:

“Қизга мажбурлаб уйланган йигит Қонликўл туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Салтанат Жуманованинг жияни. Бу йигит Салтанат Жуманованинг ҳайдовчиси бўлиб, у Жуманованинг Ласетти хизмат машинасини ҳайдайди. Қизни ҳам шу машинада мажбурлаб олиб қочишган”, дея иддао қилди қонликўллик манба.

Қонликўллик бошқа бир манба эса севишганлар фожеасига ҳокимлик мулозими аралашгани воқеасини яшириш ҳаракатлари бўлаётганини иддао қилди.

“Қизни женсоветнинг машинасига босиб, олиб кетишганини бир неча одам кўрган. Лекин ҳозир буни бости-бости қилишаяпти”, деди исми-шарифи сир сақланишини сўраган манба.

Ҳокимлик мулозими: Қизни олиб қочиш воқеасидан бехабарман!

Озодлик Қонликўл туман хотин-қизлар бўлими раҳбари Салтанат Жуманова билан боғланиб, ушбу иддаолар борасида изоҳ сўради.

Салтанат Жуманова қизга уйланган йигит унинг жияни эканини тасдиқлади, бироқ бошқа иддаоларни инкор қилди.

“Бу йигит дадамнинг укасининг ўғли. Ҳа, у менинг ҳайдовчим, хизмат машинамни ҳайдайди. Лекин бошқа гап-сўзларнинг ҳаммаси бўҳтон. Биринчидан, жияним у қизни ўзининг шахсий машинасида олиб қочган. Иккинчидан, қизнинг розилиги билан бу олиб қочиш уюштирилган. У қиз бир пайтнинг ўзида ҳам жияним билан севишган ва бошқа бир йигит билан ҳам севишиб юрган. Мен ўзи бу каби олиб қочишларни қўлламайман. Лекин энди бу тарқалган одат. Ҳозир икки ёш келишиб, олиб қочишни уюштиради. Қизни олиб қочиб, келса, тўй ҳаражатлари арзонга тушади. Шунинг учун буни уюштиришади. Лекин шу пайтгача туманимизда олиб қочиш натижасида оилавий низолар учрамаган. Бу сафар ёшлар ўзини-ўзи боса олмагани оқибатида содир бўлди”, деди Салтанат Жуманова.

Қиз ўғирлаш анъанаси

Ўзбекистон расмий нашрларига кўра, асосан, қорақалпоқ ва қозоқлар истиқомат қиладиган Қорақалпоғистонда бир неча аср аввал урф бўлган қиз ўғирлаш ҳолатларининг сўнгги йилларда кўпаётгани кузатилмоқда.

Қорақалпоғистонлик манбаларга кўра, қизларни ўғирлаш ҳолатига сабаб: келин томонга бериладиган қалин пулининг катталиги ва ёшлар никоҳига ота-оналар розилик бермаслигидир.

Уйланиш мақсадида қиз олиб қочиш анъанаси Қорақалпоғистондан ташқари қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам мавжуд.

Ўзбекистон қонунларида айнан қиз ўғирлашга қарши жазо кўзда тутилмаган, айни пайтда ЖКнинг 135-модда яъни "Одам савдоси" моддасида куч ишлатиб, зўрлик билан одам ўғирлашга 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси берилиши қайд қилинган.

Қирғизистон қонунчилигида эса қиз олиб қочганларга 10 йиллик қамоқ жазоси белгиланган. Мазкур анъана қонунчиликда тақиқланган бўлса-да, мамлакатда қиз ўғирлаш ҳолатларига барҳам берилмаяпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қирғизистонда никоҳ учун ўғирланган қизнинг милиция бўлимида ўлдирилгани воқеасидан сўнг ҳукуматни қиз ўғирлаш одатига барҳам беришга чақирди.

XS
SM
MD
LG