Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:09

Қўшни давлатлардан қайтган талабалар ҳануз ўқишга қабул қилинмаган


Самарқанд Давлат университети.
Самарқанд Давлат университети.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг шу йил феврал ойидаги буйруғи асосида ўқишларини қўшни давлатлардан кўчириш учун ватанига қайтиб келган минглаб талаба орадан тўққиз ой ўтиб ҳам ўқишга қабул қилинмаган.

2 декабрь куни Озодлик гаплашган Жиззах, Хоразм, Самарқанд вилоятларидаги ўндан ортиқ талаба ўқув йилининг деярли ярми тугай деб қолган бир пайтда талабаликка қабул қилинганликлари ҳақида буйруқ чиқмаганини айтишди.

Олий ўқув юртлари буйруқ чиқмагани сабабини зарур ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим қилинмагани билан изоҳлади.

Ўзбекистондаги баъзи олийгоҳлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазиятга қарамай ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалардан қўшни давлатлардаги ўзлари таҳсил олган ўқув юртларидан транскрипт асл нусхаларини олиб келишни талаб этмоқда.

Талабалар эса Ўзбекистон ва қўшни давлатлардаги коронавирус пандемияси шароитида ҳужжатларни олдириш қийин ва таҳликали эканини айтишади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махус таълим вазирлигидан эса пандемия пайтида талабаларни қийнаб турган бу муаммо нега ҳал қилинмаётганига оид саволларга жавоб олиб бўлмаяпти.

Ҳолбуки, Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатларда ўқиётган талабаларга ўқишни кўчиришда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва бюрократик муаммолар бўлмаслигини ваъда қилган эди.

15 декабргача муҳлат

Жиззахлик Баҳодир (исми талабанинг илтимосига кўра ўзгаририлди -таҳр.) Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жойлашган Мухтор Авезов номидаги университетга ўтган йили ўқишга кирган.

У минглаб ўзбекистонлик талаба қатори Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи асосида 2019-2020 ўқув йилининг ярмида Чимкентдаги ўқишини ташлаб, февраль ойида Жиззах Политехника институтига ҳужжат топширган эди.

- Мана ўқишни ярим йили тугай, деб қолди, ҳалигача талабаликка қабул қилинганим йўқ. Ҳамма ёқ коронавирус бўлиб турган бир пайтда булар чегарани нарёғидан 15 декабргача ўқиган жойимдан справка ёздириб келишимни айтишяпти. Олиб келмасангизлар аризаларинг кўриб чиқилмайди, деяпти. Бундан ташқари, ўқишга қабул қилинган буйруқнинг нотариус тасдиқлаган копияси ҳамда траскрипнинг асл нусхасини ҳам сўрашяпти. "Буни имкони йўқку десак", ректор ёрдамчиси, "бор, лекин 500 доллар", дейди. Бошида ҳеч кандай муаммо бўлмайди, деб ваъда беришганди, - дейди Баҳодир.

Ҳозирда биргина Жиззах политехника институтига қўшни давлатлардан қайтиб келган 200дан зиёд талаба қабул комиссиясига топширган аризаларига жавоб кутмоқда.

Улар ўқиган жойидан транскрипт, яъни биринчи ўқув йилида топширган имтиҳонлари ҳақида муҳрланган қоғоз ҳамда талабалар сафидан чиқарилгани ҳақидаги буйруқдан нусхани Ўзбекистон олий ўқув юртларига тақдим этишлари керак.

1 декабрь куни улар институт ректоратидан Телеграм канали орқали огоҳлантириш хати олишган.

Олийгоҳлар чет давлат ОТМларида ўқиганини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли эмаслигини айтиб, талабаларни ўқишга қабул қилмаган.
Олийгоҳлар чет давлат ОТМларида ўқиганини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли эмаслигини айтиб, талабаларни ўқишга қабул қилмаган.

Хатда 15 декабрга лозим ҳужжатларни тақдим этмаган талабаларнинг аризаси кўриб чиқилмаслиги ҳақида айтилади.

Жиззах Политехника институти сиртқи таълим ректори Жўрабек Аҳмедов талабаларга шундай талаб қўйилганини Озодликка тасдиқлади.

- Вазирлар Маҳкамасининг кўрсатмаси бор. Ўқиганини тасдиқловчи ҳужжатларни топширмагунларича​ бу ерда уларни талабаликка қабул қилингани ҳақида приказ чиқариб бўлмайди, - дейди Аҳмедов.

Жиззахлик Баҳодир эса, институт қўйган муҳлат ичида ҳужжатларни олдириш имконсизлигини айтади:

- Ким ҳозирги коронавирус пандемияси вақтида ҳаётини, соғлигини, қолаверса бошқалар соғлигини ҳатарга қўйиб, чегарани нарёғига ўтиб бу ҳужжатларни олиб кела олади. Йўллар ёпиқ, карантин бўлиб ётибда ҳамма жой. Ректорга айтсак тушунгиси ҳам келмайди, - дейди Баҳодир.

Ўзбекистоннинг бошқа баъзи вилоятларидаги олийгоҳларда ҳам шу аҳвол. Хоразмдаги Урганч Давлат университетига қўшни давлатлардан қайтиб келиб, ҳужжат топширган талабалар ҳам ҳануз ўқишга қабул қилинмаган.

"Олий таълим вазирлиги ёрдам берсин энди бизга!"

Хоразмлик Феруза ҳам Жанубий Қозоғистондаги Мухтор Авезов номидаги халқаро университетдаги ўқишини ташлаб ватанига қайтиб келишга мажбур бўлгани, лекин ҳануз ўқишга қабул қилинмаганини айтади:

- Ҳукуматимиз бошида шу ишни бошладими, бу ёғига ҳам туриб берсин. Талабаларни оввора қилиб ўтиргандан кўра, Олий таълим вазирлиги ўз каналлари орқали ҳужжатларимизни олдириб, талабаликка қабул қилинишимизга ёрдам берсин энди бизга. Улар ўқишга қабул қилинишимиз ҳақида, муаммо бўлмаслиги ҳақида ваъда беришган эдику, - дейди Феруза.

Ҳукуматнинг махсус қарори билан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган минглаб талаба нега ҳануз расман қабул қилинмади? Нега коронавирус пандемияси даврида талабалар сарсон қилинмоқда? Вазирлик талабаларга қўшни давлатлар олийгоҳларидан ҳужжатларини олдиришда ўз каналлари орқали кўмак бериши мумкинми?

Озодлик бу ва бошқа саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан жавоб олишга уринди.

Лекин вазирлик расмий сайтида келтирилган матбуот хизмати телефонларига қилинган қўнғироқларга кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

"Умуман ўқимаганларини ҳам аниқладик"

Урганч Давлат университетининг исми очиқланмаслигини истаган масъул ходимларидан бири қўшни давлатлардан ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар иши нега чўзилаётганини Озодликка бундай изоҳлади:

- Бизга мингга яқин талаба қўшни давлатларда ўқиб келдик, деб ҳужжат топширган. Орасида ҳар хили бор. Умуман ўқимаганларини ҳам аниқладик. Агар ҳақиқатан ҳам ўқиган бўлса, ўқишга олинади. Шунинг учун талабалар биз сўраётган ҳужжатларни олиб келишлари керак. Агар чиндан ҳам ўқиган бўлса, ҳужжатларни олдириш қийин эмас. Лекин, яна бир нарсани айтсам, масофавий тарзда онлайн ўқиганлар қабул қилинмайди. Шунинг учун қандай шаклда ўқитилган, деб ҳам справка сўраяпмиз. Айримлар Қозоғистон ёки бошқа жойдаги қариндошларини ўртага солиб, шу ҳужжатларни олдиришяпти. Почта ишлаяпти, олиб келишсин, марҳамат, - дейди Урганч Давлат университетининг масъул ходими.

Қўшни давлатлардан қайтиб келган мингга яқин талабадан шу кунгача қанчаси ўқишга қабул қилинди, деган Озодлик саволини УрДУ ходими жавобсиз қолдирди.

Қозоғистондаги олийгоҳлар эса, оригинал ҳужжатларни талабаларга бериш учун уларнинг ўзлари ёки ишончли вакили келишидан ташқари, ўтган йилги ўқув йилининг иккинчи ярми учун контракт пулини тўлиқ тўлашни талаб қилмоқда.

Жанубий Қозоғистон давлат университети ходимининг Озодликка айтишича, кўпчилик ўзбекистонлик талабалар феврал ойида ўқиш пулини ярмини тўламасдан кетишган ва шу сабаб расман талабалар сафидан чиқарилган.

- Ҳужжатлар беришда муаммо йўқ. Бунинг учун талабани ўзи келиши керак. Келолмаса, нотариус орқали ҳужжат қилиб ишончли вакилини юборса бўлди. Лекин, агар ўқиш пулини тўлиқ тўламаган бўлса ҳужжатлар берилмайди. Кўпчилиги пулни тўламай, университетни огоҳлантирмай кетворган, - дейди университет ходими.

Лекин Озодлик билан суҳбатда бўлган талабалар ўқиш пулини тўлиқ тўлаганликларини айтишади.

Исми очиқланмаслигини истаган самарқандик талаба эса Қозоғистондаги олийгоҳга ҳам Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг Самарқанд Давлат университетида онлайн ўқиш учун ҳам пул тўлаганини таъкидлайди.

-Ўтган ўқув йилининг иккинчи семестри учун Қозоғистонга ҳам тўлаганмиз, бу ерга қайтганимиздан кейин, онлайн ўқиш учун УрДУга ҳам тўлаганмиз. Бир семестрга икки марта пул тўладим, лекин ҳалигача расман талабаликка қабул қилинмадим, - дейди самарқандлик талаба.

Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирининг февралда чиқарган буйруғи асосида, қўшни давлат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик минглаб талаба ўқишларини ташлаб юртига қайтиб келди.

Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг олий ўқув юртларида,Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлигига кўра, февраль ойига қадар 35 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олган.

XS
SM
MD
LG