Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:13

Қодиров тўртинчи марта Чеченистон раҳбари бўлмоқчи


Рамзан Қодиров
Рамзан Қодиров

2016 йилнинг февраль ойида Чеченистонда ижро этувчи ҳокимият раҳбари сайлови ўтказилишидан бир неча ҳафта олдин амалдаги раҳбар Рамзан Қодиров давлат телевидениеси орқали қилган мурожаатида раҳбарлик қилишдан тўйганини эълон қилганди.

“Менинг вақтим ўтди. Жамоамизда кўплаб ворислар бор. Бизда жуда яхши мутахассислар бор”, деган эди у.

Бу Қодиров ҳукмронлигининг якуни эмас, балки ундан ҳокимиятда қолишини ёлвориб сўраш кампаниясининг бошланиши эди. Кампания давомида ҳўнграб йиғлаётган аёллар ва болалар видеолавҳалари намойиш қилинди, минтақа омбудсмани эса Қодиров истеъфога чиқса, бу ҳолат ҳар бир чеченнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши ҳақида баёнот берди.

“Жамият [Қодиров ўрнини боса оладиган] муқобил шахсни кўрмаяпти ва ворислар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”, дея баёнот берди бундан олдин номаълум бўлган “Чеченистон Республикаси фуқаровий форуми” деб номланган гуруҳ.

Кремль дастаклаб келаётган Қодиров ўз фикрини ўзгартирди. Аслида у аҳолининг ёлворишларига рози бўлишни олдиндан режалаштирган эди.

Расмий натижаларга кўра, у сайловда 98 фоиз овоз билан учинчи муддатни қўлга киритди. Танқидчилар бу кўрсаткичга эришиш учун сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳамда аҳолига уни қўллаб-қувватлаш учун босим ўтказилганини айтиб келадилар.

Учинчи муддат ҳам ўз якунига яқинлашар экан, сиёсий саҳна яна жонланди. Жорий йилнинг 17–19 сентябрь кунлари, яъни Россия бўйлаб Давлат Думаси сайловлари бўлиб ўтадиган кунларда чеченлар республика раҳбарига овоз берадилар. Қодиров тўртинчи муддатга сайланиши кутилмоқда.

Авторитар раҳбар узоқ йиллар давомида инсон ҳуқуқларини бузиб келади. “Human Rights Watch” ташкилотига кўра, унинг раҳбарлиги остида “қийноққа солиш, оммавий камситиш, ўғирлаб кетиш ва суддан ташқари ўлдириш каби оғир ҳолатлар” содир этилган.

Қодировга алоқадор одамлар суриштирув журналисти Анна Политковская, инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемирова, собиқ Россия бош вазири ўринбосари, мухолифат раҳбари Борис Немцов ва бошқаларни ўлдиришда иштирок этганига ишонилади.

23 июнь куни Грознийда “Чеченистон халқларининг глобал конгресси” бўлиб ўтди. Ҳафта бошида эълон қилинган ярим кунлик форумда 23 мамлакатдан 5 000 делегат қатнашди.

Йиғинда Туркия, Франция, Германия, Бельгия ва бошқа мамлакатлардан келган делегатлар қатнашди, аммо Озодлик мурожаат қилган чечен диаспора ташкилотларининг бирортаси ҳам конгресс ҳақида олдиндан хабар олмагани ёки вакил юбормаганини маълум қилди.

“Ҳеч ким бу делегатларни сайламаган”, деди Европа чеченлари уюшмаси раҳбари Аслан Муртазалиев.

“Европанинг кўплаб мамлакатларида уюшмамизнинг бўлимлари бор. Биз ҳеч қачон Қодиров тадбирига аъзоларимизни жўнатмаган бўлардик”.

“Рамзан [Қодиров] Чеченистон Республикаси раҳбари лавозимига ягона номзоддир”, дея хитоб қилди тадбир давомида Россия думаси депутати Адам Делимханов.

Ўзини “Франциядаги чеченлар иттифоқи” деб номланувчи гуруҳнинг вице-президенти ўлароқ таништирган Али Базаев исмли шахс “Франциядаги барча чеченлар номидан” Қодиров номзодини қўллашини билдирди.

Делегатлар тушликдан сўнг республика бош муфтийи Салах Межиев билан ибодат қилдилар ва Қодировнинг қароргоҳига йўл олиб, уни “барча уруғлар, барча қишлоқлар ва Исломдаги барча ҳурматли шахслар номидан” уларни “бу йўлда ташлаб кетмасликка” чорладилар.

Бунинг ортидан Межиев Қодировга конгресснинг бир овоздан қабул қилинган қарори нусхасини топширди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Қодиров Россия президенти Владимир Путин билан видеомулоқот ўтказди. Путин Қодировнинг минтақа иқтисодиётини ривожлантириш бўйича фаолиятини мақтади ва уни “ўз ишини давом эттириш” учун яна бир муддатга сайланишга ундади.

“Мен сизга фақат муваффақиятлар тилайман”, деди Путин.

“Human Rights Watch” ташкилоти Путиннинг Қодиров раҳбарлигида Чеченистон Россиядаги “энг хавфсиз жойлардан бирига” айлангани ҳақидаги даъвосини танқид қилди.

Бундан атиги икки кун олдин Чеченистон давлат телевидениеси раҳбари Қодировнинг танқидчиларини ўлдиришини айтиб, таҳдид қилганди.

“Агар кимдир ўлдирилиши керак бўлса, ўлимга лойиқ бўлса, биз уни ўлдирамиз”, деди Чингиз Аҳмадов “Instagram” тармоғига юклаган видеосида.

Расмий Рамзан Қодировнинг ҳар қандай душмани чечен халқининг ҳам душмани эканини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG