Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:26

Ўқувчилари зўрлангани айтилган Қўқондаги коллеж директори устидан ҳукм ўқилди


​Ўтган ҳафтада Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежи директори ва шу ўқув юрти омборчиси, ҳамда коллежга алоқаси йўқ яна бир фуқаро устидан суд якунланиб, ҳукм ўқилди.

Озодликка келиб тушган суд ҳукми тўғрисидаги расмий маълумотномада коллеж директори ва бошқа икки судланувчи талон-тарож, касб сохтакорлиги ва хизмат ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор, деб топилгани айтилган.

Коллеж директори 2018 йилнинг кузида талон-тарож ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, коллежнинг бир неча эркак ходимлари эса жинсий зўравонликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.

Махсус коллежнинг бир неча ходими ўқувчи қизларни жинсий зўрлашда гумон қилиниб, қўлга олингани ҳақида Озодлик 2018 йилнинг октябрида хабар қилган эди. ​

Коллежда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келадиган тарбияси оғир 200 га яқин қиз тарбияланади.

4 июнь куни республика ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исми ошкор этилишини истамаган манба Озодликка тақдим қилган суд ҳукми тўғрисижаги расмий маълумотномада коллеж директори Раъно Юлдашева, омборчиси Одил Шерматов ва яна бир фуқаро - Ҳатам Исмоиловлар тилга олинган.

Уларнинг ҳаммасига Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги), шунингдек, бирига 207-модда (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва яна бирига эса 184-модда (Солиқдан бўйин товлаш) бўйича айби қўйилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, айбловлар тасдиғини топган, судланувчиларга 25 миллиондан 73 миллионга қадар жарима солинган ва суд залидан озод қилинган.

Махсус коллежнинг бу ходимлари ўтган йилнинг 14 октябрида 50га яқин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан иборат гуруҳ таълим муассасида ўтказган рейд чоғида қўлга олинган эди.

Рейдга коллежда ўтган йилнинг сентябрида ўтказилган аноним сўров натижалари асос бўлгани айтилган. Бу сўров коллежда ўқийдиган 16 ёшли қизнинг ҳомиладор бўлиб қолгани фош бўлгач, ўтказилгани айтилган.

Натижада, коллеж директори талон-тарож ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, коллежнинг бир неча эркак ходимлари эса жинсий зўравонликда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозим қўлга олинганларга Жиноят кодексининг "Номусга тегиш", "Жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш", "Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш", "Мансаб ваколатини суиистъемол қилиш ва пора олиш" сингари моддалари билан жиноят ишлари қўғатилганини билдирганди.

Бош прокуратура ўз вақтида ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини тасдиқлаган, аммо қўшимча тафсилотларни ошкор қилмаган.

Озодлик тасарруфига 4 июнда келиб тушган маълумотномада эса, 3 кишининг қўлга олинишига туртки бўлган дастлабки гумон - қизларни зўрлаш билан боғлиқ айбловлар йўқ.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исми сир тутилаётган манбанинг айтишига кўра, дастлабки гумон бўйича суд мажлислари яширин ўтказилган ва жазо тайинланган.

Бироқ суднинг яширин қисмида судланувчилар қайси модда бўйича судлангани, уларга қандай жазо тайинланганига оид маълумот Озодликда ҳозирча йўқ.

Айни пайтда, ушбу коллежда ишловчи ўқитувчилардан бирининг шахсини ошкор этмаслик шарти билан айтишича, судланувчиларнинг учаласи ҳам суд залидан озод этилган ва уйларига қайтган.

Унга кўра, коллежнинг ёппасига ишдан бўшатилган ходимлари эса ноҳақ бўшатилганини даъво қилиб, Фарғона вилояти ва республика ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилмоқда.

"Ўшанда прокуратура роса текшириб, коллежда зўрлаш бўлганига битта ҳам исбот тополмади. Директор опани ҳам растратада айблашди, лекин мен бу айблов ҳам сохта, деб ўйлайман. Опа 20 йилдан бери жуда яхши ишлаб келарди. Бўшатилганларнинг кўпчилиги ариза қилиб югуриб юрибди. Ҳозирча, тарбиячилардан иккитаси ишига тикланди, холос", дейди ўқитувчи.

Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 200га яқин қиз тарбияланади.

Жазони ўташ муассасасидек қаттиқ қўриқланадиган бу коллежга тарбияси оғир, деб топилган қизлар суд қарори билан жойлаштирилади ҳамда тартибга кўра, уларга эркак ходимларнинг яқинлашиши чекланган.

Озодлик Ўзбекистон билим масканларида жинсий зўравонликлар ҳақида илгари ҳам хабар берган.

2017 йилнинг декабрида Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилар зўрлангани билан боғлиқ иддаолар юзасидан жиноят иши очилган.

Меҳрибонлик уйининг ўнлаб ходими Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 119-моддасининг 4-қисми ва бошқа моддалар билан узил-кесил 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Судланганлар вояга етмаган шахсни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топган.

Суднинг бу ҳукми жамоатчиликда норозиликларга сабаб бўлган ва фаоллар бу шахсларга нисбатан кучлироқ жазо чоралари қўлланилишини талаб қилганди.

XS
SM
MD
LG