Қозоғистонда «Қантар» (Январь) воқеалари деб билинган 2022 йилдаги қонли воқелардан уч йил ўтиб, Олмаотадаги суд оммавий тартибсизликлар уюштириш, уларда иштирок этиш ва бошқа жиноятларда айбланган 44 кишига нисбатан ҳукм чиқарди. Дастлабки мажлислардан бирида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ биринчи ўринбосари ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишнинг номи тилга олингани ортидан суд жараёни жамоатчилик учун ёпилганди.
Озодлик қозоқ хизматининг ёзишича, Миллий хавфсизлик қўмитасининг юқори мартабали мулозими 2022 йил январь ойида "ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш мақсадида" оммавий тартибсизликларни уюштириш учун жалб қилинган жиноий гуруҳга ҳомийлик қилди – 27 январь куни чиқарилган ҳукмга кўра, тергов органлари, давлат айбловчиси ва суд қонли январь воқеаларини шундай талқин қилмоқда.
Иш материалларига кўра, жиноий гуруҳни "Дикий Арман" ("Ёввойи Арман") номи билан танилган криминал авторитет Арман Жумагелдиев бошқарган. Гуруҳнинг "куратори" Миллий хавфсизлик қўмитасининг бешинчи департаменти собиқ раҳбари Руслан Искаков деб кўрсатилган.
Ишда таъкидланишича, уларга ўша пайтда Олмаота Маслаҳати депутати Қайрат Кудайберген ҳам қўшилган.
БИР ЯРИМ ЙИЛДАН 20 ЙИЛГАЧА
Суд Жумагелдиевни оммавий тартибсизликлар, одам ўғирлаш, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, жиноий гуруҳ тузиш ва босқинчиликда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Искаков 15 ярим йилга қамалди. Унга одамларни ўғирлаган жиноий гуруҳга ҳомийликдан ташқари, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш айби ҳам қўйилди.
Кудайберген тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб, саккиз йилга қамалган.
41 киши бир ярим йилдан 15 ярим йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Тергов ва айбловнинг фикрича, Жумагелдиев (у Туркиядан Қозоғистонга январь воқеаларидан бир неча ҳафта олдин келган) ва унинг тарафдорлари Искаковнинг буйруғи билан Олмаотадаги Қантар кунларида Республика майдонига чиқишган, у ерда минглаб одамлар тўпланган, норозилик намойишлари тартибсизликларга, маъмурий биноларни босиб олиш ва ёқиб юборишга, талончиликка айланиб кетган эди. Жумагелдиевга Қозоғистон раҳбариятига талаблар қўйиш учун ноқонуний орган яратиш айби ҳам қўйилди.
Суд томонидан эълон қилинган материалларда ушбу воқеаларда Миллий хавфсизлик қўмитасининг роли аниқлаштирилмаган, бироқ суднинг таъкидлашича, "2022 йил 5 январдан 6 январга ўтар кечаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти қўлга олингандан сўнг, Искаков оммавий тартибсизликлар режасининг муқаррар равишда барбод бўлганини англаб, жиноят изларини яширишга қарор қилган, Олмаота шаҳридаги вазиятни барқарорлаштириш баҳонасида у Жумагелдиевга одамларни ўғирлаш ва уларни "Қозоғистон" ва The Ritz Carlton Almaty меҳмонхоналарида сақлашни буюрган."
Иш маълумотларига кўра, Жумагелдиевнинг одамлари "тўнтарувчилар ва тартибсизликлар иштирокчилари билан курашиш ниқоби остида тинч аҳолини ноқонуний ушлаб туришган," уларни "шафқатсиз калтаклашган, тинтув қилишган, таҳқирлашган ва сўроқ қилишган," баъзиларини видеоёзув орқали ўғирликка иқрор бўлишга мажбурлашган.
"Олмаота шаҳрида тартибни тиклаш ва ишончли алиби яратиш баҳонасида Жумагелдиев тўдаси ва унинг тарафдорлари Олмаота шаҳар ФВБ ёнғин ўчириш машинасини қайтарган ва 12 та шаҳар шифохонасини қўриқлашни ташкил қилган, шунингдек, Олмаота аҳолисига озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш ташаббуси билан чиққан. Жумагелдиев тартибсизликлар иштирокчиларига қарши курашган ва унинг барча ҳаракатлари у уюштирган жиноятлар изларини яширишга қаратилганлиги аниқланган," дейилади суд баёнотида.
Жумагелдиевнинг ҳимояси айблов ва ҳукмга рози эмас.
– Узоқ давом этган бу жараённинг якунини асоссиз, адолатсиз, виждонсиз деб ҳисоблаймиз. Албатта, апелляция берамиз, – деди Жумагелдиеванинг адвокати Рена Керимова ҳукм эълон қилингандан сўнг. – Ҳимоямиз остидаги шахснинг айбсизлигини исботловчи далилларнинг тўлиқ тўплами судга тақдим этилган деб ҳисоблаймиз. Нима учун суд бизнинг далилларимизга холис баҳо бермаганини ҳукмнинг тўлиқ матнини ўргангандан сўнг билиб оламиз. Жараённи баҳолай олмайман, чунки у ёпиқ режимда ўтди, аммо натижалардан норозимиз.
Судда жабрланувчининг, яъни қамоққа олинган ва қийноққа солинган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилган адвокат Айнар Айдархонова ҳукмни асосли деб ҳисоблайди, аммо унинг устидан шикоят қилиш нияти борлигини айтади.
– Бугун суд эълон қилган жазога биз розимиз. Ҳукм уларнинг қилмиши учун қонуний ва асосли деб ҳисоблаймиз. Лекин етказилган зарарни ундириш ҳақидаги талаблар бўйича шикоят қиламиз. Жабрланганлардан даъво аризаси берганмиз. Суд қарорига кўра, 44 нафар судланувчидан бир миллион тенге миқдорида жарима ундирилмоқда. Бу жуда кам, – деди Айдархонова.
СУД ХРОНОЛОГИЯСИ
Ушбу иш бўйича суд жараёни 2023 йил сентябрда жамоатчиликдан ёпилди. Бу биринчи мажлисларнинг бирида Руслан Искаков Қантар пайтида унга биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абиш буйруқ берганини айтганидан сўнг юз берди.
Ўша пайтда махсус хизматдаги лавозимини тарк этган Абишдан тергов органлари шубҳаланмаётган эди. У собиқ Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбариятидан озодликда қолган ягона шахс эди: қўмитанинг собиқ раиси Карим Масимов ва унинг Абишдан ташқари ўринбосарлари давлат тўнтаришига уриниш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб, 3 йилдан 18 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Кўп ўтмай Абишга Қантар пайтида "ҳокимиятни суиистеъмол қилганлик" айби қўйилди. Ўтган йилнинг март ойида у саккиз йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилингани маълум бўлди.
Қонли воқеаларда Абишнинг роли номаълумлигича қолмоқда: у ҳам ёпиқ суд жараёнида ҳукм қилинган, бу ишда давлат сирлари мавжудлиги билан тушунтирилди.
Британиялик тадқиқотчи, PRISM сиёсий хатарлар ва бизнес таҳлиллари бўйича консалтинг агентлиги эксперти ҳамда Chatham House таҳлил марказининг Россия ва Евроосиё бўйича мутахассиси Кейт Маллинсон 2024 йилда январь воқеалари собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг оила аъзолари 2022 йил январда амалга оширган тўнтаришга уриниш бўлганини ёзган эди. У бундай хулосаларга келишга асос бўлган манбаларни кўрсатмаган.
Январь воқеаларидан кейин кўплаб имтиёзлардан маҳрум бўлган ва камдан-кам ҳолларда омма олдида кўринадиган собиқ президент Нурсултон Назарбоев Абишнинг ҳукмига изоҳ бермади.
У Абишнинг укаси, иқтисодий жиноятларда айбланиб, олти йилга қамалган, Қайрат Сатибалди устидан ўтказилган суддан сўнг қисқача изоҳ берган (Сатибалди аллақачон муддатидан олдин озодликка чиқарилган).
2022 йил ноябрда Назарбоев ҳукм "адолатли деб ўйлаш керак, агар кимдир бу қарорга рози бўлмаса, баҳслашиши керак. Бундай масалалар суд тизими ваколатига киради", деган эди.
"Ёввойи Арман" иши бўйича суд жараёни видеоёзувлари Youtube’га жойлаштирилди. Айрим парчаларнинг давомийлиги бир соатдан ошади.
Видеода Жумагелдиев, Искаков, бошқа судланувчилар ва иш бўйича гувоҳларнинг чиқишлари қайд этилган. Жумагелдиевнинг ҳимояси унинг Youtube каналини яратишга алоқаси йўқлигини, чунки у Миллий хавфсизлик қўмитаси изоляторида эканлигини ва интернетга кириш имконияти йўқлигини айтди.
Прокуратура ёпиқ суд видеосининг тарқалишини текшираётганини маълум қилди ва жиноят иши қўзғатилди. Бироқ айбланувчилар собиқ юқори мартабали амалдорлар, жумладан, Абишни бир неча бор тилга олган ушбу видеоёзувларни ким ва нима мақсадда жойлаштиргани ҳақидаги тафсилотлар ҳали ҳам йўқ.
Форум