Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:33

Қозоғистон: Январь воқеаларида Ўзбекистоннинг икки фуқароси бедарак кетди


Қозоғистон, Олма-Ота, январь, 2022.
Қозоғистон, Олма-Ота, январь, 2022.

Қозоғистондаги январь воқеалари чоғида икки нафар Ўзбекистон фуқароси изсиз йўқолди. Улардан бири тартибсизликлар бошлангунча ғойиб бўлган, иккинчиси эса полиция қўлга олганидан бери дом-дараксиз. Полиция “қўйиб юборилган” демоқда, лекин одам уйига қайтмаган.

Озодлик қозоқ хизмати мухбирлари ўзбекистонликларнинг тақдири борасида журналистик суриштирув олиб борди.

“Озод этилгани далили йўқ”

Ака-сингил Мейргул ва Богенбой Қанатбоевлар – қандас бўлиб, Қорақалпоғистондан кўчиб келишган (“қандас” бошқа мамлакатлардан Қозоғистонга кўчиб борган этник қозоқлар ва уларнинг оила аъзоларига бериладиган қонуний мақом – Озодлик изоҳи). Улар Жанаўзен ва Атирауда истиқомат қилишса-да, январь ойидан бошлаб Олмаотага танда қўйиб олишган. Икковлон укалари Мақсет Қанатбоевни қидиришмоқда – уни январь воқеалари чоғида полиция ушлаган эди, ўшандан бери дом-дараги йўқ.

Мақсет Қанатбоев 32 ёшда, у Қорақалпоғистон (Ўзбекистон)нинг Тахиатош шаҳрида туғилган. 2020 йилда у Олмаотадаги қариндошларини қора тортиб келган, ўшандан бери “Олтин Ўрда” улгуржи бозорида арава тортарди. Иш жойига яқинроқ бир ижара квартирада ҳамюртлари билан бирга яшаган.

“Жўралари намойишлар бошланганидан сўнг уйдан чиқмадик, дейишяпти. “Олтин Ўрда” бозори атрофига полиция “омончи”лари ташланганида Мақсет улар уйга бостириб кириб, уни олиб кетишларидан чўчиган ва бир танишига қўнғироқ қилиб, бошқа жойга олиб кетишни илтимос қилган. 6 январда, кечга яқин полиция уни тўхтатган ва қўлларини кишанлаб, олиб кетган. Ўшандан бери укамнинг дом-дараги йўқ”, дейди Мейргул Қанатбоева.

Мейргул ва Богенбой Олмаота полициясига мурожаат қилишган, шаҳардаги барча морглару қамоқхоналарни айланиб чиқишган, аммо ҳануз укаларининг изини топа олишмаган.

Полиция уларга Мақсет Қанатбоев 12 январь куни қўйиб юборилган”ини билдирган.

Мақсет Қанатбоев
Мақсет Қанатбоев

Ака-сингил Қанатбоевлар Мақсетнинг ёнида ҳужжатлари ва мобил телефони бўлганини, ростдан ҳам қўйиб юборишган бўлса, албатта қўнғироқ қилиши кераклигини айтишмоқда.

“У оилада еттинчи фарзанд. Қозоғистон фуқаролигини олгач, уйланмоқчи эди. Қариндош-уруғларимиз Қорақалпоғистонда яшашади. Мақсет йўқолиб қолганини онамга ҳануз билдирганимиз йўқ”, дейди Мейргул.

Сингилнинг сўзларига кўра, улар бошқа бир тутқуннинг қариндошлари билан бирлашиб, адвокат ёллаганлар.

“Полицияга мурожаат қилдик, прокуратурага ҳам. Бизга укамнинг қўлга олиниши, сўроқ қилиниши ёки озод этилиши қайд этилган видеоёзувларни беришмади. Уни ким сўроқ қилганини ёки ким қўйиб юборганини айтишмаяпти. Бундан чиқадики, укамнинг авахтага киргани излари бору у ердан чиққани изи йўқ”, дейди Мейргул.

Ғойиб бўлган Мақсет Қанатбоев иши билан адвокат Нурхон Амангелди шуғулланмоқда. У Олмаота прокуратурасига шикоят ёзган, мурожаатини Олмали тумани прокуратурасига йўллашибди.

“Мақсет Қанатбоев ва унинг синфдоши Меиржон Камаев автомобилда кетишаётган пайтда “Москва” савдо маркази қаршисида – Абай ва Олтинсарин кўчалари кесишмасида ушланган. Меиржон Камаевни ҳибсхонада суд санкциясисиз 10 сутка сақлаб, 16 январда бўшатганлар. Аммо у билан бирга қўлга олинган Мақсет Қанатбоевнинг қўйиб юборилганига далил йўқ. Бу масалада берган саволларимиз жавобсиз қолди. Ариза берганимиздан сўнг Олмали тумани полиция маҳкамаси Мақсет Қанатбоевни қидирувга берди ва 29 январда жиноят иши очди”, дея маълум қилди адвокат.

“Олтин Ўрда” яқинида ғойиб бўлган

Бедарак кетган иккинчи киши ҳам Ўзбекистон фуқароси – 1978 йилда туғилган Азат Жуманиязов. У Қорақалпоғистондаги Чимбой шаҳрида туғилган. Азат 4 январдан бери дом-дараксиз. Уни хотини Мейркул ҳамда Жамбил вилоятининг Қордай қишлоғида яшовчи қариндош-уруғлари қидиришмоқда. Мейркулнинг ўзи ҳозирда бир яшар гўдаги билан бирга Чимбойда туради.

“Баҳорда эрим билан Олмаотага бориб, кузгача ишладик. У пайвандловчи бўлиб ишлади, мен болалар боғчасида ошпазлик қилдим. Кузда мен қайтиб келдим. Ҳозир уйдан чиқа олмайман – қўлимда чақалоғим бор. Азат Янги йил байрамида уйга келмади, ишидан рухсат беришмади. 4 январдан бери ундан хабар йўқ”, дейди аёл.

Азат Жуманиязов.
Азат Жуманиязов.

Мейркулнинг умиди – Азатнинг Олмаота яқинида яшовчи қариндошларидан, “улар эримни топиб беришади”, деб ўйлайди. Жияни Нурлан Отениязов айтишича, Азат икки-уч йил Олмаота яқинидаги Алатау туманининг Маданият микротуманида пайвандловчи бўлиб ишлаган. Иш берувчи уни ётоқхона билан таъминлаган.

“4 январь куни соат 11 ларда у Қордайдаги амакимникига бориш учун йўлга чиққан. Орадан икки-уч кун ўтиб биз уни қидиришни бошладик. Барча танишларимиздан сўраб-суриштирдик, аммо ҳеч ким уни кўрмаган. Ҳатто моргларда ҳам бўлдик, ҳеч қаерда унинг изини топмадик”, дейди Нурлан.

Отениязовга кўра, Азатни топа олишмагач, унинг фотосуратини “Олтин Ўрда” бозори атрофига ёпиштириб чиққан. 17 январда у Алатау тумани полициясига ариза берган. Полиция “Азат Жуманиязовнинг телефони тармоқдан йўқолган пайтда у Дўлан қишлоғи атрофида бўлган”ини билдирган.

Дўлан қишлоғи Олмаота билан Каскелен орасида жойлашган бўлиб, “Олтин Ўрда” бозорига яқин.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматнинг 8 февралдаги йиғилишида “Олтин Ўрда” бозорини “Жиноятчилик уяси” деб атаган, “бунга Олмаотада тартибсизликлар чоғида амин бўлган”ини урғулаган эди.

Бироқ президент ҳам, кучишлатар идоралар ҳам “Олтин Ўрда” бозорининг январь воқеаларига айнан қандай дахли борлигини очиқлашмаган. Январь воқеаларига доир турли тахминлар бирида тартибсизликлар билан шуғулланганлар орасида “Олтин Ўрда” бозорида ишлаган ҳаммол ва мардикорлар ҳам бўлгани айтилади.

Олмаотадаги оммавий намойишлар 4 январь куни “Алатау” театри ёнида бошланган эди. Полиция норозиларни куч билан тарқатган, лекин одамлар эртасига ҳам намойишга чиққанлар.

5 январда “спецназ” “Олтин Ўрда” бозори яқинида намойишчиларни тарқатиш учун ёруғлик-шовқин гранаталари ва резина ўқлардан фойдаланган. Эрталаб 8 ларда бозор теварагида жамоат транспорт ҳаракати тўхтатилиб, кўчалар тўсилган.

Айни ҳудудда Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси – Зиёджон Қўчқоров ҳам ғойиб бўлган эди. Орадан 25 кун ўтгач, қариндошлари унинг отиб ўлдирилганини аниқлаганлар.

Расмий маълумотларга кўра, январь воқеаларида 230 киши ҳалок бўлган. Ҳукумат ўлганларнинг исмларини ҳануз эълон қилмади. Улардан 19 нафари ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари экани айтилади.

Январь ойи ўрталарида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “тартибсизликлар”га алоқадор шахслар қидирилаётганини ва шу аснода “миграция қоидаларини бузган” 20 га яқин ўзбекистонлик ушланганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG