Қозоқ овулларида яшовчи аёллар ижтимоий тармоқлар учун контент яратиб, ўз оилаларига қўшимча даромад келтиришмоқда. Айни чоғда улар интернетда ўқув курсларини ҳам олиб боришади.
2022 йилда Ақбилек Абдирова TikTok ва Instagram учун видеороликлар суратга ола бошлайди. У пайтлар аёл эри билан Мангистов вилоятидаги қишлоқда яшарди.
2024 йил охирида улар вилоят маъмурий маркази – Ақтау шаҳридаги янги уйга кўчиб ўтишди.
Бунга қисман Ақбилекнинг Instagram’даги профили орқали топган даромадлари имкон берди.
“Энди контент қила бошлаганимда ҳеч ким мени қўллаб-қувватламаган. Одамлар: “Вақтингни бекорга кеткизяпсан, бундан ҳеч қанақа фойда йўқ”, дейишарди. Секин-аста обуначиларим кўпайиб, пул ишлаб топа бошлаганимдагина қариндош-уруғлар мени тушунишди”, дейди 28 ёшли Ақбилек Озодлик радиоси қозоқ хизмати билан суҳбатда.
Абдированинг кўп роликлари – анъанавий оилаларга тушган қозоқ келинларининг рўзғор юмушлари ҳақидаги креатив эслатмалардир.
Ақбилек ҳам улар қатори ҳар куни супур-сидиру пишир-куйдир билан шуғулланади, ҳам 3-4 соат ўтириб видео суратга олади ва монтаж қилади.
Оила шаҳарга кўчиб боргач рўзғор ишлари камайиб, Ақбилек бир новвойхонада ижтимоий тармоқлар бўйича менежер бўлиб ишлай бошлади. Бундан ташқари, ҳомиладорлик таътилидаги аёлларга мўлжалланган ўқув курслари ва “марафон”лар ўтказиб, уларни ижтимоий тармоқлар учун видеороликлар олишга ўргатади.
“Видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаганлик учун ҳеч ким биздан пул олмайди. Қайтага, контентингиз кўп томоша қилинса ва уни тўғри бошқара билсангиз, даромад олишингиз мумкин. Бу молиявий мустақил бўлишингизга ёрдам беради”, дейди Ақбилек Абдирова.
“Серқирра келин”
Қозоғистонда ёш аёллар ҳақ тўланадиган расмий иш билан бирга “келинлик мажбуриятлари”ни ҳам бажаришади, қайнона-қайнотага ва ўз фарзандларига ғамхўрлик қилишади.
Бу “ҳақ тўланмайдиган, кўринмайдиган ва қадрланмайдиган меҳнат” иқтисодиётимизда “иккинчи смена” сифатида танилган, дейди юрист ва тадқиқотчи Айгерим Ҳусайнқизи.
“Аёлларимиз: “Бу иш оғир эмас-ку, бемалол эплайман”, дейишади. Бироқ бу аҳвол узоқ вақт давом этган тақдирда депрессияга олиб келиши мумкин”, дейди Ҳусайнқизи.
Суҳбатдошимиз айни ҳолатни бошидан кечирган аёлларнинг аккаунтлари оммалашаётганини қисман шу билан изоҳлайди.
34 яшар Айгерим Омирзақова Қозоғистон жанубидаги Жамбул вилоятининг Қулан қишлоғидан.
У беш йил ичида Instagram’да 175 минг, TikTok’да эса 163 минг обуначи йиққан. Айгерим ўзини “серқирра келин” деб атайди.
Беш фарзандли бу аёл ҳам интернетда видеомонтаж курсларини олиб боради, юзлаб шогирд тайёрлашга улгурган.
Айгерим Озодлик билан суҳбатда “декрет таътили даврида депрессияга тушмаслик учун” контент яратишни бошлаганини, постлари остидаги позитив изоҳлар унга далда бўлганини айтади.
Аёл видеоларига кадр ортидан овоз беради. Унинг роликлари асосан рўзғор юмушларига ўралашиб қолган аёлларга мўлжалланган “лайфхаклар”дан иборат.
Шунингдек, у кекса ва касалманд қариндошларга қараш, ювиб-тараш бўйича тавсиялар ҳам беради. Аёлнинг бу борада тажрибаси бор: қайнотаси икки йил аввал инсулт бўлиб тилдан қолган, тўшакдан тура олмайди.
“Аёл қила олмайдиган иш йўқ дунёда. Бизнинг замонда эрнинг топганига ёки болалар нафақасига қаноат қилиб ўтирмаслик керак”, дейди Айгерим.
Ҳалол колбаса савдоси
31 ёшли Қарлиғоч Бакит қисқа вақт ичида TikTok’да 15 мингдан зиёд обуначи йиғди.
Эрининг ота-бобоси чорвадор чўпонлар бўлишган.
Аёл ҳалол колбаса тайёрлаш курсида ўқиб чиққач, яқинда 1,4 миллион тенге (3 минг доллар)лик давлат грантини ютиб олиб, Олмаота вилоятида ўз кичик бизнесини йўлга қўйди.
Унинг ижтимоий тармоқлардаги ёрқин постлари, хусусан колбаса пишириш жараёни ҳақидаги видеолари савдони жонлантиришга ёрдам берди. Қарлиғоч ўз маҳсулотларини курьер таксилар орқали етказиб беради.
“Ижтимоий тармоқларда ўзимни таништириб, обуначиларга ўз ҳаётим ҳақида гапириб берганимдан сўнг одамлар менга ишонишди. Уйимиз шаҳардан машинада тўрт соатлик йўл эканига қарамай, у ерда анчагина мижозларим бор, ҳар куни янги мижозлар пайдо бўляпти”, дейди Бакит.
Тўрт фарзанднинг онаси бўлмиш бу аёл қайнилари маслаҳати билан контент яратишни бошлаган экан.
Ёзда у оиласининг баланд тоғ яйловларидаги турмуши ҳақида видеолар олади: тоғда улар ўтовларда яшайдилар ва сайёҳлар учун қимиз тайёрлайдилар.
Суҳбатдошимиз ёз фаслида чўпоннинг хотини ва TikTok’да контент яратувчи ролларини бирга олиб бориш қийин бўлишини айтади.
“Яйловда алоқа яхши эмас, шу боис бу йил кўк вагончамизни олиб кетдик: мен сигнални тутиш учун унинг устига чиқиб оламан. Кузда қишлоққа қайтамиз, чунки болалар мактабга бориши керак”, дейди Қарлиғоч.
Форум