Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 14:08

Уруш ва алкоголизм. Россияда аҳоли камайиб, туғруқхоналар ёпилмоқда


Россиядаги туғруқхона. Иллюстратив сурат
Россиядаги туғруқхона. Иллюстратив сурат

Россияда туғилишларнинг мутлақ сони мамлакат тарихидаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлган 2000 йилга миқдорга яқинлашди, дея маълум қилди РФ соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи муовини Виктор Фисенко. Туғилишнинг рекорд камайиши манзарасида туғруқхоналар ва аёллар маслаҳатхоналари оммавий ёпилмоқда. Росздравнадзор қайдларига кўра, сўнгги 5 йилда мамлакатда 150 та давлат тиббиёт муассасаси туғруқни қабул қилишга рухсат берувчи лицензиядан маҳрум қилинган. Шунингдек, шифокорлар айтишича, касалхоналарда акушер, гинеколог ва неонатологлар етишмайди. Сабаби – туғилиш камайганидир, айни шароитда бутун-бутун бўлимлар ёки ихтисослашган шифохоналарни сақлаш ўзини оқламаяпти.

Росстат маълумотига кўра, Россияда туғилишлар сони камайишда давом этмоқда. 2024 йилнинг 10 ойида 1028 мингта чақалоқ дунёга келган – бу 1999 йилдан (у пайтда Чеченистон ва Қрим статистикага қўшилмаган) бери энг паст кўрсаткичдир. Туғилишнинг ялпи коэффициенти (ТЯК, битта аёлга тўғри келадиган болалар сони) 2024 йилда 1,43 га тушган. Бу эса 2008 йилдан бери энг паст миқдор бўлди. Ўлимлар сони туғилишга нисбатан кўплиги ҳисобига аҳолининг “табиий камайиши” 2024 йилнинг уч чорагида – 496 минг кишига, йил якуни бўйича эса қарийб 600 минг кишига етган ва бу 2023 йилги кўрсаткичдан 20 фоизга юқори. Россия ҳукумати янги стратегияда 2030 йилгача мамлакатда туғилишни ҳозирги Франциядаги даражага етказишга умид қилмоқда.

Чуқур

Демографлар таъкидлашича, туғилишларнинг рекорд камайишини 90-йиллар интиҳосидаги “демографик чуқур” ва унинг оқибатида туғишга лаёқатли аёллар сони камайгани билан оқлаш мумкин бўлса, туғилиш коэффициенти (ТЯК)га ҳукумат таъсир қила оларди. Бироқ бунинг учун мутлақо бесамар чоралар танланган.

Демограф ва иқтисодчи Алексей Ракша Россияда аҳоли камайиши суръати ошишини 2019 йилдаёқ башорат қилганди. 2024 йилнинг уч чорагида ўлим туғилишдан кўплиги туфайли аҳолининг “табиий камайиши” 400 минг кишига етди, бу бурноғи йилгидан чорак баравар кўп, айни чоғда туғилиш кўрсаткичи урушга жуда қаттиқ боғлиқ эмас, деб ҳисоблайди олим.

“Уруш кимгадир туғмаслик учун сабаб бўлди, кимгадир эса аксинча. Айримларнинг даромади камайди, эркаги урушга кетиб, бунинг учун пул олаётган оилаларда эса, аксинча, ошди. Ушбу кутилмаган омиллар бир-бирини тўлдирди: кимлардир уруш туфайли бола кўришга қарор қилди, кимлардир бу ишни кейинга қолдирди. Аммо фарзанд кўришни кейинга қолдирганлар барибир кўпроқ”, дейди Ракша.

Демографга кўра, галдаги беш йилда тренд давом этади – туғилганлар ўлганлардан камроқ бўлади, чунки репродуктив ёшдаги одамлар сони қисқармоқда. Аммо кейин, 2030 йилга бориб нулинчи йиллар авлоди оила қуришга тайёр бўлади ва туғилиш кўрсаткичи ўсиши мумкин.

Олимнинг фикрича, ўлимнинг энг муҳим кўрсаткичи бу умр узунлигининг 73,5 ёшдан 72,5 ёшга камайганидир. Суҳбатдошимиз бунинг асосий сабаблари алкоголизм ва уруш деб ҳисоблайди.

Алексей Ракша айтадики, Россияда юрак-томир касалликлари туфайли содир бўлаётган ўлимларнинг бешдан бири ичкиликбозлик билан боғлиқ. Ушбу статистикага алкоголизм туфайли қилинган қотилликлар, суицидлар, одам ўлимига олиб келган ЙТҲлар, чўкиб ўлишлар ва ёнғинда ўлишлар кирмаган.

“Буларни ҳам қўшадиган бўлсак, Россияда ташқи сабаблар туфайли содир бўлган ўлимларнинг 2/3 қисми алкогол билан боғлиқ бўлиб чиқади. Шундай экан, Росстатнинг “50 мингта ўлим бевосита алкогол билан боғлиқ сабабларга кўра юз беради” деган маълумотини аслида “120-130 минг ўлим” деб ўқиш керак”, таъкидлайди у.

Ракшага кўра, уруш бўлмаган тақдирда ҳам ўлим туғилишдан ортиқ бўлур эди, чунки туғилишлар сони демографик чуқур туфайли камайиб кетган. “Албатта, урушда ўлганлар сони ҳам таъсир қилди, лекин динамикани кескин ўзгартиргани йўқ. Айни чоғда, урушда асосан ёш ва ўрта ёш эркаклар ўлаётгани сабабли, бунинг кутилаётган умр узунлигига таъсири табиийўлимга таъсиридан кўра кўпроқ, негаки уруш бўлмаганида бу эркаклар узоқ яшаши мумкин эди. Ўртача ўлим ёши урушда 38 ёшни, фронт ортида хизмат қилаётган эркакларда 68-69 ёшни, бутун аҳоли бўйича эса 73,5-74 ёшни ташкил қилмоқда”, дейди олим.

Нотўғри рағбатлантириш

Туғилишнинг коэффициенти (оиладаги болалар сони) яқин йилларда ҳам камайишда давом этади, дейишмоқда ишонч билан демографлар. Бунинг сабаби эса давлатнинг иккинчи ва кейинги болалар туғилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари самара бермаётганидир.

“ТЯК – айнан давлат таъсир этишга уринаётган кўрсаткич. Иккинчи боладан бошлаб жорий қилинган она сармояси бор, лекин, кўряпмизки, оилалар бу пулни асосан уй-жойини яхшилашга сарфламоқда. Қолган барча чоралар ишламаяпти, – сўзида давом этади Ракша. – Бир неча йил муқаддам давлат она сармояси дастурини иккинчи ва кейинги болалар туғилишини кучайтирилган тартибда рағбатлантиришдан биринчи бола учун тўловларга ўтказганди (ҳукумат биринчи бола учун 630 минг рубл, иккинчи бола учун эса, агар биринчи бола учун она сармояси олиб бўлинган бўлса – 203 минг рубл тўлайди). Бу катта хато бўлди. Она сармояси биринчи фарзандни дунёга келтириш қарорига деярли таъсир қилмаяпти. Бу тўлов қолсин, майли, лекин иккинчи ва учинчи болаларга субсидия ажратиш керак. Давлат эса туғилиш камайишидан қўрқишига қарамай, муаммо ечимига маблағ ажратишга шошилмаяпти”.

Россия: рейд, депортация ва уруш. 2024-йил ўзбек муҳожирлари учун қандай ўтди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:34 0:00

Иқтисод фанлари доктори, профессор Виктор Самаруха бу фикрга қўшилади. У урғулашича, Россия ҳукумати оилада биринчи бола туғилишини ва унинг эртароқ дунёга келишини рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларга эътибор қаратиб мутлақо нотўғри қилмоқда.

“Ўтган йил бошида Путин оилавий ипотека ва она сармояси давлат дастурларини 2030 йилгача узайтирди, кўп болали оила ягона мақоми тўғрисида фармон имзолади. Аммо энг катта хато тузатилмади – она сармоясининг асосий қисмини биринчи бола учун тўлаш давом этди. Натижада иккинчи фарзандлар туғилиши кескин камайди, – таъкидлайди эксперт. – Боз устига, кам таъминланган оилаларга ёрдам дастури ишламаяпти. Уларга тўланаётган нафақа пули фарзанд кўришга қарор қилишлари учун етарли эмас. Даромади кам таъминланган даражасидан бир оз юқори бўлган оилалар ҳам қўл учида яшамоқда. Улар нафақага умид қилолмайди. Айрим эр-хотинлар имтиёзли тоифага кириш учун номига ажралишяпти. Мулозимлар бу сохта ажрашишларни тўхтатиш учун никоҳни бекор қилишдан олинадиган давлат божини оширишди, бироқ ажралишлар камайгани йўқ”.

Экспертларга кўра, айни вазиятда иккинчи бола учун оилага икки хонали квартира ўрнига камида уч хонали квартира олиш имконини берадиган субсидия ажратиш самарали ечим бўлур эди.

“Ҳозирги нарх-навода бу пойтахтда қарийб 2 млн рубл бўлади. Регионларда эса иккинчи ва кейинги болалар учун камида 500 мингдан ажратиш керак. Қолаверса, ҳомиладорлик таътили давридаги иш ҳақини ва бола туғилиши учун солиқ чегирмаларини компенсация қилиш зарур. Бу туғилиш коэффициентини 1,44 дан 1,65 га (2024 йилда Путин ТЯКни 2,1 га етказишга фармойиш берган) кўтаришга ёрдам берган бўларди”, дейди Ракша.

Экспертлар айтишича, демографлар ҳукуматни Россиянинг битта регионида – Нижегородск вилоятида тажриба тариқасида иккинчи бола учун қўшимча тўлов жорий этишга кўндиришган. Биринчи ва иккинчи бола учун миллион рубллик она сармояси федерал бюджетдан ва қисман регионал бюджетдан тўланмоқда. Учинчи ва кейинги болалар учун тўловлар эса тўлиқ маҳаллий бюджетдан берилади.

Биринчи бола учун тўловнинг регионал бюджетдан тўланадиган қисми “ота-онанинг иш ҳақи” кўринишида – уч йил давомида ойига 10 минг рублдан берилади. Шу тариқа федерал бюджетдан жами 676 минг, маҳаллий бюджетдан эса 324 минг тўланади; иккинчи болага – 500 минг рубллик сертификат ҳамда ойига 20 мингдан “иш ҳақи” сифатида жами 283 минг рубл; учинчи болага 700 минг рубллик сертификат ва ойига 30 мингдан “иш ҳақи” тўланади. Тўртинчи боладан бошлаб бирданига миллион рубл олиш мумкин бўлади.

Иркутскдаги бир мактабнинг бошланғич синфлар муаллимаси Анна В. давлат шунақа моддий ёрдами 2023 йил охирида уни, эҳтимол, “аборт қилдиришдан қайтарган бўлиши”ни айтади.

“Бўйимда борлигини сафарбарлик бошланганидан кейин билдик. Эрим Қозоғистонга кетиш ҳаракатида эди. Мен келгуси йилгача ўқувчиларимни ташлаб қўя олмасдим, эрим билан кетиш эса хаёлимга ҳам сиғмасди. Аммо эримни қўллаб-қувватладим: урушда ўлгандан кўра кетган яхши, дедим. Онам қариб қолган, ёлғиз қолдириб бўлмайди, қаров керак. Агар ўша пайтда туғруқ таътили даврида ойига ақалли 10 минг рублдан пул тўлаб туришганида эди, мен, балки, ҳомиламни олдирмаган бўлардим... Бу томоғимга базўр етарди, квартира ижарасига пул қолмасдию, майли, онамникида яшаб турардим ҳеч бўлмаганда...”, дейди суҳбатдошимиз.

Экспертлар қўшимча қилишича, иккинчи фарзандларнинг ота-оналари она сармоясини аввало уй-жойларини яхшилашга сарфлашмоқда. Лекин ипотекага эмас – оилавий ипотека одамларни қизиқтирмай қўйган, кредит тўлашга қурблари етмаяпти.

“Учинчи ва кейинги болалар туғилганда ипотека учун дастлабки тўлов сифатида давлат ғазнасидан 450 минг рубл тўлаб бериш қоидаси ҳануз бор. Аммо ипотека туғилишни рағбатлантирувчи чора бўлмай қолган. Мен Приморск ўлкасидаги натижаларни кўрдим – у ерда учта ва ундан кўп болали оилаларга ипотека учун миллион рублгача пул тўланади. Лекин бу фойда бермаяпти. Регионда учинчи фарзандлар туғилиши максимум 2 фоизга ошган. Барча оилалар шу қадар кредит олиб ташлашганки, янги ипотекаларга маблағ умуман йўқ. Одамлар ипотекага қуллик, асорат деб қарашмоқда”, дейди Алексей Ракша.

Путин: Мигрантлар болаларининг мактабларда кўпайиши-катта муаммо!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:36 0:00

Тақиқлар ишламаяпти

2024 йилда Россиянинг 15 дан ортиқ регионида “абортларга мойиллик” учун жарималар жорий этилди, федерал миқёсда эса, ҳукумат назарида, демографияга таҳдид солаётган “чайлдфри” идеологиясини тақиқловчи қонун қабул қилинди. Айни чоғда 35 та регионда ҳомиладорлик таътилига чиқадиган талаба қизлар учун тўловлар белгиланди. Гап асосан 100 минг рубллик тўлов ҳақида бормоқда, аммо Ямал-Ненец мухтор вилоятида биринчи фарзанд учун талаба қизларга уч миллион рубл ваъда қилишмоқда.

Бироқ, экспертларга кўра, тақиқловчи чоралар мутлақо бесамар бўлаётир.

“Ҳар қандай тақиқ аҳолини тинчлантирмайди, қайтага асабийлаштиради. Одамларда шусиз ҳам эртанги кунга ишонч суст, бу эса қўшимча стресс бўляпти. Бунақа чоралар бола кўриш истагига путур етказади”, дейди Самаруха.

Демограф Ракша бу фикрни қўллаб-қувватлайди.

“Тақиқ туғилишга қандайдир таъсир қилаётганини кўрмаяпман. Аёлларнинг тахминан 2,7 фоизигина туғишдан онгли равишда воз кечади, бинобарин “чайлдфри идеологияси”ни тақиқлаш билан вазиятни ўнглаш имконсиз. Илмий тажрибаларга қараганда, аборт ман этилиши ҳеч қачон туғилиш кўпайишига олиб келмаган”, изоҳ беради олим.

Талаба қизларга фарзанд кўргани учун пул тўлашнинг натижаси туғилиш кўпайиши эмас, балки туғиш ёши пасайиши бўлади, тахмин қилади эксперт.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россия аҳолиси сони 146 028 325 кишини ташкил қилади.

Форум

XS
SM
MD
LG