Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

Россия: Меҳнат мигрантлари оммавий муштлашув оқибатларини ҳис қилмоқда


Россия пойтахти Москвада июль ойи бошида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида юз берган оммавий муштлашувдан сўнг мигрантларни текшириш кучайтирилиб, депортация ҳолатлари кўпайди. Ушбу масала Қирғизистон Жогорку Кенешида ҳам кўтарилди – депутатлар ҳукуматни ватандошларга ёрдам кўрсатишга чақирди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати сўнгги 10 кун ичида Россиядан Қирғизистонга депортация қилинган уч киши билан гаплашди. Уларнинг бари ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар важидан ватанларига қайтариб юборилганини айтишди, аммо очиқ сўзлашишга рози бўлишмади.

Москвадаги “Ноокат” уюшмаси раиси Тўлқунбой Акматов “Кузьминки” метро бекати ёнида Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларининг оммавий муштлашувидан сўнг кучайтирилган текширувлар ҳануз давом этаётганини, депортация қилинаётганлар кўплигини тасдиқлади.

“Текширувлар давом этяпти, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларини қаттиқ текширишяпти ва ҳужжатларидан арзимаган камчилик топилса ҳам депортация қилишяпти. Яқинда ўринбосаримни ушлашган экан. У ҳам полиция синчиклаб текшираётганини айтяпти. Мигрантларнинг бармоқ излари, фотосуратлари йиғилмоқда. Бироқ элчихонамиз бу масалада оғзига толқон солиб олган. Гўё қирғиз мигрантлари алоҳида давлату ўз муаммоларини ўзи ҳал қилиши керакдек. Расмийлардан ҳеч ким ҳолимиздан хабар олмаяпти”, дейди Акматов.

12 июль куни Москвада, “Кузьминки” метро бекати ёнида ўнлаб қирғиз ва тожик мигрантлари ўзаро муштлашган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг “Безорилик” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига кўра, ҚРнинг 65 фуқароси муштлашувга алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинган.

Москвадаги “Маконим Олатов” ташкилоти раҳбари Жамил Бегиев ҳам муштлашув воқеаси Россиядаги мигрантларга қаттиқ таъсир қилганини айтмоқда.

“Мигрантларни ҳар куни қўлга олишяпти, жаримага тортишяпти ёки депортация қилишяпти. Депортациядан қутулиб қолганлар ҳам, иккинчи марта маъмурий жаримага тортилганидан сўнг қора рўйхатга тушади. Бир-икки йигитнинг безорилиги жабрини ҳамма тортяпти”, дейди у.

Жогорку Кенешнинг 22 июлдаги йиғилишида депутат Ойбек Усмонов ўнлаб мигрантлар Россиядан бадарға қилинаётганини таъкидлади. У Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси муаммога ечим топа олмаётганини ва истеъфо бериши лозимлигини айтди.

“Маълум бўлишича, ҳар куни Қирғизистонга 200-300 киши депортация қилинмоқда. Бир қанча одам Россияда ҳибсда сақланаётган эмиш. Ахир меҳнат мигрантларининг аксари оилали, бола-чақали-ку. Нима, улар бизга фақат ватанига пул юбориши ва сайловда қатнашиши учун керак бўладими?” деган Усмонов.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси депутатнинг мигрантлар ёппасига қайтариб юборилаётгани ҳақидаги иддаосини рад этди. Элчихона баёнотига кўра, Владимир Путиннинг 15 июндаги фармонига кўра, жиддий қонунбузарлик содир этмаган чет элликлар 30 сентябрга қадар депортация қилинмаслиги керак.

“Июль ойида Россиянинг барча минтақаларидан умумий ҳисобда 18 нафар Қирғизистон фуқароси депортация қилинди. Уларнинг кўпчилиги қамоқ жазосини ўтаб чиққан. Ҳужжатини йўқотиб қўйганлардан ҳеч бири 30 сентябргача Россиядан чиқариб юборилмайди”, дея маълум қилди элчихона.

Қирғизистон иқтисодиёти мигрантларнинг пул ўтказмаларига боғланиб қолган. Таҳлилчилар мигрантларнинг қайтарилиши мамлакат иқтисодиётига сезиларли таъсир этади, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Қирғизистонда минглаб оилалар муҳтожликда қолиши мумкин.

Расмий қайдларга кўра, бугунги кунда Россияда 700 мингдан зиёд Қирғизистон фуқароси яшайди ва ишлайди. Норасмий ҳисоб-китобларда эса бу рақам миллиондан юқори экани айтилади. 43 мингдан ортиқ қирғизистонликка маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани ва миграция талабларига риоя қилмагани учун Россия ҳудудига кириш тақиқланган.

Оғир жиноят ёки жиддий қонунбузарлик содир этгани учун “қора рўйхат”га тушган хорижликларга Россияга кириш абадиян ман этилади. Маъмурий ҳуқуқбузарларнинг аксари 3-5 йил давомида мамлакатга кира олмайди.

Россиядаги қирғизларнинг асосий қисми қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайди.

XS
SM
MD
LG